Жаҳон | 23:17 / 29.09.2023
8770
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Германияда Олаф Шолц билан музокара ўтказди

Учрашувда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябр куни Берлин шаҳридаги биринчи «Марказий Осиё - Германия» саммити доирасида Германия канцлери Олаф Шольц билан музокара ўтказди.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил май ойидаги Берлинга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланди.

Давлат раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Олаф Шолцни расмий ташриф билан Ўзбекистонга таклиф этди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид