IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин
Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистонда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича қарор лойиҳасини ҳукуматга киритган.
Ўзбекистонда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин. Хусусан, хориждан келганлар учун IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтириш режалаштирилмоқда. Тегишли қарор лойиҳасини Рақамли технологиялар вазирлиги ҳукуматга киритган.
«Тегишли вазирликлар билан келишган қарор лойиҳаси ҳозир ҳукуматда турибди. Ўзгаришларнинг ҳаммасини санаб ўтмайман, битта-иккитасини санаб ўтаман. Масалан, чет элдан келган фуқаролар SIM-картаси 30 кунда ўчиб қоларди, ўша муддат узайтириляпти», деди вазирликнинг Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев.
Унинг сўзларига кўра, FaceID технологияси орқали IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда 2019 йил апрелидан буён мобил қурилмаларни IMEI-код орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими ишламоқда. 2019 йил 1 декабрдан буён тизим пуллик ҳисобланади.
Қоидага кўра, Ўзбекистон ҳудудига кирган шахслар ўз мобил қурилмаларини IMEI-код орқали рўйхатдан ўтказиши шарт. Бунинг учун 30 кун мухлат берилади. Муддат тугагач, қурилма эгаси ундан фойдалана олмайди.