“Германия Марказий Осиё бўйича алоҳида стратегияга эга” — экспертлар билан суҳбат
2023 йил Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё ташқи сиёсатида юқори фаоллик сезилмоқда. C5+1 форматидаги мулоқот доиралари сони ўндан ошди. Куни кеча бу рўйхатга Германия ҳам қўшилди.
29-30 сентябр кунлари Берлинда биринчи Марказий Осиё-Германия саммити бўлиб ўтди. Саммитнинг аҳамияти ва у бўлиб ўтган геосиёсий контекстни муҳокама қилиш мақсадида студиямизга сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этдик.
— Германия-Марказий Осиё муносабатларининг ўзагида қандай манфаатлар мавжуд?
Фарҳод Толипов: — Германиянинг Марказий Осиёга нисбатан ўз қарашлари, стратегияси доим бўлган. ЕИнинг энг кучли давлатларидан бўлган Германия 90-йиллардан бошлаб Марказий Осиёга қаратилган махсус стратегия ишлаб чиқиб ҳаракат қилган. Тартиблаштирилган махсус ҳужжат 2008 йилдан бошлаб ЕИнинг Марказий Осиё стратегияси деб юритила бошланган. Шу стратегиянинг ишлаб чиқилишида Германия ташаббускор бўлган. 2019 йилда қабул қилинган янги стратегияда ҳам айнан Германия ташаббус кўрсатди.
Тарихдаги империялар ўртасидаги кураш даврида ҳам Германиянинг Марказий Осиё, Афғонистонга нисбатан ўз қарашлари, позицияси бўлган. Умуман, ҳар доим Германия Марказий Осиёга муҳим минтақа сифатида қараган.
Ўзбекистон ва Германия муносабатлари кенг қамровли. Статистик маълумотларда ҳам кўриш мумкин: Ўзбекистон ташқи савдосида ЕИ давлатлари ичида Германия биринчи ўринда турибди. Шунингдек, Германия энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади.
Камолиддин Раббимов: — Германия – ЕИдаги Ўзбекистон билан жуда вазмин ва ишончли муносабатлар тарафдори бўлган давлат. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг коллектив Ғарб Ўзбекистонга санкциялар қўлламоқчи бўлганда, Германия буни қўллаб-қувватламаган ва қўлланган санкцияларни тезроқ олиб ташлаш тарафдори бўлган. Аҳоли сони бўйича ЕИдаги энг катта давлат Германия ҳисобланади, тахминан 80 млндан ошиқ. ЕИнинг иқтисодий лидери.
Германия Марказий Осиё бўйича янги ташаббуслар кўрсатяпти. Ўтган ҳафтада Европа Иттифоқи эмас, ўз номидан 5 та давлатни таклиф қилди. Марказий Осиё давлатлари президентлари билан ёпиқ эшиклар ортида мулоқот бўлди.
Биринчи контекст Украинадаги уруш бўлган, менимча. Кейинги масала эса Хитой ва Россия тандеми шаклланаётган бир даврда Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни кучайтириш. Бу икки давлатнинг минтақамиз давлатларидаги иқтисодий улуши, таъсири катта, шунинг учун бу улуш камайтирилмас экан, табиий равишда геосиёсий таъсир бўлаверади. Шу сабабли мувозанатни сақлаш учун АҚШ ва ЕИнинг минтақа билан ҳамкорлиги ошиб бориши мақсад қилиняпти.
— Марказий Осиё давлатлари сўнгги вақтларда бир субъект сифатида глобал ҳамжамият билан мулоқотга киришяпти, бу нимани англатади?
Фарҳод Толипов: — Марказий Осиё давлатларининг ички формати ҳам бор, дейлик, маслаҳатлашув учрашувлари. Бундай C5+1 форматида мулоқотлар кўпаяётгани Марказий Осиё яхлит минтақа сифатида намоён бўляпти, деган фикр берса-да, лекин минтақанинг ўзи яхлит субъект эканини тўлиқ расмийлаштирмаяпти (келишувга Тожикистон ва Туркманистоннинг имзо чекмаётгани назарда тутилмоқда – таҳр.). Душанбедаги маслаҳат учрашувининг қўшма баёноти ҳали чоп этилмаяпти, аниқ бандларини билмаймиз ҳали.
Марказий Осиё давлатлари билан бўлаётган C5+1 мулоқотлари бир-бирига мос эмас. АҚШники бошқача, Россия ва Хитойники бошқача. Икки қудрат ўртасида жойлашиб қолгани учун кучли геосиёсий тўлқинда бўлади, шунинг учун шундай ҳаракатланишга мажбур деган қарашлар ҳам мавжуд. Агар аниқ манфаатларга кўз ташласак, Украина контекстида Марказий Осиё янгича кўриниш касб этяпти, транспорт-логистика учун асосий йўл бўляпти. Хитойнинг лойиҳалари бунга мисол.
АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан қизиқишини Афғонистон билан боғлашарди илгари. Лекин Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида Марказий Осиё Афғонистон контекстидан қатъи назар муҳим аҳамиятга эга экани белгилаб қўйилган.
Камолиддин Раббимов: — Менимча, глобал геосиёсий контекст мавжуд. Бир томондан АҚШ, иккинчи томондан ХХР ўртасидаги стратегик тирашув ошиб бораверади. Хитой учун денгизга муқобил бўлган Европага борадиган транспорт-логистика йўллари ниҳоятда муҳим, Пекин миллиардлар сарфлашга тайёр, лойиҳалар бор. Мана шу лойиҳалар Марказий Осиёдан ўтади. Келажакда АҚШ ва Хитой зиддиятлари ортидан денгиз йўли номақбул бўлиб қолса, асосий иқтисодий-савдо йўли Марказий Осиёдан ўтишини таъминламоқчи.
АҚШ ва Хитой тирашуви ошиб борар экан, Марказий Осиё аҳамияти янада ошади. Хитой ва Россия тандеми минтақа устидан назорат ўрнатмаслигига йўл бермаслик масаласи ҳам туради. Марказий Осиё Хитой ва Россия билан ҳамкор бўлишни истайди, лекин иқтисодий ва геосиёсий мустақиллик нуқтайи назардан бу икки давлат минтақа учун хавфли. Шундай рақобат кайфияти шаклланяпти. Айни пайтда Марказий Осиё савдо-иқтисодий ва бошқа ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиб, мувозанатни шакллантиришга интиляпти.
· Тўлиқ суҳбат билан видео тарзида танишишнгиз мумкин.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
17:38 / 04.11.2024
Германияда Алишер Усмоновга нисбатан тергов тўхтатилди
19:21 / 01.11.2024
Охунзода ва Ҳаққоний қарама-қаршилиги: «Толибон» раҳбариятида низо авж олдими?
21:37 / 31.10.2024