Жаҳон | 19:34 / 18.10.2023
20307
6 дақиқада ўқилади

“Жуда эҳтиёткор” — экспертлар Туркиянинг Фаластин-Исроил можаросига муносабати ҳақида

Эрдўған ҳокимиятга келгач, Туркиянинг Исроилга бу масаладаги муносабати кескинлашган бўлса-да, расмий Анқаранинг ташқи сиёсатида хавфсизлик биринчи ўринда туради.

Kun.uz ҲАМАС-Исроил уруши атрофидаги вазиятни сиёсатшунослар билан таҳлил қилишда давом этади. “Геосиёсат” дастурининг бу галги сонида сиёсатшунослар Ҳабибуллохон Азимов ва Равшан Ғозиев Фаластин–Исроил можаросида Туркиянинг позицияси ҳақида сўз юритди.

— Дастлаб Туркия ва Фаластин муносабатларига тўхталсак.

Равшан Ғозиев: — Туркия ва Фаластин муносабатларида тарихий ва диний омиллар устунлик қилади. Тарихий омил – Фаластин ҳудуди ўз вақтида Усмонли турклар давлатига киргани. Усмонлилар империясининг охирги даврларида араб миллатчилиги кучайиб, ҳудуддаги араблар Британия ёрдамида туркларга қарши кураш олиб боради. Шунинг учун айрим турк тарихчилари арабларни туркларга хоинлик қилишда айблайди. Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк “Яқин Шарқ туркларга ватан бўлмайди”, дейди. Туркия дастлабки республика бўлган пайтларида Яқин Шарқ масаласига деярли эътибор қаратмайди ва фақат Ғарбга йўналган сиёсат олиб боради.

БМТ 1947 йилда Фаластин ва Исроил давлатлари ташкил топиши бўйича резолюция қабул қилади, бунга Туркия қарши бўлади, яъни Исроил давлати ташкил топишига. Лекин 1948 йилда Исроил давлати тузилган бўлса, 1949 йилдаёқ мусулмон давлатлар ичида биринчи бўлиб Туркия Исроилни тан олади. Бу нарса ўша даврдаги Совуқ уруш оқибатида икки қутбли дунё шаклланиши билан изоҳланади, яъни Туркия Ғарб тарафда бўлган. 1950 йилда Исроил билан дипломатик алоқалар ҳам ўрнатади. Шундан сўнг 1952 йил февралида Туркия НАТОга киради.

1956 йилдаги Сувайш инқирозида, яъни Мисрнинг Сувайш каналини миллийлаштириш дастурига Англия ва Франция қарши чиқади, шунда ҳам Туркия Англия ва Франция тарафини олади. Умуман, Туркия узоқ йиллар Исроил тарафда бўлган дейиш мумкин. Ўша пайтда Исроилга қарши асосий араб давлатларидан бири Миср эди. Лекин ҳозирда Исроилнинг энг яқин иттифоқчилардан бири Миср ҳисобланади.

Фаластин масаласи фақат ҲАМАС муаммосидан иборат эмас. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига исроилликлар кўчиб келяпти, Суриянинг Жўлан тепаликлари ва Қуддус масалалари бор. Туркия Фаластиннинг ягона бир бутун давлат бўлишини истайди. ҲАМАС 2006 йилдан марказий ҳукуматга бўйсунмайди, Ғазо секторини алоҳида идора қилади. Туркия 1967 йилги чегараланишни тан олиб, Исроил ва Фаластин икки алоҳида давлат бўлишини қўллаб-қувватлайди.

2000 йиллар бошида Масжидул Ақсодаги зўравонликлардан кейин Туркия ва Исроил муносабатлари совиган. 2002 йилда Эрдўған ҳокимиятга келгач, Исроилга қарши чиқишлар қилиб, ўз позициясини кўрсатади.

