Жаҳон | 22:22 / 14.11.2023
8849
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ҳарбий хизматнинг янги тури жорий қилиниши мумкин 

Мамлакат 2025 йилдан захирадаги ҳарбий хизматни жорий этмоқчи. 

Фото: Tengrinews

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутатлари 2025 йилдан захирадаги ҳарбий хизматни жорий қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқади. У умумий «тревога» шароитида чақирув комиссияларисиз ҳарбийларни сафарбар қилишга рухсат беришни назарда тутади. 

Ишчи гуруҳ раҳбари, депутат Ермурат Бапи сўзларига кўра, ушбу янгилик қисқа вақт ичида Қозоғистон қуролли кучларини қўшимча кадрлар билан таъминлайди. 

«Захирадаги хизмат ҳарбий хизматнинг янги тури ҳисобланади. Захирадаги хизмат орқали Қозоғистон ихтиёрий равишда хизмат қилиш истагини билдирган фуқароларни армияга ёллаши мумкин. Захира хизмати жорий этилиши билан узоқ сафарбарлик жараёнига эҳтиёж қолмайди. Бундан ташқари, ушбу хизматнинг жорий этилиши бизга зарур бўлган ҳарбий мутахассисликлар бўйича захира қўшинларини тайёрлаш имконини беради ва мавжуд қисмларнинг жанговар тайёргарлигини оширади. Захирага ихтиёрий асосда қабул қилинади. Ҳар бир фуқаро билан уч йилга шартнома тузилади. Аммо умуман олганда, захирачилар фақат уруш бошланган тақдирда қўшимча жанговар бирлик эканини тушуниш керак», деди депутат. 

Унинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ҳарбий хизматга ҳарбий қўмиталар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри сафарбар қилиш имконини беради. Ҳарбий хизматчилар «тревога» эълон қилинган кун, уруш ёки бошқа хавф-хатарлар шароитида ўзи тайёргарликдан ўтган қисмга тезкор келиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид