Жаҳон | 10:37 / 19.11.2023
21744
14 дақиқада ўқилади

СССР томонидан НАТОга қарши тузилган ҳарбий блок – узоқ яшамаган Варшава шартномаси ташкилоти тарихи

НАТО тузилганидан сўнг бир неча йил ўтиб СССР Шарқий Европадаги социалистик лагерга кирувчи давлатлар билан биргаликда унга қарши ҳарбий блок тузади. Сўнг ГДР, Полша, Чехословакия, Венгрия, Болгария ва Руминияда ҳарбий базалар очиб, уларга миллионга яқин совет ҳарбийлари жойлаштирилади. Бор-йўғи 35 йил яшаган бу ҳарбий блок СССР парчаланишидан бироз аввал тарқаб кетади.

Фотоколлаж: Kun.uz

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг дунёдаги геосисий вазият бирданига ўзгаради. Кечагина иттифоқчи бўлиб юрган давлатлар – СССР ва АҚШ ўртасида кескин рақобат пайдо бўлади.

Аслида бу рақобат кескин бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Подстам конференциясида советлар ўзлари озод қилган Шарқий Европа давлатларини таъсир доираларида ушлаб қолишларини маълум қилади.

Шунда АҚШ, Британия ва Франция раҳбарлари Сталиндан ҳеч бўлмаганда Полшани ўз ҳолига қўйишни ва қувғинликда юрган поляк ҳукуматининг Варшавага қайтишига рухсат беришини сўрашади. Бироқ рад жавобини олишади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа харитаси жиддий ўзгаради

Ана шу жойда Америка ва Британия ўзларига жиддий рақиб пайдо бўлганини тушуниб етади. Шундан сўнг Германияни, Корея яриморолини, Хитойни, кейинчалик Ҳиндихитойни коммунистлар эгаллаб олмаслиги учун ҳаракат қилишади.

Германия ва Корея яриморолининг ярмини ўз қўл остида сақлаб қолган Ғарб қисман ўз мақсадларига эришади ва Хитой ҳамда Ҳиндихитой масаласида мағлуб бўлади.

Шу тариқа 1940-йилларгача анча қолоқ бўлиб юрган СССР иккинчи жаҳон урушидан кейин унинг асосий ғолиби сифатида катта саҳнага чиқади ва ўз таъсир доирасига олган ҳудудлар – Шарқий Европа давлатлари, Мўғулистон, Хитой ҳамда Шимолий Кореяда коммунистик тузум ўрнатади.

Охир-оқибат капиталистик дунёга қарши бўлган иккинчи қутб – социалистик лагер шаклланади ва СССР унга бош бўлади. Кейинчалик социалистик лагер кенгайиб, аввал Кубада, 10 йиллик (1965-1975) урушдан сўнг Ветнам ва Лаосда ҳам коммунистик тузум ўрнатилади.

Социалистик лагерга кирувчи давлатлар (Харитада кейинроқ коммунистик тузум ўрнатилган Германия демократик республикаси, Лаос ва Куба кўрсатилмаган)

СССР социалистик қутб лидери бўлар экан, ҳар жабҳада АҚШга рақобат қила бошлайди. Америкадан сўнг иккинчи бўлиб атом бомба яратилади.

1949 йилда АҚШ бошчилигида ғарбликлар НАТО ҳарбий блоги тузишади. Кўп ўтмай 1955 йилда унга қарши СССР бошчилигида социалистик лагерга кирувчи давлатлар томонидан ҳарбий блок тузилади. Бу ҳарбий блок Варшава шартномаси ташкилоти деб аталган.

НАТОнинг тузилиши ва кенгайиши

1949 йил 4 апрелда АҚШ, Канада ва Европанинг 10 та давлати томонидан НАТО (North Atlantic Treaty Organization – Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқи) тузилгани эълон қилинади.

Ташкилотни тузиш ғояси 1947 йилда АҚШ президенти Ҳарри Трумэн томонидан илгари сурилган. НАТОнинг илк таъсисчилари Европадан Белгия, Британия, Дания, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия ва Франция, океан ортидан АҚШ ва Канада аъзо бўлишади.

