14:00 / 30.09.2023
7591

Имомали Раҳмон Германия президентини Тожикистонга таклиф қилди

Тожикистон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федератив Республикаси президенти билан учрашувида иштирок этди.

Фото: Reuters

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашувда иштирок этди, дея хабар бермоқда Тожикистон раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда томонларнинг минтақавий ҳамкорлиги масалалари ҳамда «Марказий Осиё ва Германия Федератив Республикаси» саммити кун тартиби муҳокама қилинди. 

Раҳмон мезбон давлат раҳбариятининг самимий учрашуви, йиғилиш ва мулоқот қилиш имконияти яратилганидан мамнунлигини билдирди. 

Учрашувда савдо-иқтисодий соҳаларда минтақавий ва икки томонлама муносабатларни кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. 

Шу билан бирга, саноат, сув-энергетика мажмуи, транспорт, коммуникация ва туризмнинг турли йўналишларига сармоя киритишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳим деб эътироф этилди. 

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида тобора кучайиб бораётган таҳдид ва хавф-хатарлар, жумладан, Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратилди. 

Тожикистон давлати раҳбари мамлакатнинг мавжуд имкониятлари ва салоҳияти, жумладан, ўзаро манфаатли устувор йўналишлар масаласига ҳам алоҳида урғу берди. 

Суҳбат якунида Имомали Раҳмон Германия Федератив Республикаси президентини ўзи учун қулай вақтда Тожикистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди. 

29 сентябр куни Берлинда «Германия – Марказий Осиё» саммити бўлиб ўтди, унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Германиянинг юқори даражадаги расмийлари – Германия канцлери Олаф Шолц ва президент Франк-Валтер Штайнмайер билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. 

Бу «Германия – Марказий Осиё» форматидаги биринчи саммитдир. 

Top