Ўзбекистон | 19:29 / 17.10.2023
6203
2 дақиқада ўқилади

Хонободлик тадбиркор: «Чегара очилгач қирғизистонлик сайёҳлар оқими кўпайди»

Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси давом этмоқда.

Сессияда қатнашаётган Андижон вилояти Хонобод туманидан ташриф буюрган Эркиной Абжамилованинг айтишича, шаҳарнинг Қирғизистон билан чегарасидаги Бек-Обод божхона пункти очилиши сайёҳлар оқимига ижобий таъсир кўрсатган.

Андижонлик тадбиркор Эркиной Абжамилова

«Мен Эркиной Абжамилова. Миллатим қирғиз. Хонобод туманида тадбиркорлик билан шуғулланаман. Туманимиздаги 800 метр баландда жойлашган ҳудудда этно-кафе очганман. У ерда қирғиз миллий таомлари, ўзбекча таомлар тайёрланади. Сайёҳларга бошқа хизматлар ҳам кўрсатилади.

Хонобод туманидаги «Олтин Ўрдо» этно-кафеси

Қирғизистон билан чегарадаги Бек-Обод божхона чегара пости очилганидан кейин бизга сайёҳлар оқими сезиларли кўпайди. Бу бизга тадбиркорликни янада ривожлантириш учун туртки ҳам бўлди.

Ҳозир Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти билан сайёҳликни ўзаро ривожлантириш бўйича меморандум имзоладик. Қирғизистондан Андижонга кўплаб саёҳлар даволаниш мақсадида ҳам келмоқда. Менимча, саёҳлар оқимини янада оширишга имкониятларимиз бор», дейди хонободлик тадбиркор.

Маълумот учун, Кампиробод сув омбори яқинида жойлашган Хонобод шаҳри Ўзбекистоннинг энг шарқий ҳудуди ҳисобланади. Бу ҳудуддан Буюк ипак йўлининг бир қисми ўтган.

Бек-Обод божхона чегара пункти очилиши
Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги

Хонобод ва Қирғизистон ўртасидаги Бек-Обод божхона чегара пункти 2009 йилда ёпиб қўйилганди. 2023 йил сентябр ойида эса 14 йил давомида ёпиқ бўлган чегара пункти очилиб, ҳар икки давлат фуқароларига ID-карта орқали кириб-чиқишга рухсат берилди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид