АҚШ санкциялари остида қолган Сербия махсус хизмати бошлиғи истеъфога чиқди
Александр Вулин Кремл билан алоқаларга эга ва АҚШ санкциялари остида. У Сербияни АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларидан қутқариш учун махсус хизмат раҳбари лавозимини тарк этаётганини айтди.
Сербия Ахборот хавфсизлиги агентлиги (АХА, Россиянинг «ФСБ»си аналоги) раҳбари, Кремл билан алоқаларга эга бўлган ва АҚШ санкциялари остида қолган Александр Вулин 3 ноябр, жума куни истеъфога чиқди. Миллатчилик кайфиятидаги кескин баёнотлари қўшни давлатлар билан дипломатик можароларга олиб келган Сербия собиқ мудофаа ва ички ишлар вазири Вулин - Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Москвага расман ташриф буюрган кам сонли европалик сиёсатчилардан бири.
«Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Сербияга қарши санкциялар қўлламаслик учун менинг бошимни талаб қилмоқда. Мен Сербияга шантаж ва босим ўтказиш учун сабаб бўла олмайман, шунинг учун истеъфога чиқяпман», - деди Вулин.
Александар Вулинга қарши АҚШ санкциялари
Жорий йилнинг июл ойида Қўшма Штатлар Александр Вулинни коррупция ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айблаб, унга қарши санкциялар жорий қилган эди. Қўшма Штатлар, шунингдек, 51 ёшли Вулинни Россияга Болқон яриморолида ўз таъсирини кенгайтиришга ёрдам бериб, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни бузишга кўмаклашишда айблади. Вулин очиқ тарзда «Серб дунёси»ни - турли мамлакатларда яшовчи серблар иттифоқини ҳимоя қилади. Танқидчилар у Москванинг «Рус дунёси» ғоясига ўхшаш эканини билдирган.
Сербия 2012 йилдан бери Европа Иттифоқига аъзо бўлишни кутмоқда, бироқ Россия газ таъминотига деярли бутунлай қарам. Белград тез-тез Европа Иттифоқининг ташқи сиёсатидан четга чиқади, хусусан, Украинага қарши уруши туфайли Россияга қарши санкциялар жорий этишдан бош тортган. Шу билан бирга, Сербия БМТда Россияни қоралади.
Сербия, шунингдек, Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига вето қўйишига боғлиқ бўлиб, у орқали 2008 йилда Белграддан мустақиллигини бир томонлама эълон қилган Косово халқаро миқёсда тан олинишига тўсқинлик қилган.
Мавзуга оид
12:50 / 09.10.2024
Ўзбекистонликлар Сербияга қурилиш соҳасида ишга юборилади
20:10 / 15.09.2024
Сербияда мажбурий муддатли ҳарбий хизмат қайта тикланади. Унда аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин бўлади
08:46 / 05.09.2024
Путин Сербия бош вазири ўринбосарини газ етказиб беришни муҳокама қилишга таклиф этди
21:11 / 31.08.2024