Ўзбекистон | 11:46 / 18.10.2023
9701
2 дақиқада ўқилади

Россия элчиси Самарқандда РФ бош консуллиги қачон очилишини айтди

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов Самарқандда Россия Федерацияси бош консуллиги қачон очилишини маълум қилди.

Фото: ТАСС

Октябр ойи бошида Москвада бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Давлат раҳбарлари иштирокида икки давлат ҳукуматлари ва вазирликлари томонидан қабул қилинган 10 та ҳужжат алмашилди, жумладан, Россия Федерациясининг Самарқанд шаҳрида бош консуллигини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

«Сўнгги пайтларда Самарқандда кўплаб муҳим тадбирлар бўлиб ўтмоқда: ҳам Россия-Ўзбекистон, ҳам халқаро ташкилотлар – ШҲТ ва МДҲ доирасида. Шаҳар нафақат республиканинг сиёсий платформасига айланди, балки унинг маданий ва сайёҳлик пойтахти ҳисобланади. 2023 йилда Россиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими деярли икки баравар кўпайди», — деди россиялик дипломат. 

Унинг сўзларига кўра, бу омилларнинг уйғунлашуви минтақадаги Россия фуқароларига консуллик ёрдамини янада жадаллаштиришни талаб қилади. 

«Шу нуқтаи назардан, Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясининг бош консуллигини очиш бўйича мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишув Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги изчил кенгайиб бораётган ҳамкорликнинг муҳим босқичидир. Бу йўлда биринчи ва энг муҳим қадам қўйилди, меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд, энди иқтисодий ва маъмурий қисм қолди: тегишли бино излаш, ходимларни ёллаш ва ҳоказо. Албатта, бу жараёнда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан, республика раҳбариятидан, шаҳар ҳокимлигидан яқин келажакда Россиянинг янги институти эшикларини очиш бўйича ёрдам берилишига умид қиламиз», - дея хулоса қилди элчи. 

Мавзуга оид