Инсоният учун урушлар, қимматчилик ва хаос кўринишида синовларга бой бўлган 2023 йилнинг охирги ойи бошланди. Бўлиб ўтаётган воқеалар, масъулиятсиз дунё етакчиларининг баёнотларига қараганда кейинги йил ҳам тинч ўтадиганга ўхшамаяпти. Қуйида ортда қолаётган ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини ёдга оламиз.

Йўқотиш

Ҳенри Киссенжер. Дунё сиёсатига бефарқ бўлмаганлар учун бу ном кўп нарсани англатади. Бугун дунё гўёки иккига бўлинган, катта давлатлар бир-бирига душман бўлган. Киссенжер мана шундай замонда ҳам вафоти учун барча гигант давлатлар ҳамдардлик билдирадиган даражада буюк инсон эди.

Бўлажак сиёсатчи 1923 йил Бавариянинг Фюрте шаҳрида яҳудийлар оиласида туғилади. Фашистлар таъқибидан қочган оила Ню-Йоркка йўл олади ва Киссенжер океан ортида аввал ўз ҳаётини, кейин эса унутилмас сиёсатчилик даврини бошлайди.

Табиийки немис тилини мукаммал билган 20 ёшли йигитча 1943 йил иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШ армиясига жалб этилиб, разведка гуруҳига жойланади. Урушдан кейин Германияни яхши билгани учун олмон ерларида денацификация операцияларида разведкачи сифатида қатнашади.

Киссенжер АҚШ тарихидаги энг мураккаб турғунлик даврида мамлакатнинг энг муҳим дипломати сифатида фаолият олиб борган. Уоттергейт можаросидан кейин мамлакат тарихида истеъфога чиққан ягона президентга айланган Ричард Никсон Оқ уй раҳбарлигига киришиши билан Киссенжерни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлайди.

Кейинчалик сиёсатчига АҚШ давлат котиби лавозими ишониб топширилади. Қизиғи, Киссенжер бу лавозимни кейинги президент Жералд Форд вақтида ҳам сақлаб қолади. Бунақаси АҚШ сиёсатида бошқа такрорланмаган.

Киссенжер номини тарихдаги учта муҳим воқеа билан боғлашади. У 4 йил давом этган мураккаб музокаралардан кейин Виетнамда уруш тугашига, иккига бўлинган мамлакат мустақил сайловлар орқали бирлашиши борасида келишув имзоланишига эришади. 70-йиллардаги деярли мавжуд бўлмаган АҚШ – Хитой муносабатлари айнан Киссенжернинг саъйи ҳаракатлари билан илиқлашади.

Кўп ўтмай дипломат АҚШ ва СССР муносабатлари илиқлашишига ҳам эришади. Унинг ҳаракатлари эвазига Никсон СССРга расмий ташриф билан борган илк АҚШ президентига айланади. Икки давлат душманчилиги кейинчалик Россия – АҚШ кўринишида давом этган бўлса-да, Киссенжер доим руслар учун ҳурматли дипломат бўлиб қолди.