Жаҳон | 14:58
1059
3 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпаниялари эски самолётлар бир қисмини қайта ишлатишга қайтармоқда

Россия авиакомпаниялари 2026 йилда аввал консервация қилинган (сақловга қўйилган) самолётларнинг бир қисмини қайтадан эксплуатацияга қайтаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда душанба, 19 январ куни “Известия” газетаси “Ростех” давлат корпорациясидаги манбаларига таяниб ёзди. 

Фото: «Ростех»

Ушбу маълумотларга кўра, амалдаги техника тиклаш дастури доирасида авиаташувчиларга 12 та самолётдан 10 таси аллақачон топширилган: еттита Ту-204/214, битта Ан-148 ва иккита Ил-96В. Дастур 2027 йилгача узайтирилган, авиакомпанияларга ҳали яна икки дона расконсервация қилинган Ту-204ни топшириш қолган.

“Известия” ёзишича, аввал сақловда турган хорижий самолётлар ҳам тикланмоқда. Хусусан, мунтазам рейсларни бажараётган икки қаватли Boeing 747 самолётлари сони 2026–2027 йилларда икки бараваргача кўпайиши мумкин. “Россия” авиакомпанияси ушбу лайнерлар паркини иккитадан тўрттагача оширишни режалаштиряпти. Гап “Трансаэро” банкрот бўлганидан кейин ташувчига ўтган ва аввал сақловда турган бортлар ҳақида кетмоқда. Улардан бири 2025 йил ноябр ойида тикланган, яна бирини сафга қўшиш 2027 йилга режалаштирилган.

Газета соҳа вакилларига таяниб таъкидлашича, Россия авиакомпаниялари учун Boeing 747’ни таъмирлаш ва тиклаш ишлари “дўст давлатлар”да, масалан, техник база ва мутахассислар мавжуд бўлган Эронда амалга оширилиши мумкин.

Мутахассислар эски лайнерларни эксплуатацияга қайтаришни Украинадаги уруш учун жорий этилган санкциялар фонида авиатехника танқислиги кучайгани билан боғламоқда. Шунингдек, Россия авиация саноати ҳали ўз самолётларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаган. Экспертлар баҳосига кўра, РФ авиакомпаниялари деярли барча яроқли паркдан фойдаланиб бўлган, айни пайтда ҳар йили муайян қисми ҳисобдан чиқарилиши керак бўлган бортлар пайдо бўлади, уларни янги самолётлар билан алмаштириш эса ҳозирча имконсиз. “Известия” қайд этишича, шу сабаб 2025 йилда Россияда йўловчи оқими бироз пасайган.

Экспертлар фикрича, 2025 йилга келиб Россия дилерлари учинчи давлатлар орқали Airbus ва Boeing учун санкция остидаги эҳтиёт қисмларни “кулранг импорт” (яширин/айланма йўллар) билан олиб киришни йўлга қўйган. Уларга кўра, шунингдек “каннибализация” — яъни айрим самолётларни эҳтиёт қисм учун қисмларга ажратиш амалиёти авиакомпанияларга санкцияларга қарамай ғарб самолётларини ишлатишда давом этиш имконини беряпти.

“Агентство” нашри RussiaPlanes маълумотномаcига таяниб ёзишича, “Россия” авиакомпаниясида сақловда еттита Boeing 747 бор: энг эскиси 28 ёшда, энг янгиcи 25 ёшда. Уларнинг учишга яроқлилик сертификатлари 2021–2024 йиллар оралиғида тугаган. Red Wings авиакомпанияси паркида эса тўртта Ту-204 бор: энг эскиси 31 ёш, энг янгиcи 17 ёшда. Бу бортларнинг учишга яроқлилик сертификатлари 2019–2025 йиллар оралиғида якунланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид