Иқтисодиёт | 14:15 / 26.10.2023
15180
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк макроиқтисодий ривожланишнинг икки сценарийсини тақдим этди

Инфляцион таргетлаш муддати узайтирилди. Марказий банкнинг асосий сценарийсида бу муддат 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши, муқобил сценарийсида эса 2026 йил якунига келибгина инфляция 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк бошқарув йиғилишида “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Макроиқтисодий ривожланишнинг барча сценарийларида Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилади.

Келгуси йилларда ташқи иқтисодий шароитларда жорий вазиятнинг кескин ўзгаришларсиз ривожланиши ва таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши асосий сценарий шартлари этиб белгиланган бўлса, ноаниқликларнинг янада кучайиши ва ташқи шароитларда хатарли шокларнинг юзага келиши муқобил сценарий шартлари сифатида қайд этилди.

Асосий сценарийни ишлаб чиқишда кейинги йилларда макроиқтисодий тўғриланишларнинг амалга оширилиши, яъни энергия, транспорт ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигидаги таркибий ислоҳотларни фаол фазага кўчиши ва айримларининг мантиқий якунига етказилиши, фискал консолидация бошланиб, умумий фискал дефицит ҳажми 2023 йилги кўрсаткичлардан қисқартириб борилиши, иқтисодиётда давлат улушининг камайиши, ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар ва экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиб бориши каби қарашларга таянилган.

Ушбу сценарий доирасида янгиланган прогнозларга кўра, 2022-2023 йилларда юзага келган ташқи вазиятдаги ўзгаришларнинг таклиф омилларига бўлган босими узоқроқ сақланиб қолаётганини ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар тўғриланишининг умумий инфляцияга бўлган таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг доимий 5 фоизлик таргетига эришиш даври 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши келтирилган.

Шунингдек, таргетга эришиш даврининг узайиши, бир томондан иқтисодиётдаги ялпи таклифнинг ички истеъмол талабини етарли даражада қондиришда кечикаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, ялпи талабни тийиб туришга қаратилган кескин чоралар кўрилган тақдирда иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатарлар туғдириши мумкинлиги билан боғлиқ.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси доирасида 2024 йилда инфляция даражаси 8-9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляциянинг мазкур даражада бўлишини таъминлаш учун пул-кредит шароитлари 2024 йилда ҳам нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади.

Айни пайтда, 2024 йилда тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиш даражасидан келиб чиқиб инфляциянинг прогнози қайта янгиланиши ва мос равишда пул-кредит шароитларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини оширишда банк тизимида долларлашув даражасини пасайтириш, имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш ва бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтиш борасида чоралар давом эттирилади.

Асосий сценарий доирасида 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши прогнози 5-5,7 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган бўлса, 2025 йилда 5-6 фоиз ва 2026 йилда 5,5-6,5 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Муқобил сценарий доирасида, асосий сценарийдан фарқли равишда, ташқи шароитларнинг бирмунча ноқулай шаклланиши ички нархларга қўшимча босим яратишини инобатга олиб, 2024 йилда инфляция даражаси 9-10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бунда доимий таргетга эришиш даври янада узоқроқ даврга кечикиб, 2025 йилда инфляция 7-8 фоиз атрофида бўлиши ва 2026 йил якунига келиб 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий доирасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантиришлар бўлади. Бунда, ўрта муддатли истиқболда ЯИМ реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган прогнозларга нисбатан 1,5-2 фоиз бандга пастроқ бўлиши мумкин.

Мавзуга оид