Жаҳон | 21:36 / 19.11.2023
32021
9 дақиқада ўқилади

Си ва Жонинг кутилган учрашуви ва оятуллоҳнинг ҲАМАСга хитоби – ҳафта хорижий дайжести

Кузнинг охирги ҳафталаридан бири якунланмоқда. Қуйида ўтган бир ҳафта давомида дунёда содир бўлган асосий воқеалар эсланади.

Ҳафта босқини

Гўёки инсон онги ривожланиб, яшаш осонлашган бир даврда Яқин Шарқдаги митти бир анклавда, 8 миллиард киши кўз ўнгида шунчалик даҳшатли ишлар содир бўляптики, улардан одамзот мукаммаллашиб эмас, тубанлашиб боряпти деган хулосага келиш мумкин.

Исроил мудофаа армияси 15 ноябрга ўтар кечаси Ғазодаги бош шифохона бўлмиш «Аш Шифо»га танклар билан бостириб кирди. БМТ маълумотига кўра, бу вақтда касалхона ҳудудида 2300 дан ортиқ киши – беморлар, шифохона ходимлари ва шу ердан бошпана топган тинч аҳоли вакиллари бўлган. Исроил босқини бошлангандан буён Ғазода одамлар фақат ракета зарбаларидан эмас, шунчаки касалхоналарда электр энергияси йўқлиги сабабли ҳам ўлиб кетмоқда.

«Аш Шифо»да нисбатан шароит тузук бўлгани сабаб оғир беморлар шу ерга олиб келинаётганди, аммо исроиллик ҳарбийлар танкда кириб борганидан кейин у ерда вазият чидаб бўлмас даражага етган.

Касалхона куйиш бўлими бош шифокорининг айтишича, 14 ноябрдаги босқиндан кейин куйиш жароҳати билан жонлантириш бўлимида ётган, шунингдек, сунъий нафас олиш аппаратига уланган беморлар жон берган.

Бундан ташқари, касалхонада жуда кўп чала туғилган ва махсус боксларда сақланаётган норасида чақалоқларнинг ҳолати ҳақида маълумот йўқ. Баъзи шифокорлар исроиллик ҳарбийлар касалхонадан чиқаётганда техникаларни ҳам вайрон қилиб кетганини айтган.

Исроил томони касалхонага киришга унинг остида ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти борлиги сабаб бўлганини иддао қилган. Гўёки бунинг исботи сифатида бир нечта автомат, патрон ва гранаталар ҳам намойиш этилди.

Аммо кўпчилик бутун бошли қўмондонлик пунктида шунча кам миқдорда қурол бўлганига шубҳа билан қараяпти. Исроил 2000-йиллардан буён бу касалхона ҲАМАС қароргоҳи эканини иддао қилиб келади, лекин ҳозиргача ҳеч қандай исбот келтирилмаган.

Ҳафта ташрифи

Бу ҳафтанинг энг муҳим воқеалардан бири Хитой раиси Си Жинпингнинг АҚШга ташрифи бўлди. Умумий ялпи ички маҳсулот ҳажми 44 триллион долларни ташкил этадиган икки иқтисодий гигант давлат раҳбарлари Сан-Франсискода учрашув ўтказди.

Учрашувда томонлар нима борасида келишиб олгани аниқ эмас, лекин Шарқий Европа ва Яқин Шарқда даҳшатли уруш кетаётган, дунё иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг таранг сиёсий даврни бошдан кечираётган бир вақтда АҚШ ва Хитой раҳбарлари номигагина учрашмагани аниқ.

Бу икки давлат ўртасидаги Трамп даврида бошланган савдо урушидан бутун дунё нархлар ошиши кўринишида зарар кўрди. Айниқса Украинадаги урушда улар фарқли тарафни қўллагани вазиятни янада кескинлаштирди. Шу сабаб Хитой ва АҚШ етакчиларининг учрашувини дунё учун яхши янгилик дейиш мумкин. Учрашувда позитивликка умид берадиган яхши гаплар ҳам айтилди. Масалан, Си Жинпинг дунё АҚШ ва Хитой бир-биридан қолишмай ривожланиши учун етарли даражада кенг экани, рақобат душманликка айланиб кетмаслиги кераклигини айтди.

Сан-Франсискодаги учрашувда муҳим ҳарбий келишувга ҳам эришилди. Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан кейин Хитой ва АҚШ ўртасидаги тўғридан тўғри армия алоқалари чинликлар ташаббуси билан тўхтатиб қўйилганди. Байден ва Си ўртасидаги мулоқотдан кейин мана шу линия қайта тикланадиган бўлди.

Ҳафта омадсизи

Дунёнинг энг бой одами Илон Маскка тегишли Space X компаниясининг Ой ва Марсга парвоз учун мўлжалланган Starship ўта оғир ракетасининг иккинчи орбитал синови ҳам муваффақиятсиз чиқди. 18 ноябр куни Техасдаги Starbase учириш майдонидан парвозни бошлаган ҳаво кемаси билан 10 дақиқа ўтиб алоқа йўқолди.

Кўп марта фойдаланиш мумкин бўлган ракета тизими Ship25 ҳаво кемаси ва Super Heavy космик ташувчисидан иборат бўлиб, баландлиги 122 метр эди. Режа бўйича Ship 25 иккинчи орбитал синов вақтида Ер атрофини айланиб чиқиши, кейин эса Тинч океанининг Ҳавайи оролларига яқин қисмига қўниши керак эди. Аммо учувчисиз амалга оширилган парвоз муваффақиятсиз чиққан.

Апрел ойида амалга оширилган биринчи уриниш ҳам муваффақиятсиз чиққан ва ўшанда ташувчидан ажрала олмаган кема Мексика кўрфази устида портлатиб юборилганди.

Маск ҳафта давомида фақат шу муаммо билан чекланмади. У сотиб олганидан буён доим муҳокамалар марказида бўлаётган Твиттер ижтимоий тармоғи билан боғлиқ яна бир можаро содир бўлди.

Apple, Disney, Comcast, Lionstage ва Paramount global каби йирик компаниялар Твиттерда реклама беришдан воз кечишди. Wasshington Post'нинг ёзишича, юқоридаги компаниялар эндиликда ИКС деб юритилаётган Твиттерда антисемитизм тарғиботи кучаяётгани сабаб шундай қарорга келган. АҚШ нашрларига кўра, Apple каби йирик компаниялар ўз маҳсулотлари рекламаси Твиттерда Адолф Ҳитлернинг нацизм маънавий уйғониш экани ҳақида айтган гапларидан ясалган мемлар билан бир қаторда кетаётганидан норози бўлган.

Apple билан реклама шартномаси бекор қилиниши Твиттер учун қимматга тушиши аниқ. Чунки техногигант биринчи чоракнинг ўзида Твиттерга реклама учун 50 миллион доллар тўлаган. Кейинроқ IBM ҳам Твиттерга реклама жойлашдан воз кечишини маълум қилган.

Ҳафта қайтиши

Буюк Британиянинг 75-бош вазири, 2010 йилдан 2016 йилгача қироллик ҳукуматини бошқарган Дэвид Кэмерон яна катта сиёсатга қайтди ва Бирлашган Қироллик ташқи ишлар вазири сифатида ишга киришди. Бу қиролликда 1970-йиллардан буён илк марта собиқ бош вазир яна ҳукуматга қайтиши бўлди.

Кэмероннинг қайтиши кутилмаганда содир бўлди. Гап шундаки, Британиянинг эндиликда собиқ ички ишлар вазири Суэлла Браверман Лондонда Фаластинни қўллаб ўтказилаётган маршларда маҳаллий полиция етарлича қаттиққўллик билан ҳаракат қилмаётгани ҳақида гапиргани фонида кескин танқидлар остида қолиб кетди.

Шундан кейин Сунак бошчилигидаги ҳукумат Браверманни истеъфога чиқарди ва ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Жеймс Клеверли ички ишлар вазири лавозимига ўтказилди. Бўш қолган ташқи ишлар вазири курсисини эса собиқ бош вазир Кэмерон эгаллади.

Бош вазирлик лавозимида ишлаган вақтида Қримни аннексия қилган Россияни «катта саккизлик» аъзолигидан чиқариб юборишга эришган Кэмерон ташқи ишлар вазири бўлгач, Киевга бориб Володимир Зеленский билан учрашишга ҳам улгурди.

Ҳафта огоҳлантириши

Кўпчилик Исроил босқинига қарши урушаётган ҲАМАС ҳаракатини Эрон қўллаши ҳақида гапиради, лекин Reuters нашри ёзишича, форс давлати раҳбарлари халқаро майдонда ҲАМАСни қўллашини айтаётган бўлса-да, аслида улар Эронга хабар қилмай Исроилга ҳужум қилганидан норози бўлган.

«Сиз Исроилга ҳужум ҳақида бизни огоҳлантирмадингиз ва биз энди сизнинг номингиздан урушга кирмаймиз», дея Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Хоминаийнинг сўзларини келтирган Reuters манбаси.

«Эрон олий раҳбари ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Хонияга Эрон ҳаракатни сиёсий ва руҳий томондан қўллашда давом этиши, лекин урушга кирмаслигини айтган. Оятуллоҳ ҲАМАСдаги «Ҳизбуллоҳ» ва Эрондан Исроилга бостириб киришни талаб қилаётганларнинг овозини ўчиришни сўраган», деб ёзади Reuters.

Ҳафта қаҳрамони

17 ноябр куни Жанубий Америкада жаҳон чемпионати саралашининг 5-тур ўйинлари ўтказилди. Турнинг марказий ўйинларидан бирида ўз майдонида Бразилияни қабул қилган Колумбия ажойиб камбэк қайд этиб ғалаба қозонди.

«Роберто Мелендез Метрополитан» стадионида ўтган ўйинда «Ливерпул»нинг колумбиялик ҳужумчиси Луиз Диаз иккита гол уриб Колумбияга ғалаба келтирди. Футболга қизиқмаган одам учун оддий ўйин, лекин футбол оламига бегона бўлмаганлар бу қанчалик ҳиссиётларга бой ўйин бўлганини ҳис қилади.

Гап шундаки, яқинда Луизнинг отаси Мануэл Диасни жиноий тўда ўғирлаб кетиб, асирликда сақлади. Бу вақт давомида футболчи бир муддат «Ливерпул» машғулотларида қатнашмади, бутун футбол олами уни қўллаб-қувватлади. Вазиятга мамлакат ҳукумати ва армия аралашди. Қутқарув операциясини Колумбия махсус кучлари полковниги Жеованни Кристанчо бошқарди. Жиноий гуруҳ армия кучлари чекингач, Диаснинг отаси қўйиб юборилишини айтди ва у 12 кунлик асирликдан кейин оиласи бағрига қайтди.

17 ноябрдаги Бразилияга қарши ўйинни катта Диас стадиондан туриб кузатди. Ўғли 5 дақиқа иккита гол ургач эса ўйин режиссёрлари катта экранда трибунада ўтирган ва ўзини йиғидан тия олмаётган Мануэл Диасни кўрсатишди. Шу тариқа, аввало бутун дунёдан отасини қутқаришга ёрдам сўраган, кейин эса Бразилияни бир ўзи нокаутга учратган Луси Диас фарзандлик бурчини аъло даражада бажарди.

 

Мавзуга оид