Жаҳон | 13:46 / 29.09.2023
5924
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев: Қозоғистон «Россияга қарши» эмас, балки ҳар томонлама ҳамкорликни мақсад қилган

Қозоғистон раҳбари Қозоғистон Россия билан ҳамкорликдан воз кечаётгани ва Ғарб билан «яқинлашаётгани» ҳақидаги даъволарга изоҳ берди.

Фото: AP

Қозоғистон «Россияга қарши» эмас, балки Россия билан ҳар томонлама ҳамкорлик йўналишига қатъий риоя қилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Берлинда «Казинформ» агентлигига берган интервюсида айтиб ўтди.

Шу тариқа, хусусан, Қозоғистон раҳбари Қозоғистон Россия билан ҳамкорликдан узоқлашаётгани ва Ғарб билан «яқинлашаётгани» ҳақида иддао қилаётган қатор рус оммавий ахборот воситалари ва сиёсий арбобларининг баёнотларига изоҳ берди.

«Қозоғистон «Россияга қарши» эмас, биз Россия билан ҳар томонлама ҳамкорлик йўналишига қатъий амал қиламиз, бизни дунёдаги энг узун чегара бирлаштиради. Ўша матбуот анжуманида таъкидлаганимдек, турли йўналишларда, жумладан, савдо-ҳуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш анъаналарига эгамиз. Санкциялар масаласига келсак, БМТ Бош ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида ва бошқа чиқишларда мен санкциялар қарама-қаршилиги халқаро муносабатларни яхшилаш нуқтаи назаридан мутлақо тескари эканлигини таъкидладим», - деди Тўқаев.

Президент Қозоғистонда санкция чекловларига дучор бўлган товарлар йўқлигини, шунинг учун мамлакат улар билан савдо қилмаётганини таъкидлади.

«Қозоғистон Россияга параллел импорт деб аталадиган нарсада ҳам иштирок этмаяпти. Анъанавий товарлар савдосига келсак, у ўсиб бормоқда ва ўтган йили Қозоғистон-Россия савдоси ҳажми 25 миллиард долларга етди», — деди у.

Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари Остонада «Иннопром» кўргазмаси муваффақиятли ўтганини, унга бош вазир Михаил Мишустин бошчилигидаги Россия вакиллик делегацияси ташриф буюрганини эслатди. 

«Айни пайтда, Қозоғистон санкциялар чекловларини ҳисобга олишга мажбур ва бу борада тегишли халқаро ташкилотлар билан алоқаларни давом эттирмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, дипломатларни Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар учун ўзаро мақбул асос топишга чақирганимга эътибор қаратмоқчиман. Бу жуда муҳим, чунки дунё кўпчилик инсоният учун ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган тўқнашувнинг хавфли нуқтасига яқинлашди», — дея қўшимча қилди Қозоғистон президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид