Ўзбекистон | 19:11 / 29.10.2023
16198
11 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ўрнатилган халқаро тартиб қоидалар ўзгариб бормоқда – Туркия элчиси билан суҳбат

Туркия давлатчилик тарихи Усмонийлар империяси тарихига бориб тақалади. Бироқ Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги Туркия 1923 йил 29 октябрда республика деб эълон қилинади. Kun.uz сана муносабати билан "Геосиёсат" лойиҳаси доирасида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар билан суҳбатлашди. 

Сизнингча ортда қолган 100 йил Туркия давлатчилик тарихида мамлакат учун  асосий воқеалар қайсилар?

— Биласизми, республикамизга асос солинганининг 100 йиллигини дўст ва биродар Ўзбекистонда нишонлаш биз учун ўзгача бахт. Шуни таъкидлаш керакки, Туркия Республикаси 100 ёшга тўлган бўлиши мумкин, лекин Туркия давлатчилиги тарихи 1000 йилликларга бориб тақалади. Анадўлу Селчиқулидан бошлаб сақланиб келган давлатчилик анъанамиз асосида 1923 йилда республикамизга асос солдик ва бугун унинг 100 йиллигини нишонламоқдамиз. Усмонлилар империясидан қолган меросимиз асосида замонавий Туркияга асос солдик ва айнан ўша мерос берган асослар ёрдамида 100 йилдан бери замонавий Туркияни ривожлантириш устида тинимсиз ишлар олиб боряпмиз.

Маълумки, Туркия Осиё ва Европани боғловчи кўприк ҳисобланади. Аммо кузатиб турибмизки, Яқин Шарқ минтақасида фундаментал ўзгаришлар содир бўлмоқда. Шундай шароитда Туркиянинг ташқи сиёсати ва унинг устувор мақсадлари ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Агар Ўзбекистон мисолида қарайдиган бўлсак, халқаро майдонда чиндан ҳам бошқача таҳдидлар ва таваккалчиликларни кузатишимиз мумкин. Бундай ҳолатлар мозийда ҳам кузатилган, албатта, тарихга қарайдиган бўлсак, ўша даврларда ҳам урушлар ва зиддиятлар мавжуд бўлган. Халқаро ҳамжамият ҳозирда ҳам кўплаб синовларга дуч келмоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган халқаро тартиб-қоидалар ўзгариб бормоқда, уларнинг бузилиш ҳолатларини кузатяпмиз. Яқин ўтмиш ёки бугунги кундаги муаммоли воқеаларга пандемия, Россия-Украина можароси, Афғонистондаги воқеаларнинг минтақага таъсири ва Исроил ҳамда Фаластин ўртасидаги зиддиятни мисол қилишимиз мумкин. Шу вақтгача мавжуд бўлган ва бизга ўргатилган халқаро тартиб-қоидаларнинг юқорида санаб ўтилган воқеалар туфайли таназзулга юз тутаётгани бизни ташвишга солмай қўймайди, албатта. Ўзингиз ҳам гувоҳи бўлаётганингиздек, бундай ҳолатлар Туркиянинг миллий хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Айнан мана шундай қайноқ можаролар даврида ҳам республикамизнинг 100 йиллигини нишонлаётганимиз, албатта, ўзгача мазмунга эга. Ўз навбатида Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигини нишонлаши ҳам келажакка умид билан қарашга имкон беряпти. Демакки, туркий давлатлар ўз мустақиллигининг бардавомлигини таъминлай оляпти ва тарих гувоҳки, бу аввалдан шундай бўлган. Мана шундай қалтис вазиятда ҳам туркий давлатлар ташкилотидаги бирдамлик ва ҳамкорликни кўриш, уларнинг қийинчиликларга қарамай, барча платформаларда, яъни Марказий Осиё давлатлари етакчилари платформаси ёки икки томонлама платформаларда бирдамликни сақлаб қолиши жуда катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайман.

Сўнгги 5 йил Туркий давлатлар тарихида ўзликни англаш даражаси ортгандек, бунга яққол мисол Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятидир. ТДТ яқин келажакда Марказий Осиёнинг бир қисми бўлган Тожикистонни ҳам ташкилотга интеграция қилиши мумкинми?