1952 йил ташкилотга Греция ва Туркия, 1955 йилда ГФР, 1982 йилда Испания қўшилади. 1991 йилда СССР парчаланиши арафасида социалистик лагер ҳам тарқаб кетади. Шундан сўнг Шарқий Европадаги бир қатор давлатлар НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширади.

Ташкилотга 1999 йилда Венгрия, Полша, Чехия, 2004 йилда Болгария, Латвия, Литва, Эстония, Словакия, Словения, Эстония, 2009 йилда Албания ва Хорватия, 2017 йилда Черногория, 2020 йилда Шимолий Македония аъзо бўлади.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач руслар билан чегарадош бўлган Финландия ҳам ариза топширди ва 2023 йил 4 апрел куни НАТОга аъзо бўлди. Шу тариқа унга аъзо бўлганлар сони 31 тага етди.

Харитада кўк рангда НАТОга аъзо давлатлар кўрсатилган

Финлар билан бирга ариза топширган Швецияга Туркия қаршилик кўрсатиб келмоқда. Бироқ яқин орада Швеция ҳам ташкилот аъзоси бўлишига шубҳа йўқ.

Ташкилот низоми 14 та бўлимдан иборат. Ундаги энг муҳимларидан бўлган 5-бўлимда «Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат ташкилотнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган деб баҳоланади ва жавоб чоралари кўрилади», деб ёзилган.

Ўша пайтда бу ташкилотни тузишдан мақсад Европани иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳарбий салоҳияти ниҳоятда кучайиб кетган СССРдан ҳимоя қилиш бўлган.

Ташкилот нима мақсадда тузилгани ҳеч қачон сир сақланмаган ва бу ҳақда ҳар доим ошкора гапирилган. Масалан, 2009-2014 йилларда НАТО бош котиби лавозимида фаолият юритган даниялик сиёсатчи Андерс Фог Расмуссен алянс СССРнинг Европага эҳтимолий тажовузлари олдини олиш учун ташкил этилганини айтганди.

«НАТО дунёдаги вазият анча хавфли бўлиб турган пайтда тузилган эди. СССРнинг Европага таъсири кучайиб борар экан, ўшанда 12 та давлат нафақат хавфсизлик учун, балки инсоният учун энг асосий қадриятлар – эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун бирлашдилар», деган эди у.

НАТО ҳарбий базалари ва алянсга тегишли ҳарбий гуруҳлар жойлашган жойлар рақамлар билан кўрсатилган

Варшава шартномаси ташкилотининг тузилиши

1949 йилда НАТО ташкил этилар экан, 1954 йил СССР ҳам ҳамкорлик қилиш учун ташкилотга мурожаат қилади, аммо бу таклиф аъзо давлатлар томонидан рад этилади. Шундан сўнг СССР социалистик давлатлар иштирокида ҳарбий блок тузишга қарор қилади.

Бу ҳарбий блокнинг тузилишига бошқа бир жиддий сабаб ҳам бор эди. Ўша пайтда Шарқий Европа давлатларида СССРнинг жуда катта армияси жойлаштирилган ва улар халқаро қоидаларга зид равишда сақланаётганди.

СССР ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун уларнинг биронтаси билан алоҳида келишувга эга эмасди. Совет ҳарбийлари шунчаки немис-фашистлардан қутқарган «халоскор армия» сифатида турганди.

СССР Шарқий Европа давлатлари билан ҳарбий блок тузиб, ўз армиясининг улар ҳудудида туришини легаллаштириб қўйишни хоҳларди. Ўша пайтларда Шарқий Европа давлатларини СССРга вассал бўлган қўғирчоқ ҳукуматлар бошқарар ва Москва уларга гапини ўтказа оларди. Шу учун ҳам ҳарбий блок тузишда муаммолар бўлмайди.

1955 йил 14 май куни СССР, Албания, Болгария, Венгрия, ГДР, Полша, Руминия ва Чехословакия делегациялари Варшава шаҳрида йиғилишади. Ўшанда Полша пойтахтига давлат раҳбарларидан ташқари барча йиғилади.

Масалан, асосий ташкилотчи СССР бўлгани учун совет делегацияси таркибида СССР ТИВ раҳбари Вячеслав Молотов, Министрлар совет раиси Николай Булганин, Мудоофа вазири Георгий Жуков, Маршал Иван Коневлар бор эди.

