Ўзбекистон | 20:40 / 18.11.2023
12991
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкентдаги маҳаллада ободончилик ва қишга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Ҳабиб Абдуллаев номли маҳалласида бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд қилинишича, маҳаллада 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда 38 та кўпқаватли уй ва тўртта ижтимоий объект бор.

Давлат раҳбари шу ерда туман фаоллари, кексалар билан суҳбатлашди. Энергияни тежаш, хонадонлардаги иссиқликни асраш, ҳар бир инсонда бунга дахлдорликни шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

- Дунёдаги иқлим ўзгаришлари биздан узоқда, деб бўлмайди. Ўтган йилги совуқ буни кўрсатди. Энди иқлим ўзгаришини инобатга олиб, дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришимиз керак. Ҳар бир фуқаро «бу менинг уйим, менинг маҳаллам, менинг туманим, менинг Ватаним» деб яшаса, натижа биз кутгандек бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарига қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида «Янги Ўзбекистон» кўчаси ва 4R12 магистрал йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.

Қайд қилинишича, бу кесишма келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўл бўлади. Лойиҳага кўра, бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннел, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади.

Президент «Дўстлик - Қўйлиқ» ерусти метроси тагида қурилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида бу ерда 36 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, спорт ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар барпо этилади.

Мутасаддиларга бу ерда хавфсизлик чоралари ва назоратини таъминлаш, Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид