Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан навбатдаги интервюда ўқитувчилик касбининг нима учун жозибадор эмаслиги, таълимдаги ҳудудлараро нотенглик ва ҳокимларнинг мактаб ишига аралашуви ҳақида суҳбатлашдик.
Мамлакат ривожланишида ҳар соҳанинг ўрни муҳим. Аммо улар ичида таълимнинг ўрни беқиёс. Чунки таълим келажак авлод ва шунга мувофиқ жамиятни тарбиялайди.
Хўш, бугунги ўзбек мактаб таълимида қандай муаммолар бор, уларни ечиш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Kun.uz навбатдаги суҳбатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан шулар ҳақида гаплашди.
– Мактаб таълимига оид доим беришимиз керак деб ўйлаб юрган қизиқ саволлар бор. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Ҳилола Умарова келгач ПИИМА (Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги) тажрибаларининг имплементацияси кучайганини кўпроқ кузатдик. Мақсад таълим сифатини яхшилаш, педагогларни ўқитиш бўлди, бу борада ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Аммо бу икки тоифадаги мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар бир-биридан анча фарқ қилишини инобатга олсак, тажриба самара беради деб ҳисоблайсизми? Яъни таълимда методология устида қанча ишланмасин, аввало, меҳнат шароити яхшиланмаса, ушбу тажриба самараси сусаймайдими?
— Энди қаранг, мушкул деб ҳеч нарса қилмасдан ўтирсак, 3-4 йилдан кейин ҳам қийин деб қоламиз. Бизга биринчи компютер қўйиб беринглар, хонага электрон доскалар қўйинглар, барча замонавий шароитларни қилиб, кейин методикага ўтайлик деб ёндашадиган бўлсак, ҳеч қачон бўлмайди. Икки томондан ҳам бу ишни қилиб бориш керак.
Ихтисослашган мактабларнинг имконияти яхшироқ дейишим қийин. Масалан, ҳамма биладиган Қоракўл мактаби бор. Уларга замонавий мактаб 2-3 йил олдин қурилди ўзи, лекин олдинги шароитларини эса аввалроқ шу мактабни кўрган одам билади. Тўғри, қанча яхши шароит бўлса, ўқувчилар яхшироқ натижага эришади. Лекин доим ҳам инфратузилма натижа гарови эмас. Мен буни педагоглар таркибига боғлаган бўлардим. Педагоглар яхши бўлса, яхши методикани бемалол беради. Ихтисослашган мактабларнинг ўқитувчилари билим жиҳатдан устунроқ, бошқа мактабларда ҳам шунга урғу бериш керак. Яъни умумтаълим мактаб устозлари ҳам шу даража, билим, интилишга ҳаракат қилиши керак.
Инфратузилмага келсак, ўтган йили давлат бюджетидан мактаблар қурилиши, таъмири ва жиҳозланишига 2 трлн сўм ажратилди, бу йил эса 4 трлн назарда тутиляпти. Илгари бундай 2 баробар ошириш бўлмаган. Керак бўлса, 4 карра оширса ҳам яхшироқ бўлади, лекин бюджет имкониятларини ҳамма тушуниши керак. Методикани тезроқ жорий қилишимиз лозим, инфратузилманинг тўлиқ яхшиланишини кутмасдан. Балки камроқ самара берар ҳозир, лекин секин-аста яхши даражага чиқиб боради.