Маршал Иван Конев, СССР Ташқи ишлар вазири Вячеслав Молотов, Министрлар совети раиси Николай Булганин ва Мудофаа вазири маршал Георгий Жуков Варшавада шартномани имзолаш вақтида, 1955 йил 14 май
Фото: alamy.com

Ташкилотда томонларнинг иштироки, ҳарбий базаларнинг жойлашуви моддий ва ҳарбий таъминот каби масалалар келишиб олингандан сўнг юқорида номлари келтирилган 8 та давлат томонидан «Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида» шартнома имзоланади.

1955 йил 5 июнгача иштирокчи барча давлатлар ратификация қилгач шартнома кучга киради. Шу тариқа янги ҳарбий блок пайдо бўлади. Бу ҳарбий блокнинг асосий ҳарбий ва моддий таъминотчиси СССР эди.

Ўша пайтда Сталин қоралангани учун СССРдан аразлаб юрган Югославия раҳбари Иосиф Броз Тито ҳарбий блокка қўшилмаслигини маълум қилади. Хитой эса кузатувчи мақомини олади.

Шартнома 12 та қисмдан иборат бўлиб, унинг асосий бандида шартномани имзолаган давлатлардан биронтасига ташқи душман ҳужум қилса, унга ўзини ҳимоя қилиши учун ҳарбий кўмак бериш назарда тутилганди.

Бундай банд НАТОда ҳам бор. Маълумот учун, СССР тарқаб кетгандан сўнг Россия ташаббуси билан тузилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида ҳам шундай банд киритилган.

Шартнома бандларида ҳарбий блокнинг штаб-квартираси Москвада бўлиши, турли масалалар бўйича қарорлар Сиёсий маслаҳатлашув қўмитаси томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилганди.

Варшава шартнома ташкилотига аъзо давлатлар қизил чизиқда кўрсатилган

Шундан сўнг СССР шартномани имзолаган давлатларда ҳарбий базалар қура бошлайди. Шунингдек, Шарқий Европадаги социалисик лагерга кирувчи давлатлардаги ҳарбийлар сонини кескин оширади.

Жумладан, ГДРга қарийб 400 минг (кейинчалик уларнинг сони ярим миллион нафаргача оширилади), Чехословакияга 80 минг, Полшага 40 минг, Венгрияга 70 минг совет ҳарбийлари жойлаштирилади.

Шу тариқа СССР раҳбарияти НАТОга қарши туриш учун ҳар йили Шарқий Европа давлатларига жойлаштирилган ҳарбийлар учун миллиардлаб рубл сарфлай бошлайди.

Ҳарбий блокнинг барча раҳбарлари фақат СССРдан тайинланган. Улар қуйидагилар эди:

  • Маршал Иван Конев – 1955-1960 йилларда раҳбарлик қилган;
  • Маршал Андрей Гречко – 1960-1967 йилларда раҳбарлик қилган;
  • Маршал Иван Якубовский – 1967-1976 йилларда раҳбарлик қилган;
  • Маршал Виктор Куликов – 1977-1989 йилларда раҳбарлик қилган;
  • Генерал Петр Лушев – 1989-1991 йилларда раҳбарлик қилган.

ВШТ қатнашган ҳарбий ҳаракатлар

Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбийлари илк бор, ҳарбий блок тузилгандан бир йил ўтиб Венгрияда содир бўлган халқ ҳаракатини бостиришда қатнашган эди.

1955 йилда ВШТ тузилгандан сўнг Ғарб давлатлари СССРдан Австрияда турган 50 минг ҳарбийни олиб чиқишни талаб қилишади. Москва ўша қўшинни СССРга эмас, Венгрияга жойлаштиришга қарор қилади.

Советларнинг бу қарорига венгр халқи қарши чиқади ва намойишлар бошланиб кетади. Будапештга совет армияси киритилади ва намойишлар қуролли тўқнашувга айланади.

ВШТ таркибида бўлган совет ҳарбий техникалари Будапештда, 1956 йил
Фото: lovely0smile.com

Кўп ўтмай Венгрия ҳукумати ҳамда армияси ҳам қўзғолончилар томонига ўтганини эълон қилади ва Москвага ўз қўшинларини Венгриядан олиб кетиш талаби қўйилади.

