Марказий банкнинг 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тайёрлаган “Молиявий барқарорлик шарҳи”да кўчмас мулк бозорида “нарх пуфаги” ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.
“Кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги юзага келган номутаносиблик оқибатида 2023 йил I ярим йиллигида уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал нархидан ўртача 36 фоизга ортиқча баҳоланиши кузатилди”, дейилади МБ шарҳида.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда уй-жой бозор нархларининг ўсиб бориши, амалдаги имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича қўшимча давлат дастурлари орқали аҳолининг уй-жойга бўлган талабининг янада рағбатлантирилиши кўчмас мулк секторида талаб ҳажмининг бевосита ортишига туртки бўлган.
“Уй-жойга бўлган доимий талабнинг сақланиб қолиши, таклиф ҳажмининг эса юқори потенциалда шакллана олмаслиги натижасида келгусида кўчмас мулк бозорида талаб ва таклиф номутаносиблиги ортиши эҳтимолий нарх пуфаги янада катталашиши мумкинлигига ишора беради. Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик натижасида шаклланаётган, уй-жойларнинг бозор ва фундаментал нархлари ўртасидаги нисбатан юқори тафовут, кўчмас мулк бозорида тизимли хатарлар юзага келиш эҳтимолини оширади. Мамлакатда иқтисодий фаолликнинг пасайиши, аҳоли умумий реал даромадининг камайиши, шунингдек реал фоиз ставкаларнинг ортиши ва ипотека кредитлари ажратиш талабларининг қатъийлаштирилиши каби омиллар кўчмас мулк бозоридаги талаб ҳажмининг камайишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида, кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг кескин пасайиши ҳолати кузатилиши мумкин”, дейилган МБ ҳисоботида.
“Хавф даражаси юқорилашсагина кредитларни чеклаш каби қарорлар билан таъсир ўтказишимиз мумкин”
26 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири “Кўчмас мулк бозоридаги нарх пуфагини камайтиришда МБ ўзида мавжуд бўлган инструментлардан фойдаланадими?” деган савол билан расмийларга юзланди. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов айни пайтда хавф даражаси юқори эканини инкор этди.
"Биз нарх пуфаги пайдо бўлди демоқчи эмасмиз. Бу ердаги асосий жиҳат бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги фарқдан келиб чиқилган. Яъни Марказий банк ипотека кредитларининг фоизларини камайтириш, ошириш ёки чеклаш борасида ҳеч бир чора қўлламоқчи эмас. Бу фикрга урғу берганимиздан асосий мақсад ипотека кредитларининг тез суръатда ошиши ва енгилликлар бозордаги нархлар ўзгаришига таъсир қилади. Хавф даражаси юқорилашса, кредитларни чеклаш каби қарорлар билан таъсир ўтказишимиз мумкин. Қонунчилик ҳужжатларида ҳам ипотека инқирозининг олдини олиш мақсадида ажратиладиган маблағнинг максимал миқдори чекланган. Бу ҳам ўз навбатида пуфак ёрилишининг олдини олишга ёрдам беради”, деди Мамаризо Нурмуродов.
