Ҳабибуллохон Азимов: — Туркия ва Исроил муносабатларини тушуниш қийин. Яҳудийларнинг Усмонлийлар империясидаги тарихи ҳам асосий нуқталардан бири. 1492 йилда Апеннин яриморолидаги мусулмон ва испан яҳудийларига католик динини қабул қилиш мажбурияти қўйилади. Шунда Боязид II 200 мингга яқин испан яҳудийларини Истанбул, Измир ва бошқа шу каби шаҳарларга жойлаштиради.

Усмонийлар империяси 1517 йилда Қуддусни назоратга олгач, Фаластин ҳудудларида 400 йил давомида ҳукмронлик қилади. 1917 йилда Қуддус урушида инглизларга мағлуб бўлган Усмонийлар қўшини шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Шундан кейин Фаластин ҳудуди инглизлар назоратига ўтади. Мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар учун Қуддус муқаддас жой саналгани учун унга доим эгалик қилишга уринишган.

Яқин Шарқда Туркия ва Исроилнинг манфаатлари кесишадиган нуқталар бор. Суриядаги Асад тизимининг кетишидан Туркия ҳам, Исроил ҳам манфаатдор. Яъни уларнинг минтақавий сиёсатда муштарак нарсалари бор.

— Ҳозирги реал вақтда Туркиянинг позицияси қандай?

Ҳабибуллохон Азимов: — Туркия бу можароларда бетараф туролмайди. Мусулмон дунёсида Эрдўған ҳокимияти остидаги Туркия қутқарувчи бир давлат сифатида кўрилади. Айни муаммода ҳам Туркиянинг таъсири борлиги эътироф этилади. Шуни ҳисобга олиб, Эрдўған мамлакат ичидаги ва мусулмон дунёсидаги обрўсини сақлаб қолиш учун масалага жиддий ёндашяпти. Эрдўған чиқишларида 2006 йилдан бери иқтисодий, сиёсий блокадада бўлган Ғазо секторини очиш ҳақида гапиради. 2010 йилда ҳуманитар ёрдам олиб кетаётган кема ҳалокатга учраганда, унда 10 нафар туркиялик бўлгани учун Туркия Исроил билан дипломатик алоқаларни энг паст даражага туширади ва 3 та шарт қўяди: Исроил ҳукумати кечирим сўраши, вафот этган 10 киши оиласига моддий бадал тўлаши ва Ғазо секторидаги блокадани бекор қилиши. Исроил иккита шартни бажарган, лекин блокадани очмаган.

Умуман, Туркия ҳозирги вазиятда дипломатик йўллар билан муаммони ҳал қилиш тарафдори. Лекин Қуддус масаласида Туркия қаттиқ туради барибир.

Исроил Мисрга Синай яриморолини қайтариб бераётганда Ғазо секторини олишни ҳам таклиф этган, лекин Миср кўнмаган. Миср ҲАМАС каби кучларни миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўради. Ҳозирги можароларда ҳам Миср Ғазо билан ўртадаги ўтиш пунктини ёпиб қўйди. Туркия бу борада Миср билан музокара олиб бориб, битта постни гуманитар ёрдамлар учун очди. Бу ҳам Туркиянинг Яқин Шарқдаги сиёсатининг бир ютуғи дейиш мумкин.

Равшан Ғозиев: — Туркия Исроил масаласида жуда эҳтиёткор сиёсат юритади. Эрдўған қаттиқ танқидлар билан чиқиши мумкин, лекин расмий баёнотларда эҳтиёткорлик, вазминлик бор. Туркия Эрдўған даврида бу масалаларда фаоллашганига сабаб – ҲАМАС идеологик жиҳатдан ҳозирги Туркия ҳукуматига яқин. Дастлаб ҲАМАС “Мусулмон биродарлар”нинг Ғазодаги бўлими сифатида кириб келган эди, кейинчалик ҳозиргидек ҳаракатга айланиб кетди. Туркия идеологик жиҳатдан яқин бўлгани учун ҳам ҲАМАС лидерлари билан доим мулоқотда бўлган. Лекин Исроил масаласида вазминлик кўрсатади барибир.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид