Оқ фосфор тез ёнувчи модда бўлиб, ҳарбийлар одатда ундан ҳудудларни белгилаш мақсадида фойдаланишади. Аммо у одамларда кучли куйиш келтириб чиқариши ҳам мумкин. Шу боис, фосфордан одамлар кўп тўпланадиган ерда фойдаланиш жуда хавфли. Кислород билан қўшилган фосфор жуда бадбўй ва захарли оқ тутун чиқаради.

HRW ҳисоботида ташкилот Ғазо ва Ливанда Исроил томонидан оқ фосфорли артиллерия снарядлари ишлатилганини исботловчи видеотасвирлар олгани айтилган. Шунингдек, ҳисоботда AFP нашрининг Ғазода олган суратига эътибор бериш ҳам сўралган. Суратда ҳаводаги оқ чизиқларни кўриш мумкин.

«Дунёнинг одамлар энг зич яшайдиган жойлардан бири бўлмиш Ғазода оқ фосфордан фойдаланиш халқаро нормаларга зид бўлиб, тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди», дейилади ҳуқуқбонлар ҳисоботида.

Reuters нашрининг бу борадаги сўровига жавобан исроиллик ҳарбийлар Ғазода оқ фосфорли қуролдан фойдаланилгани ҳақида маълумот йўқ эканини маълум қилган. Бундай қуролдан Ливанга зарба беришда фойдаланилган ёки йўқлиги ҳақида эса индашмаган.

2013 йилда Исроил томони оқ фосфордан ортиқ фойдаланмаслиги, «фавқулодда ҳолатлар эса бундан мустасно» эканини иддао қилганди. Халқаро ҳуқуққа кўра, оқ фосфордан тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда фойдаланиш тақиқланган. Аммо ундан тутунли ҳалқа яратиш мақсадида фойдаланиш мумкин.

Ўлимга олиб келадиган куйиш

Халқаро уруш қоидаларига кўра, оқ фосфордан жанг майдонида фақат тутунли ҳалқалар яратиш, ёритиш, нишонларни белгилаш ва ҳарбий объектларни ёқиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Бундай мақсадларда ишлатилаётган оқ фосфор кимёвий қурол ҳисобланмайди ва бу борадаги халқаро конвенциялар уни тақиқламайди. Аммо бу модда инсон танасида ўлимга сабаб бўладиган куйишга олиб келиши ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин.

Human Rights Watch маълумотида айтилишича, оқ фосфордан жуда кичик куйиш жароҳати олганлар ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Кислород тугагунча ёнадиган бу модда келтириб чиқарган яра боғлами очилиши билан у яна ёна бошлаши мумкин.

Исроил авиазарбалари оқибатида Ғазо секторида бир ҳафта ичида 2,2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди

Ташкилот ҳисоботида оқ фофсор ҳаводаги портлаши оқибатида 250 метр диаметрдаги ҳудудга тарқалгани акс этган видео айниқса хавотирли экани айтилган.