08:23 / 10.11.2023
2942

Ўзбекистон ва Қатар Бухорода янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди

Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, ишлаб чиқариш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди.

Фото: Дунё

Қатарнинг собиқ бош вазири, ушбу мамлакатдаги қатор йирик инвестиция ва саноат холдинглари асосчиси Ҳамад бин Жассим Ол-Соний бошчилигидаги делегация Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамроҳлигида Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, ташриф дастурига мувофиқ, Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги кластери фаолияти билан танишилди. 

Ҳамад бин Жассим Ол-Сонийга қишлоқ хўжалиги кластери фаолиятини кенгайтириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар, Бухоро вилоятининг савдо-иқтисодий имкониятлари тақдим этилди.

Тақдимотлар чоғида турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, ишлаб чиқариш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябр куни Қатарнинг собиқ бош вазири Ҳамад бин Жассим Ол Сонийни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан Бухоро шаҳрида замонавий меҳмонхона мажмуасини қуриш масалалари кўриб чиқилди.

Top