— Саволингизни икки қисмга бўлиб жавоб берадиган бўлсам, албатта, сўнгги 5-6 йил ичида Туркий давлатлар ташкилотининг чиндан ҳам анча кучайгани ва мустаҳкам фаолият олиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бундан олдинги саволингизда халқаро миқёсдаги инқирозлар борасида сўз юритган эдик ва улар кейинги 5-6 йил ичида юзага келди ва ҳозиргача давом этиб келяпти. ТДТ эса бу даврда жуда катта ривожланиш босқичини босиб ўтди. Бу шуни англатадики, туркий давлатлар халқаро инқирозлар фонида ҳам ўз ҳамкорлигини кучайтириб, янги босқичга олиб чиқмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2019 йилда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши унинг фаолиятидаги жадалликни таъминлаб берди. Натижада ҳозирги кунда туркий давлатлар биргаликда инсонлар ҳаётининг ҳар бир соҳасини қамраб оладиган кўплаб иқтисодий, ижтимоий ва маданий тадбирларни ўтказмоқда. Бугунги кунга келиб, ТДТга аъзо давлатларни ривожлантириш учун жуда кўп режалар амалга ошириляпти, масалан, хабарингиз бор, 2040 йилгача мўлжалланган стратегия қабул қилинган. Бундан ташқари, инвестиция фонди лойиҳаси ҳам қабул қилиниш арафасида турибди, шунингдек, ноябр ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитда ҳам қатор масалалар кун тартибига қўйилган. Тожикистон масаласига келадиган бўлсак, масалага Ўзбекистондан туриб муносабат билдирадиган бўлсам, ташкилотга аъзо бўлишнинг ўзига яраша шартлари мавжуд. Нахчиван битими бандларида эса, ташкилотда кузатувчи мақомини олиш шартлари бирма-бир санаб ўтилган. Айнан ўша шартларни бажарган ҳар қандай мамлакат ТДТга кузатувчи ёки тўлақонли аъзо сифатида кириши мумкин. Бироқ масалага Тошкентдан туриб қарайдиган бўлсак, Тожикистоннинг Марказий Осиё маданиятига ажралмас шерик эканини кўриб турибмиз. Ўтган 100 йилликлар ичида ўзбеклар ва тожикларнинг тинчликда яшаб келганларини кузатиш мумкин. Шу сабабдан келажакда ТДТнинг Тожикистонни ташкилотга қандайдир йўллар билан жалб этиш масаласини кўриб чиқиши ижобий баҳоланиши мумкин. Биз ҳозирда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги аъло даражада давом этаётганини, икки томонлама ҳам, Марказий Осиё давлатлари етакчилари форумларида ҳам биргаликда ҳаракат қилаётганликларини алоҳида эътироф этишимиз мумкин ва бизнинг сафимиз кенгайиши бизни кучлироқ қилади ва буни қўллаб-қувватлаймиз.

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар

Қардош Озарбойжон халқи Туркия республикасининг улкан қўллови билан ўзининг тарихий ҳудудлари бўлмиш Қорабоғни яна ўз таркибига қайтарди. Шундай экан Зангезур коридори Туркий дунё истиқболи учун қандай аҳамиятга эга?

— Туркий давлатлар учун транспорт йўлакларини турфахиллаштириш ўзаро боғлиқлилик жиҳатидан ҳам ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев ҳам ҳақли равишда ўзаро боғлиқлик масалаларини энг устувор жиҳатлардан бири деб ҳисоблаб келган. Айниқса, пандемия ва Россия Украина можаролари турфахиллаштирилган транспорт йўлларининг биз учун нақадар муҳим эканини кўрсатди. Бундай вазиятда биз ўрта йўлакларнинг аҳамиятини тушуниб етмоқдамиз. Бу ерда гап транспорт соҳасида Марказий Осиёнинг Онадўлу орқали Европага уланиши ҳақида кетмоқда. Европанинг ЕБРД ва бошқа ташкилотлари ҳам мазкур масалаларни кўриб чиқиб, ўз хулосаларини эълон қилди. Зангезур ҳам жуда катта аҳамиятга эга, албатта. Агар бу йўлни ишга туширсак, туркий давлатларни қуруқлик орқали бевосита узлуксиз боғлашга эришган бўламиз. Биз Озарбойжон таъкидлаган шарт-шароитлар асосида ўша йўлакни ишга туширишни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бу йўлни ишга тушириш Марказий Осиёдаги маҳсулотларни туркий ҳудудлар орқали Европага тўлиқ етказиб берилишини таъминлашга имкон яратади. Ўзингиз билганингиздек, Арманистон ҳудудларидан ўтувчи бир йўлакнинг номи Зангезур ва ҳозирда бу ерда бир йўлакнинг очилиши бўйича музокаралар давом этяпти. Умид қиламизки, Озарбойжон ва Арманистон бу масалада келишувга эришади ва йўлак халқаро миқёсда фойдаланиш учун очилади.

