Ўзбекистон | 17:45
1067
3 дақиқада ўқилади

“АҚШга мурожаатингиздан хурсандмиз” - Шердор реставрациясига 500 минг доллар ажратилди

Самарқандда Шердор мадрасасининг реставрация биринчи босқичи якунига бағишланган тадбир ўтказилди. Бутун жараён 2028 йилда якунланади. Бунинг учун АҚШ 500 минг доллар ажратди. Америкага мурожаатингиздан хурсандмиз, дейди давлат котиби ўринбосари Сара Рожерс расмий тадбирда чиқиш қиларкан.

Бу жамғарманинг Ўзбекистон учун тақдим этган энг катта гранти бўлмоқда. Биринчи босқичда Шердор мадрасасининг фасади мана бу қисми, яъни Куфий хаттот битиги реставрация қилиб бўлинди. Жами ишлар эса кўпроқ мадраса пештоқи билан боғлиқ.

- Бундай лойиҳалар ўзи қанчалик муҳим?

“Реставрациядан ҳайратдаман ва буни ўз кўзим билан кўриш, албатта, бунга арзийди. Мозаикаларни йиғишда қўлланган анъанавий қоришма усули шунчалик пухтаки, деярли чоксиз кўринади. Ўзбекистон ўз миллий ўзлиги ва тарихи учун шундай муҳим бўлган ишларда Американи танлагани - ажойиб. Бу менинг портфолиомдаги энг севимли ишларимдан бири, чунки мен кўплаб маданий ташаббусларни назорат қиламан, бироқ Самарқанд каби вақт синовидан улуғворлик билан ўтадиган маданий обидалар жуда кам”, - дейди Сара Рожерс.

Регистонда реставрация ишларининг биринчи қисми якунлагани муносабати билан расмий тадбир ҳам ўтказилди. АҚШ Ўзбекистонни, хусусан унинг мустақил ва ҳудуди яхлит эканини қўллаб келган, деди элчи Жонатан Хеник.

“Шердорни бутун дунё учун асраб авайлашда Ўзбекистоннинг ёнида бўлиш - Америкага ёқади”, дейди элчи.

Совет даврида пештоқдаги Куфий ёзуви ўқиб бўлмайдиган аҳволга келганди, деди АҚШ давлат котибининг жамоатчилик дипломатияси бўйича ўринбосари Сара Рожерс.

“Ўзбекона ғурур тимсоли бўлган жойни реставрация қилиш бўйича АҚШга мурожаат қилганингиздан хурсандмиз. Умумий цивилизация ҳақида кўп гапирамиз, чуқур илдиз отган қадриятларимиз келажакка ҳам йўналтирилган. Бу мадрасада таҳсил олган ва улуғвор санъатдан илҳомланган талабалар замонавий дунёни яратади, бу ғояни эса Америка ҳам ҳимоя қилмоқда. Реставрация бўйича бирга ишладик, америкаликлар илғор тажриба ва стандартларини олиб келди, ўзбек ҳурармандлари ҳам билимини тақдим этди”, - дея таъкидлади давлат котиби ўринбосари.

Делегация реставраторлар билан мулоқот қилди, Шердор бўйлаб экскурсияда бўлди.

Ўзбекистонга сафарингиз давомида расмийлар билан кўришяпмиз, энг катта хабарингиз нима?

“Алоқаларимизда жуда ҳаяжонли давр. Ўзбекистоннинг C5+1 форматидаги етакчилигини кузатишдан қувонамиз. Шу ҳафта охирида маданият вазирларининг учрашувига мезбонлик қиламиз. Бунданам қизиқарлироқ суҳбат қуришни режалаяпмиз”, - дейди Сара Рожерс.

Эслатиб ўтамиз, жамғарма ҳозирга қадар 1200 дан ортиқ маданий мерос объектлари бўйича лойиҳаларни молиялаган. Унинг фаолиятини эса АҚШ Давлат департаменти тартибга солади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид