Ўзбекистон | 19:54 / 17.10.2023
43778
6 дақиқада ўқилади

“Энг ёмон сценарийларга тайёр бўлиш керак” — экспертлар Қўштепа канали ҳақида

Ўтган ҳафта, 11 октябр куни Афғонистонда 280 км, эни 100 метр бўлиши кутилаётган Қўштепа канали қурилишида 2-босқичга старт берилди.

Kun.uz мухбири яна бир бор мавзуга қайтди ва давом этаётган қурилиш, лойиҳа ортидаги кучлар, унинг Ўзбекистон учун энг оддий ва жиддий оқибатлари, бу борада икки томонлама мулоқотлар бориши ҳақида суҳбат ўтказди.

Суҳбат меҳмонлари Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, Болоня университети магистри, гидролог Собиржон Қодиров ва сиёсий таҳлилчи Сухроб Бўронов бўлди.

— Усмон ака, сиз билан бундан ўн ой аввал Қўштепа канали қурилишининг ҳали биринчи босқичи давом этаётган кунларда гаплашган эдик. Эсимда, ўша суҳбатда сиз канал қурилишига тўсиқ бўладиган кўплаб муаммолар ҳақида гапиргандингиз. Аммо кўрдикки, “Толибон” 10 ой ичида нафақат муаммоларни енгиб ўтиб, каналнинг биринчи босқичини қуриб тугатди, балки иккинчи босқичга ўтишга ҳам улгурди. Хўш, ишлар бундай ривож топишини кутганмидингиз ё қурилиш сиз кутмаган тарзда жуда тез кетяптими?

Усмон Норқулов:

— Чиндан ҳам “Толибон” ишни жуда тезлаштириб юборди. Ишлар бошланишидан аввал канал лойиҳаси учун 4-5 йил керак бўлиши айтилганди, ҳисоб-китоблар ҳам шунга олиб борарди. Лекин улар бир йилдан сал ошиқ вақтда ишларнинг деярли 50 фоизини бажаришди. Аммо эсдан чиқармаслик керакки, бу тезлашиш ҳали канал битди дегани ҳам эмас, бунда каналнинг фақат ўзани олинди. Канал ҳали оддий тупроқ ўзанда турибди. Ҳар қандай канал қурилиши талабларига кўра, унга қўшимча бир қанча иншоотлар ҳам бўлиши, қурилиши керак. Бундан ташқари, қўшимча тармоқ каналлар қазиш, массивларда яна ички тармоқлаш қазиш ишлари ҳам бор. Бу лойиҳалар ҳақида ҳали маълумотлар йўқ. Лекин ишлар тахмин қилинганидан тезроқ кетаётгани рост.

— Ҳозир шундай маълумотлар борки, афғон томони Қўштепа канали орқали келгусида 600-650 минг гектардан зиёдроқ майдонни суғориш учун сув олиши мумкин. Аммо бир муддат аввал сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz сайти учун интервю бериб айтдики, ундаги маълумотлар бўйича сув 300-350 минг гектар учун олиниши мумкин.

Олим сифатида таҳлилларингиз қизиқ, 300 минг гектар учун сув олинганда Амударёнинг имконияти қанда-ю, 600 минг ва ундан ортиқ майдон учун сув олинса, бунинг биз учун оқибатлари қандай бўлади?

Усмон Норқулов:

 — Ҳа, қурилаётган канал сиғими анча катта. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, унинг сиғими 600 минг гектарга етадиган сувни бемалол ўтказа олади, самарали фойдаланилса, бундан ҳам кўпроқ бўлади.

Унда Амударё сувининг камида 15 фоизи олинади. Аммо канал жойлашган шароитдан келиб чиқса, олинаётган сувнинг катта қисми тупроққа сингиб кетиши, парланиб кетиши мумкин ва фойдали иш коэффициенти кам бўлади. У ер тупроқларининг геологик хусусиятлари бизга маълум.

300 минг гектарга сув олинса, нисбатан камроқ бўлади. Лекин кўпроқ олинса, Туркманистонга, бизнинг дарё қуйи қисмида жойлашган вилоятлар ва Қорақалпоғистонга салбий таъсир кўрсатади. Камида 15 фоиз олади деяпмиз, лекин шундоғам 15 фоиз атрофида сувимиз камайиб кетган, табиий омиллар ва сувга талаб кучайгани учун. Оқибатда фақат бизнинг озиқ-овқат етиштиришимизга эмас, бошқа таъсирларга ҳам эга бўлади. Қайтараман, бу канал орқали олинадиган сув ҳажмининг ошиб бориши биринчи навбатда Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон ва Сурхондарё ҳудудларига жиддий салбий таъсир қилади.

Собиржон Қодиров:

 — Бу лойиҳанинг бошланиши биз учун ҳеч қандай яхшилик аломати эмас. Узунлиги деярли 300 км, кенглиги 100 метр ва чуқурлиги 8 метрли канал дегани бу Қўштепа. Бу дегани афғонлар канал орқали Амударёнинг ярмидан кўп сувини олиш мумкин дегани. Амударёнинг ҳозирги ҳолатига оддий 50 куб сув тортадиган канал ҳам салбий таъсир қилади. Масалан, Туркманистондаги Қорақум канали 500 куб сув олади, у Амударё тармоғидан энг катта канал. Туркманистонни деярли сув билан таъминлайди. Қўштепа эса ундан ҳам катта, яъни 600 куб олишмоқчи. Бунча сув билан Афғонистоннинг ярмидан кўпини суғориш мумкин. Нишаблик тўғри келса, кетаверади сув, яхшиямки ҳозирги каналда олдинги томонлар бироз баландроқ.

Оқибат ҳақида сўраяпсиз, хўш, унинг оқибати биринчи навбатда Қашқадарё-Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонга таъсир қилади. Қашқадарёдаги Қарши магистрал канали (Талимаржонга (с.о.) қуйилади), Аму-Бухоро канали, Сурхондарёда яна 2 та канал ва шу каби бизнинг тармоқ каналлар бор. Амударёда сув сатҳи пасайгач, бизнинг насос станцияларга сув келмай қолади. Бу дегани сув тортолмайди каналларимиз. Бундай ҳолатда Афғонистоннинг суви олишига қараб, ижтимоий, сиёсий, озиқ-овқат ва бошқа масалаларда муаммоларимиз пайдо бўла бошлайди. Халқимизнинг асосий тирикчилиги деҳқончиликдан. Бу лойиҳанинг бошида турганлар бу нарса биз учун қандай оқибатларга олиб келишини жуда яхши билади деб ўйлайман. Хуллас, ҳали биз таҳлил ҳам қилмаган, кутмаган оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин бу лойиҳа. Ҳали бошланиши бу.

Амударёнинг ўртача сув сатҳи 2,5 минг куб. Унинг 80 фоиз сувини Панж ва Вахш дарёлари беради. Вахш Тожикистонда, Панж эса Афғонистон ва Тожикистон ҳудудида. Панж дарёси 1,3 минг куб сув беради. Чирчиқ дарёси 221 куб, Қўштепа канали шундан 3 баробар катта бўлади.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид