Ўзбекистон | 12:27 / 10.11.2023
54190
9 дақиқада ўқилади

2 иттифоқчи ва 14 та стратегик шерик – Ўзбекистоннинг дўстлари кимлар?

Ўзбекистон мустақиллик эришганидан буён 150 га яқин давлат билан дипломатик алоқа ўрнатган. Улар орасидан 2 та давлат билан муносабатлар иттифоқчилик, 14 та давлат билан эса стратегик шерикчилик даражасига кўтарилган. Kun.uz Ўзбекистоннинг стратегик шериклари яна биттага кўпаяётгани муносабати билан мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги дўстлари рўйхатига назар солди.

Фото: Kun.uz

Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэл Макроннинг Тошкентга ташрифи вақтида расмий Тошкент ва Париж ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди. Бу борадаги тегишли ҳужжат ҳали имзоланмади.

Хўш, Ўзбекистон яна қайси давлатлар билан ҳамкорликни алоҳида сиёсий даражага олиб чиққан?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда анча фаоллашди. Давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари ва ташқи ишлар вазири даражасида ўнлаб хорижий ташрифлар амалга оширилди, ташқи сиёсатда янги иттифоқчи, шерик ва ҳамкорлар кўпаймоқда.

Халқаро муносабатларда икки давлат ўртасида бир-бирини мавжудлигини/мустақиллигини эътироф этиш ёки дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши – де-факто расмиятчилик. Муносабатларнинг ривожланиш динамикаси давлатлар ҳудудида дипломатик ваколатхоналар (элчихона, консуллик) очилиши, сиёсий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик, шунингдек ўзаро савдонинг ўсиши билан белгиланади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги 144 та давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Уларнинг охиргиси шу йил июнда Тринидад ва Тобаго бўлганди. Маълумот учун, БМТга аъзо суверен давлатлар сони 193 тани ташкил этади.

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларда 59 та дипломатик ва консуллик муассасаси бор. Ўзбекистонда эса 46 та хорижий давлатнинг элчихонаси (энг охиргиси – шу йил очилган Қатар элчихонаси), 3 та бош консуллик муассасаси ва ўндан ортиқ халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари бор.

Давлатлар ўртасида савдо ва бошқа алоқаларнинг ўсиши ҳамда одатда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида дипломатик муносабатлар кейинги босқич – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражаларига кўтарилиши мумкин.

Kun.uz сўровига мувофиқ Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар иккита давлат билан иттифоқчилик, шу иттифоқчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 14 та давлат билан стратегик шерикчилик тўғрисида шартномалар имзолаган.

Ўзбекистон билан иттифоқчилар

Сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий соҳада энг катта ҳамкоримиз ҳисобланган Россия узоқ йиллар давомида (2005-2021 йилгача) Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ягона иттифоқчиси бўлиб келган. Икки давлат ўртасидаги алоқалар 2005 йилдан сўнг Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати векторларини “коллектив ғарбдан шарққа ўгирган” вақтда илиқлаша бошлаган. Россия билан 2004 йилда стратегик шерикчилик тўғрисида, 2005 йилда эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоланган.

2022 йил якунларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 9,2 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган. Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдосида биринчиликни одатда Хитой билан “талашади”. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида миллионлаб меҳнат мигрантлари, Россиянинг Марказий Осиёда ўз таъсир доираларини сақлаб қолишга интилиши, СССРдан қолиб кетган кўп соҳалардаги узоқ йиллик тарихий боғлиқлик каби масалалар бор.

2021 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида олдинга ташланган энг катта қадамлардан бири қўшни Қозоғистон билан иттифоқчилик муносабатларининг ўрнатилиши бўлди.

2016 йилгача бўлган даврда ҳам Ўзбекистон қўшниларидан фақатгина Қозоғистон билан алоқаларни дўстона руҳда сақлаб турган. Бошқа қўшнилар билан ҳаттоки чегаралар ҳам ёпиқ бўлган. Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида чегараларни демаркация ва делимитация қилиш масалалари қарийб 100 фоиз аниқлаштирилган ва ҳал қилинган.

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 4,6 миллиард доллардан ошди. 2021 йил декабр ойида президент Шавкат Мирзиёевинг Қозоғистонга расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланди. Шунингдек, яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси ҳам қабул қилинди.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳларга “Марказий Осиё шенгени”ни тақдим қилиш, биргаликда “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро маркази қуриш борасида ҳам келишувлар мавжуд.

Стратегик шериклар

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёдаги 14 та давлат – АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Корея, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Ҳиндистон ва Покистон билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган.

Иттифоқчилардан ташқари, стратегик шериклар орасида Ўзбекистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири Хитой бўлиб қолмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари 2012 йилда ўрнатилган. Ҳозирги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан бири – ўзаро товарайирбошлаш ҳажми ўтган йили 8,9 миллиард доллар бўлган.

Яна бир қудратли давлатлардан бири АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида 2002 йил мартда Стратегик шерикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги декларация имзоланган. 2005 йилдан сўнг совуқлашган муносабатлар сўнгги вақтларда анча ижобий тарафга ўзгараётганини кузатиш мумкин.

Лекин, АҚШ Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги ҳамкорлари қаторида кучли ўнликка ҳам кирмайди. 2022 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 436 миллион доллардан ошади.

Кейинги муҳим стратегик ҳамкорларимиздан бири – Жанубий Корея. Икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация 2006 йилда имзоланган. Ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 2,3 миллиард доллардан ошади, бунда Ўзбекистон асосан импортёр давлат бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 16-18-декабр кунлар Жанубий Кореяга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ташаббусини ҳам билдирган эди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон стратегик ҳамкорлари орасида Туркия билан муносабатларни ҳам анча ижобий тарафга ўзгарганини кузатиш мумкин. Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикчилик 2017 йилда ўрнатилган.

2022 йил йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Туркия билан савдо айланмаси 3,2 миллиард доллардан ошади. Шунингдек, икки давлат Туркий давлатлар кенгаши доирасида ҳам алоқаларни ривожлантирмоқда.

Иттифоқчилик ва стратегик шерикликнинг фарқи нимада?

Ўз-ўзидан стратегик шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатлари ўртасида қандай фарқ бор, деган савол туғилиши табиий.

“Стратегик шерикликдан кейинги босқич иттифоқчилик муносабатлари ҳисобланади ҳамда у давлатлар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама асосда муайян соҳа-йўналишларни қамраган ҳолда ўрнатилиши мумкин”, – дея изоҳ берди Ташқи ишлар вазирлиги.

Сиёсий фанлар доктори Сардор Усмонов “иттифоқчилик муносабатлари” (allied relations) ва “стратегик шериклик” (strategic partnerships) тушунчалари халқаро муносабатлар тизимида катта аҳамиятга эга феноменлар ҳисобланишини таъкидлаган. Шунингдек, мутахассис бу икки тушунча ўртасида нозик фарқларни тушунтириб берди.

“Иттифоқдош давлатлар ўртасида, одатда, дўстлик, яқинлик, табиий ҳамжиҳатлик, уйғун муносабатлар мавжуд бўлади. Ғарб манбаларида бундай давлатлар “табиий иттифоқдошлар” (natural allies) деб ҳам аталади.

Стратегик шериклик ҳолатида эса икки давлатни умумий манфаатлар бирлаштириб, сиёсий қадам ва саъй-ҳаракатларни биргаликда, келишган ҳолда қабул қилишга ундайди… Бу ҳолатда, энг биринчи навбатда, миллий манфаатларнинг уйғунлиги бўлиб, стратегик қарорларни биргаликда, ҳамжиҳат бўлиб қабул қилиш назарда тутилади.

Бироқ кенгроқ қараганда, стратегик шериклар иттифоқдошлардан фарқли ўлароқ, маданий ёки мафкуравий яқинликка эга бўлиши шарт эмас. Аммо хавфсизликка умумий таҳдидлар ва хавф-хатарларга юзланганда икки томон ўзларининг маданий ва мафкуравий тафовутларига эътибор қаратмай, стратегик шерикларга айланади. Умумий муаммога қарши икки томон ўзларининг стратегик ресурс ва имкониятларини бирлаштириб, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзади. Миллий манфаат барча мулоҳазалардан устун бўлади.

Иттифоқдошлар билан эса мамлакатнинг халқаро саҳнадаги қарорлари ва хатти-ҳаракатлари легитим, мантиқан асосли туюлиб, уларга нисбатан халқаро ҳамжамиятда ишонч юқорироқ бўлади. Чунки бу қарорлар бир нечта мамлакатнинг розилигини олган бўлади”, – дейди Сардор Усмонов.

Халқаро муносабатлар тизими юқорида айтиб ўтилган шакллар билан чекланиб қолмайди. Давлатларнинг ташқи сиёсати мураккаб ва бир-бирига боғлиқ кўплаб омиллар асосида шаклланиб, ўз манфаатлари йўлида ўзгариб бораверади.

Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсатида стратегик шерик бўйича келишувлар ҳам ўша давлат билан яқинлик даражасига кўра кенг қамровли, чуқурлашган бўлиши мумкин. Ёки совуқлашган муносабатлар стратегик шерикчилик ҳақидаги келишувни шунчаки қоғозда қолган битимга айлантириб қўяди.

Фаррух Абсаттаров тайёрлади.

Мавзуга оид