Биз биламизки, Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик муносабатлари тобора ривожланиб бормоқда. Туркия истиқболда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қандай лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган?

— Туркий давлатлар ташкилоти доирасида туркий давлатларнинг иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. ТДТ етакчилари саммитидан кейин чоп этилган ҳужжатларга, ТДТ котибияти ҳужжатларига ва 2040 йилгача мўлжалланган стратегияга қарайдиган бўлсак, ҳамкорликнинг қанчалик кенг қамровли эканини тушуниш мумкин. Мозийда бунинг намунаси йўқ, биз эса ҳамкорликни мана шундай жадал равишда давом эттиришни хоҳлаймиз. Бу нафақат ТДТ, балки икки томонлама ва бошқа халқаро ҳамкорлик платформаларида ҳам давом эттирилиши керак бўлган ишлар ҳисобланади. Ташкилот аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги ривожланиши ташкилотни ҳам халқаро майдонда кучли ва мустаҳкам тузилмага айлантиради. Буни эса Туркия Ўзбекистон муносабатлари мисолида яққол кўриш мумкин бўлади. Кейинги 4-5 йил давомида Шавкат Мирзиёев етакчилигида ўрнатилган муносабатларни бемалол намуна сифатида кўрсатишимиз мумкин. Бугунги кунда олий даражадаги стратегик шерикчилик битими амал қилиб турибди, савдо ҳажмимиз эса ўтган йилгига қараганда 3 баробарга ортган ва бу рақамларни келажакда 5-10 баробарга оширмоқчимиз. Бу нафақат Туркия томони, балки иккала давлат раҳбарлари таъкидлаган рақамлар ҳисобланади. Давлат етакчиларининг берган топшириқлари асосида барча вазирлик ва идоралар билан керакли ишларни олиб бормоқдамиз ва ҳозирда барча соҳалар, жумладан, иқтисод, сиёсат, ҳарбий, техника, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз юқори даражада эканини эътироф этишимиз мумкин. Бундай муҳитда республикамизнинг 100 йиллигини нишонлаш биз учун жуда катта бахт, албатта.

Бугунги дунёда содир бўлаётган геосиёсий вазиятга фикрингиз.

— Кўриб турганингиздек, халқаро майдонда турли инқирозлар, муаммолар ва зиддиятлар келиб чиқмоқда. Бундай ҳолатлар тарихда ҳам кузатилган ва ҳозир ҳам кузатилмоқда. Узоқ асрлардан бери бундай можароларнинг юзага келиши бизни хафа қилмай қўймайди, албатта. Бу бизга икки нарсани кўрсатиб турибди: Бу биринчи навбатда мамлакатимиз хавфсизлигини ва халқ фаровонлигини таъминлашимиз кераклигини кўрсатади. Бироқ халқаро ҳамжамиятнинг бир бўлаги сифатида биз мавжуд вазиятга муносабатимизни ва фикр-мулоҳазаларимизни очиқ-ойдин билдириб ўтишимиз керак. Биз етакчиларимиз орқали мозий бизга қолдирган меросга таянган муносабат ва фикр-мулоҳазаларимизни билдириб келяпмиз. Чунки тарихимиз ва географиямиз баъзи нарсаларни бизга буйруқ сифатида беради. Давлат бу — ноаниқ ва мавҳум тушунча эмас, Туркия дейилганда кўз олдингизда бутун бошли тарихга эга бўлган давлат келади. Ўзбекистон дейилганда ҳам кўз олдингизда Амир Темургача бўлган бир даврни бошдан кечирган давлат гавдаланади ва бунинг ўз масъулияти бор.

Биз бугун Туркиянинг 100 йиллигини ифтихор билан нишонлаяпмиз ва Отатурк биз учун бошлаб берган йўлнинг тўғри эканини бугун англаб етяпмиз. Ғозий Отатурк бу республикани ёшларга омонат қилиб ташлаб кетган, ифтихор билан айта оламанки, бугунги кунда унинг меросини янада юксакроққа кўтараётганимизни ишонч билан айтиш биз учун катта бахт. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида шуни айтиб ўтишим керакки, республиканинг 100 йиллигини ота ватанимиз сифатида эътироф этадиган Ўзбекистонда нишонлаш Туркия элчиси учун жуда катта бахт. Чунки бизнинг илдизимиз битта ва умумий қадриятларимиз мавжуд. Ким қаерда яшаётганидан қатъи назар, биз битта халқмиз ва бу халқларнинг ўз мамлакатлари билан кучайишлари, шунингдек, мустақиллигининг 50-100 йилликларини нишонлашлари инсонни хурсанд қилади.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид