09:02 / 08.11.2023
15364

Ўзбекистон кетма-кет иккинчи ой Хитойга газ экспортини қисқартирди

Йиллик ҳисобда кўк ёнилғи етказиб бериш деярли икки баравар камайган.

Фото: Кирилл Кухмарь / ТАСС

Ўзбекистон кетма-кет иккинчи ой Хитойга табиий газ экспортини камайтирди. Бу ҳақда Spot Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.

Сентябр ойида мамлакатга Ўзбекистон газининг ойлик етказиб бериш ҳажми август ойига нисбатан қарийб икки баравар камайиб, 41,62 млн долларни ташкил этди. Июл ойидаги кўрсаткичга нисбатан газ етказиб бериш 2,2 баробарга камайди.

Январ-сентябр ойларида Ўзбекистон Хитойга 412,19 млн долларлик табиий газ экспорт қилди, бу ўтган йилдаги кўрсаткичнинг ярмига тенг.

Хитойга газ етказиб бериш бўйича етакчиликни Туркманистон эгаллаб турибди. Мамлакат тўққиз ойда 7,41 млрд долларлик газ етказиб берган.

Ундан кейинги ўринда Россия турибди ва ўтган тўққиз ойда мамлакат ўз экспортини деярли икки баробарга — 4,98 млрд долларга етказган.

Шунингдек, кейинги ўринлардан Мянма (1,21 млрд доллар) ва Қозоғистон (949 млн доллар) жой олди.

Top