27-29 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида иқлим ўзгариши бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатларидан бир қанча расмий вакиллари, журналистлар ҳамда халқаро ташкилотлардан мутахассислар иштирок этди.

Конференция доирасида қатор мавзуларда панел сессиялари ташкил этилди. Худди шу сессиялардан бирида қатнашган табиат ресурслари ва иқтисодиёт бўйича халқаро эксперт Рикс Бош Kun.uz мухбирига “Толибон” ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа канали ҳамда унинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапириб берди.

Рикс Бош

Рикс Бошнинг айтишича, бу лойиҳанинг Ўзбекистонга салбий таъсири ижобийсидан кўпроқ, унинг реализацияси катта миқдордаги сувнинг исрофига, қишлоқ хўжалигида сув танқислиги ҳамда сув нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

“Қўштепа каналининг қурилиши – жуда қизиқ мавзу. Биринчи бўлиб 1950 йилда мазкур лойиҳага инглизлар, кейинроқ руслар қизиқиб, унинг устида ишлаб ҳам кўришганди. Сўнг охирги нуқтада америкаликлар бир “силжитиб кўрмоқчи” бўлишди. Кейин эса буни Афғонистон амалга оширадиган бўлди. Гарчи, уларнинг бунга маблағи мавжуд бўлмаса-да. Канални қуриш муаммо эмас, энг катта муаммо каналдаги йўқотишлар билан боғлиқ.

“Толибон” каналга Амударё сувининг 20 фоизини юборишни режалаштирган. Агар шундай қилинса, Хоразм ва Қорақалпоғистон Амударёдан фойдаланишни 50 фоизга қисқартириши керак бўлади. Бир ўйлаб қараганда, бунга самарадорликни ошириш орқали қисман эришиш мумкин, аммо фермерлар учун яхшигина танқислик юзага келади. Нима бўлганда ҳам бунда Ўзбекистон азият чекади.

Юқорида айтганимдек, канал қуриш осон, суғориш тизимини қуриш эса 10 баробар қийин. Толибон ҳукумати буни қила оладими ёки йўқ, жавоб олиниши керак бўлган энг катта савол ҳам шу. Бу қурилишнинг асосида иншоотларини барпо қилиш методологияси туради. Эшитилиши жуда оддий, яъни шунчаки қазиш керак деб ҳисоблайсиз. Аммо бунда сув миқдорини аниқлаш учун суғориш схемаси жуда аниқ ва батафсил ишлаб чиқилиши керак. Бу эса ўйланганидан анча мураккаброқ.

“Толибон” қийинчиликларга дуч келади, деб ўйлайман. Айтайлик, суғориш учун қаторларда сув очиб қўйилади, ҳар бир қаторга тенг равишда сув тақсимлай олиш жуда қийин. Буларнинг ҳаммасини бошқариш осон эмас, толиблар канал қуришдан кўра, уни ишлата олишига кўпроқ куч сарфлаши керак бўлади. Агар бу тизим ишлаб чиқилмаса, канал бўйлаб камида 30-40 фоиз сув исроф бўлиши мумкин.