Ўшанда СССР венгрларга ён берса, Шарқий Европадаги бошқа давлатлар ҳам озодлик талаб қилиши мумикн эди. Шу сабабли венгрлар қўзғолони аёвсиз бостирилади.

Қўзғолончиларга қарши жангларда совет армияси билан бирга ВШТга аъзо давлатлар ҳарбийлари ҳам қатнашади. Венгрияга советлар томонидан қўйилган қўғирчоқ раҳбар ташкилотга мурожаат билан чиқади. ВШТ бунга жавобан Венгрияга ўз ҳарбийларини юборади.

ВШТ ҳарбийлари кейинчалик 1965-1975 йилларда давом этган Ветнам урушида ҳам шимолликлар томонида туриб қатнашади.

1968 йилда Чехословакия пойтахти Прага шаҳрида советларга қарши намойишлар бошланади. Чехлар коммунистик режимдан воз кечиш ва эркин бозор муносабатларига ўтиб, Ғарб билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни талаб қилиб чиқади.

ВШТ таркибида бўлган совет танклари Прага кўчаларида
Фото: www.guardian.co.uk

1956 йилда Венгрияда бўлгани каби дарҳол мамлакат пойтахти Прагага совет қўшинлари киритилади. Пойтахт аэропорти эгаллаб олинади ва Прагага қўшимча тарзда совет армияси ва ВШТга аъзо давлатлар ҳарбийлари киритилади.

Ўшанда советларнинг бу ишига Албания қарши чиқади ва ўз ҳарбийларини Чехословакияга юбормайди. Прага қонга ботирилгандан сўнг албанлар ВШТдан чиқишларини эълон қилишади ва ташкилот доирасида ҳарбий ҳамкорликни бутунлай тўхтатишади.

Ҳарбий блокнинг тарқаб кетиши

1985 йилда Константин Черненко вафот этади ва СССРга Михаил Горбачёв раҳбар бўлади. Шундан сўнг совет иттифоқида ислоҳотлар бошланади.

Кўп ўтмай Афғониистондан совет армияси олиб чиқилиши эълон қилинади. Мамлакатда эътиқод эркинлиги берилади. 1980-йиллар охирида коммунистик тузум яккаҳокимлигидан воз кечиш масаласи кўтарилади.

Оммавий ахборот воситалари эркинроқ ишлай бошлайди ва танқидий мақолалар ва кўрсатувлар кўпаяди. Ана шундай вазиятда СССРда бошланган ислоҳотлар шамоли Шарқий Европада давлатларига ҳам етиб боради.

Шундан сўнг ВШТ га аъзо бўлган иттифоқчи давлатлар коммунистик тузумдан воз кеча бошлашади. Ана шу жараёнларда улар ВШТдан ҳам бирин-кетин чиқиб кетишади. Энг аввал 1990 йил 14 май куни ГФР билан бирлашган ГДР ҳамда Албания чиқиб кетади.

1980-йиллар охирида Шарқий Европа давлатларида СССР ҳарбийларга қарата шундай шиорлар илина бошланади
Фото: www.alamy.com

1991 йил 1 июл куни Прагада СССР, Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Чехословакия вакиллари иштирокида ВШТ ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақидаги ҳужжат имзоланади. Шу тариқа, бор-йўғи 35 йил яшаган ҳарбий блок СССРнинг ортидан тарқаб кетади.

Совет қўшинларини Шарқий Европа давлатларидан чиқариш 1990 йилда бошланади. Энг аввал Чехословакиядан олиб чиқилади. Сўнг Венгриядан 70 минг, Полшадан 50 минг ҳарбий ва минглаб ҳарбий техникалар олиб чиқилади.

Ўша пайтда советларнинг энг кўп ҳарбий хизматчиси ГДРда эди – 500 минг нафар. Уларни олиб чиқиш жараёни қарийб 4 йилга чўзилади ва сўнгги совет аскари Германияни 1994 йилда тарк этади. Шундан сўнг Шарқий Европада совет ҳарбийларидан ҳеч ким қолмайди.

Совет ҳарбийлари Чехословакияни тарк этмоқда. 1990-йиллари бошлари
Фото: cz.sputniknews.com

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид