09:34 / 29.09.2023
3547

Россия мудофаа харажатларини оширишни режалаштирмоқда

Россия Молия вазирлиги томонидан тайёрланган бюджет лойиҳаси 2024 йилда мудофаа харажатларини жорий йилга нисбатан 68 фоизга - 10,8 триллион рублгача оширишни назарда тутади.

Фото: РИА Новости

Россия 2024 йилда мудофаа харажатларини жорий йилга нисбатан 68 фоизга - 10,8 триллион рублга (тахминан 111 миллиард доллар) оширишни режалаштирмоқда. Буни Россия Молия вазирлиги томонидан тайёрланган 2024 йилги федерал бюджет лойиҳаси тасдиқлайди.

Бундан ташқари, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Украинадаги «махсус ҳарбий операция»ни давом эттириш «катта харажатлар»ни талаб қилишини айтди.

«Бу ерда бундай ўсиш зарур, мутлақо зарур, чунки биз гибрид уруш ҳолатида яшаяпмиз. Биз махсус ҳарбий операцияни давом эттирмоқдамиз. Мен бизга қарши бошланаётган гибрид урушни назарда тутяпман. Бу эса катта харажатларни талаб қилади», — деди Песков журналистларнинг келаси йил бюджети лойиҳасига изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавоб берар экан.

Россия молия вазири Антон Силуанов ўз баёнотида мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ бюджет улуши ортганини маълум қилди.

«Иқтисодиётга харажатлар улушининг камайиши ҳақида гапирганда, эҳтимол бу ҳақиқатдир, чунки мудофаа харажатлари улуши ортиб бормоқда. Бу бизнинг асосий устувор вазифа, деймиз. Лекин номинал кўринишда харажатлар тушмаяпти», — деди у Москва молиявий форумида.

Россия Молия вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида мамлакат бюджетида 2,3 триллион рубл (тахминан 23,5 миллиард доллар) дефицит юзага келган.

Top