Жаҳон | 21:29
744
6 дақиқада ўқилади

Европа “Толибон”дан нима хоҳлаяпти?

Европа Иттифоқи миграция масаласида анча эҳтиёткор сиёсат юритмоқда: илк марта Брюсселга таклиф қилинган “Толибон” билан кун тартибидаги асосий масала – афғон қочқинларини ўз юртига қайтариш. Бу – хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар, ўнг партияларнинг таъсири ошиб бораётгани ва иқтисодий қийинчиликлар билан боғланмоқда.

Мавзу юзасидан Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Исломхон Гаффаров ва Умрбек Юсупов шарҳи.

Исломхон Гаффаров:

— Европа мамлакатлари сўнги йилларда миграция сиёсатидан чарчаган. Сўнгги йилларда Араб баҳори, Африкадан доимий миграция, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги урушлар натижасида юзага келган катта оқим Европага жиддий босим бўлди. Афғонистондаги воқеалардан кейин эса бу жараён янада кучайди. Европа Иттифоқи мигрантларни қабул қилишда муайян даражада толиқди. Маълум маънода, Брексит жараёнига ҳам миграция омили таъсир кўрсатди: Буюк Британия мигрантларни қабул қилишни истамади ва бу масалада юкнинг катта қисми Европа Иттифоқи мамлакатларига тушди.

Шу боис Европанинг ҳозирги ёндашуви фақат Афғонистон билан эмас, балки умумий миграция сиёсатига нисбатан ички норозилик билан ҳам боғлиқ. Бу ерда масала айнан афғонларни ажратиб кўрсатишда эмас, балки кенгроқ миграция муаммосидадир.

Бу борада айниқса Германия ва Швеция ҳукуматлари фаолроқ ташаббус кўрсатмоқда. Бу жамиятларда “Нега мигрантларни қабул қилишимиз керак?” деган саволлар тобора кўпроқ янграмоқда.

Иккинчи муҳим масала – хавфсизлик ва терроризм билан боғлиқ хавотирлардир. “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган бўлса-да, мамлакат ҳудудида айрим террорчи ташкилотлар ҳануз фаол. Масалан, “Ал-Қоида”, “ИШИД–Хуросон” бўлими, “Теҳрике Толибон Покистон” ва “Жамоат Ансаруллоҳ” каби гуруҳлар мавжуд. Уларнинг айримлари бошқа давлатларда ҳам терактлар содир этган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ана шундай кучлар мигрантлар оқими ичида яширин кириб келиб, Европада ҳам ҳужумлар уюштириши мумкинлигидан хавотирда. Чунки аввал ҳам тартибсиз эвакуация жараёнларида текширувлар етарли даражада бўлмаган ҳолатлар кузатилган. Масалан, Афғонистондан чиқиб кетиш вақтида айрим шахслар аслида бошқа давлат фуқароси бўлса ҳам, умумий оқим билан Ғарб давлатларига кириб олгани ҳақида мисоллар бор.

Бундан ташқари, иқтисодий ва ижтимоий омиллар ҳам хавф туғдиради. Қийин шароитда яшаётган мигрантлар моддий эҳтиёж туфайли турли ноқонуний ёки хавфли фаолиятларга жалб қилиниши мумкин. Масалан, айрим ҳолларда хорижий разведка хизматлари моддий рағбат эвазига бундай шахсларни ўз мақсадлари йўлида ишлатиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу эса Европанинг хавотирини янада кучайтиради.

Шу билан бирга, Европада миллий кайфиятдаги сиёсий кучлар тобора кучайиб бормоқда. Улар очиқчасига “нега биз бошқа давлатлар муаммолари ҳақида ўйлашимиз керак?” деган саволни илгари сурмоқда. Бу партияларнинг парламентлар ва маҳаллий бошқарувдаги таъсири ортиб бораётгани – Европанинг ташқи сиёсатига ҳам таъсир қилмоқда. Бундан ташқари, Украина масаласи ҳамон Европа кун тартибининг марказида турибди.

Европа давлатлари асосий эътиборни айнан шу можарога қаратишга мажбур. Шу сабабли улар глобал миқёсдаги бошқа инқирозларга, жумладан Афғонистон масаласига камроқ ресурс ва эътибор ажратмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Европа Иттифоқининг “Толибон” билан мулоқоти фақат миграцияни тўхтатиш билан чекланмайди. Бу ёндашув ички сиёсий босимлар, хавфсизликка оид хавотирлар ва глобал геосиёсий устуворликлар билан чамбарчас боғлиқ.

Умрбек Юсупов:

Европа Иттифоқи анъанавий равишда инсон ҳуқуқларига катта эътибор қаратади. Мигрант қайси давлатдан келгани ёки қандай шароитда келганидан қатъи назар, уни қабул қилиш ва жамиятга интеграция қилишга интиладиган тизим сифатида шаклланган. Бироқ ҳозирги вазиятда Европа Иттифоқининг ёндашуви тобора прагматик тус олмоқда.

Миллий кайфият кучайиб бораётган бир пайтда, турли можаролар ва иқтисодий босимлар сабаб ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағлар қисқармоқда. Натижада оддий европаликларнинг ўзи ҳам иқтисодий қийинчиликларни сезмоқда.

Бундан ташқари, Европа давлатларида содир этилган айрим терактлар учун мигрантлар айбланди. Масалан, Кёлндаги воқеаларда аёлларга нисбатан ҳужумлар юзасидан айрим араб давлатларидан келган мигрантлар жавобгарликка тортилди.

Швеция, Германия ва бошқа Скандинавия мамлакатларида мигрантлар кўп жойлашган ҳудудларда криминоген вазиятнинг ёмонлашуви ҳам бу масалани кун тартибига олиб чиқди.

Шу фонда Европа Иттифоқи Афғонистон билан мулоқот олиб бораётганда, фақат ўзи эмас, балки Афғонистон томони ҳам муайян механизмларни илгари сурмоқда. Хусусан, Покистон ҳудудидаги Дюранд чизиғи атрофида яшаётган миллионлаб афғонларнинг ўз ватанига қайтиши масаласи кўтарилмоқда.

Умуман, ҳар бир давлат иқтисодий қийинчиликлар сабаб ўз муаммоларини мустақил ҳал қилишга мажбур бўлмоқда.

Европа Иттифоқида радикал ёки миллий кайфиятдаги сиёсий кучларнинг кучайиши ҳам айнан ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан боғлиқ. Шу боис айрим тадқиқотчилар фикрича, инсон ҳуқуқлари масаласи аста-секин иккинчи планга тушиб бормоқда.

Шундай вазиятда Европа “Толибон” ҳукумати билан, унинг легитимлиги савол остида бўлса-да, чекланган доирада мулоқот ўрнатишга мажбур бўлмоқда. Асосий мақсад – мигрантларни имкон қадар ўз юртига қайтариш механизмларини ишлаб чиқишдир.

Бироқ бу ёндашув Ғарб матбуотида танқид қилинмоқда. Танқидчиларга кўра, “Толибон” билан ҳар қандай расмий мулоқот ёки келишувлар, ҳатто тўлиқ тан олинмаган бўлса ҳам, амалда ушбу режимни легитимлаштиришга хизмат қилиши мумкин.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид