Шанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Челси – Арсенал 2:2
Голлар: 1:0 – 15, пеналти Палмер, 2:0 – 48 Мудрик, 2:1 – 77 Райс, 2:2 – 84 Троссар.
Челси – Санчес, Гюсто, Тиаго Силва, Колуилл, Кукуреля, Галлаҳер, Мудрик (Жексон, 66), Фернандес, Кайседо, Палмер (Жеймс, 84), Стерлинг (Мадуэке, 84).
Арсенал – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 46), Жоржинио (Смит-Роу, 68), Эдегор (Ҳавертц, 78), Райс, Мартинелли (Троссар, 78), Сака, Габриэл Жезус (Нкетиа, 68).
Огоҳлантиришлар: Палмер (8), Зинченко (11), Тиаго Силва (44), Кукуреля (71), Нкетиа (89), Уайт (90).

«Челси»даги ренессанс

Мухлислар «Челси» юқори даражасига қайтишини бир йилдан ошиқ вақтдан буён кутишмоқда. Фақатгина Лондон клуби мухлисларининг ўзи эмас: бошқа жамоа фанатлари рақибнинг мағлубиятлари устидан кулиши оддий ҳолат, аммо глобал олиб қараганда, ҳеч ким заиф «Челси»ни кўришни истамайди. Рақиблар кучли бўлса ўйинлар қизиқарли ва ғалаба ҳам ширинроқ бўлади.

Бутун ўтган мавсум футболга бегона масалалар билан ўтиб кетди: аввалига барча Тодда Боэлининг абжирлиги ва олди-ортига қарамай пул совуришини қизиқиш билан томоша қилди, кейин эса танқид қилишди, мавсум якунига келиб бунга кўникиб қолишди. Аммо «Челси» раҳбарияти ортиқ кулги бўлишни истамасди ва шунинг учун ёзда Маурисио Почеттино олиб келиниб, йўналиш ўзгартирилди. Мавсум стартида «Ливерпул»га қарши ўйин (1:1) жамоанинг бу мавсум учун нияти жиддий эканини кўрсатиб берди. Лекин тақвим осон бўлганига қарамай кўклар кейинги оралиқни муваффақиятсиз ўтказди, «Вест Ҳэм» (1:3), «Ноттингҳэм Форест» (0:1), «Астон Вилла» (0:1) клубларига мағлуб бўлинди, «Борнмут» билан голсиз дуранг қайд этилди (0:0), АПЛда фақат дебютант «Лутон» (3:0) устидан ғалабага эришилди. Сентябр ойи охирига келибгина «Челси»да ҳаёт аломатлари кўзга ташлана бошлади — кубок баҳсида «Брайтон» (1:0), АПЛда «Фулҳэм» (2:0) ва «Бёрнли» (4:1) клублари устидан ғалабага эришилди.

Почеттино учун синов

Шу туфайли «Арсенал»га қарши баҳс «Челси» учун чинакамига муҳим аҳамият касб этди — Почеттино жамоаси биринчи турдан кейин «катта олтилик» вакиллари билан учрашмаётганди, бу турда эса ҳақиқий синов кутаётганди. «Арсенал» ўтган турда «Манчестер Сити»ни мағлуб этган ва чемпионлик амбицияларини тасдиқлаганди. «Канонирлар» сафида икки ҳафта олдинги ўйинда етишмаган Сака ҳам дербигача тўлиқ соғайиб сафга қайтди.