Ўзбекистон | 21:50 / 20.10.2023
10593
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг «Технониколь» компанияси Ўзбекистонда 160 миллиард сўмлик завод қуради 

Корхонада иссиқлик изоляцияловчи плиталар ишлаб чиқарилади. 

Фото: Технониколь

Россиянинг қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи «Технониколь» компанияси Ангренда завод қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган. 

Иссиқлик изоляцион материалларини ишлаб чиқарувчи завод 2025 йил бошидан ишга тушиши режалаштирилмоқда. Лойиҳага камида 1,3 миллиард рубл (160 миллиард сўм) сармоя киритилиши назарда тутилган. Завод йилига 300 минг куб метрга яқин тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. 

«Корхона Ўзбекистон қурилиш бозорини замонавий, ишончли ва сифатли материаллар билан таъминлайди, уларга минтақада эҳтиёж сезилади», деди «Технониколь» компаниясининг ҳаммуассиси Сергей Колесников. 

«Технониколь» 1992 йилда Сергей Колесников ва Игор Рибаков томонидан ташкил этилган. 2020 йилда Forbes рейтингига кўра у Россиянинг энг йирик хусусий компаниялари орасида 115-ўринни эгаллади. «Технониколь» турли мамлакатларда, жумладан, Россия, Беларус, Литва, Италия, Полша, Буюк Британия ва Германияда ишлаб чиқариш заводларига, шунингдек, илмий бўлимлар, ваколатхоналар ва ўқув марказларига эга. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид