Автомобил саноати кескин ривожлана бошлагандан буён йирик шаҳарларда тинимсиз равишда тирбандликлар содир бўлмоқда. Оқибатда, кўплаб инсонларнинг қимматли вақти кўчада ўтиб кетмоқда. Шу жумладан, Тошкентда ҳам.

2023 йил 23 октябр куни пойтахтда 10 балли тирбандликлар содир бўлди. Оқибатда шаҳарнинг асосий кўчаларида машиналар ҳаракати тўхтаб қолди ва бу автобуслар ҳаракатига ҳам таъсир кўрсатди.

Тошкентдаги тирбандлик

24 октябр куни эрталаб шаҳарнинг йигирмага яқин асосий кўчасида тирбандлик қайта содир бўлган. Транспорт вазирлигига кўра 70 дан ортиқ автобус йўналишларида куннинг тиғиз пайтида қатнов вақти ва оралиқ интервалга риоя этишнинг имкони бўлмаган.

Йўлларда тирбандликларнинг келиб чиқишига бир нечта омиллар сабаб бўлади. Жумладан, машиналар сонининг ўта кўплиги, кўчаларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўтказилиши, ҳайдовчиларнинг тартибсиз ҳаракатланиши, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши ёки ноқулай об-ҳаво шароити машиналар ҳаракатини чеклаб қўйиши мумкин.

Самарқанднинг марказий кўчаларидан биридаги тирбандлик

Маълумотларга кўра тирбандликдан энг кўп Ҳиндистон аҳолиси азият чекади. Чунки бу давлатда турли транспорт воситалари жуда тартибсиз ҳаракатланади ва уларни ҳатто полиция ҳам етарлича назорат қила олмайди.

Айрим давлатлар эса тирбандликларнинг олдини олиш учун маълум чекловлар киритишган. Масалан, Сингапурда шахсий машинага эга бўлиш ҳуқуқи сотилади.

Сингапурдаги марказий кўчалардан бири. Жамоат транспорти ва пиёдалар учун кенг жой ажратилган. \ Фото: singapore-airlines.vn

Ҳозир бу давлатда шахсий машинага эга бўлиш учун рухсатнома олиш 70 мингдан 106 минг долларгача бўляпти. Одамлар шахсий машина учун жуда катта пул сарфлашдан кўра, жуда яхши ривожланган жамоат транспортида юришни афзал билишади.

Индонезияда эса 1992 йилда қабул қилинган қонунга кўра, йирик шаҳарларда ҳайдовчилар ўзи билан яна икки кишини олиб юришга мажбур. Агар кўчада ҳаракатланаётган машинада ёлғиз ҳайдовчининг ўзи бўлса уни жаримага тортишади.