Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сунъий интеллект ва билим иллюзияси: Нега ёш мутахассислар ўсишдан тўхтаб қолмоқда?
Сунъий интеллект ёш мутахассислар самарадорлигини 35 фоиздан зиёдга оширса-да, у таҳлилий фикрлаш, мулоқот ва масъулият каби муҳим кўникмаларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Натижада, янги авлод кадрларида ҳақиқий билим ўрнига «билим иллюзияси» ва «когнитив қарз» шаклланиб бормоқда.
Сунъий интеллект ва самарадорликнинг янги даражаси
MIT (Массачусетс технология институти) ва Harvard Business School тадқиқотлари шуни кўрсатадики: ўз фаолиятини энди бошлаган ёшларда ва тажрибаси камроқ ходимларда сунъий интеллект (AI) иш унумдорлигини кескин — ўртача 35-40 фоизга оширади.
Ҳақиқатдан ҳам, бугунги ёш маркетолог, копирайтер, дизайнер ёки ёш мутахассиснинг иш услубини кузатсангиз, ўзгаришлар ҳайратланарли. Илгари соҳага янги кирган одамга бирор вазифа — айтайлик, компания учун реклама матни ёзиш, ойлик ҳисобот тайёрлаш ёки янги лойиҳа тақдимотини тузиш топширилса, у узоқ вақт сарфлар эди. Тажриба камлиги сабабли интернетдан қидирар, китобларни титиб чиқарарди. Хатолар устида соатлаб бош қотирар, энг муҳими — ўзидан тажрибалироқ ҳамкасблари ёки раҳбаридан бориб маслаҳат сўрарди.
Бу жараён, яъни маълумот қидириш, хатони тўғрилашга уриниш ва жамоа билан маслаҳатлашиш босқичлари табиийки вақт олади. Лекин бу машаққат ортида катта мактаб ётган.
Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Ҳозирги ёш мутахассис топшириқ олиши билан биринчи бўлиб ChatGPT ёки Claude каби СИ воситаларига югуради. СИ эса тайёр матнни, чиройли режа ёки тайёр таҳлилни бир зумда тақдим этади. Натижада ишлар кўз очиб юмгунча битди, ҳамма хурсанд. Бироқ, бу ерда жиддий бир савол туғилади: бу ёш мутахассис жараён давомида ҳақиқатда нимадир ўргандими ёки шунчаки «нусха кўчирувчи»га айландими?
Билим иллюзияси ва когнитив қарз
Гап шундаки, СИ пайдо бўлмасидан олдин ишлаган мутахассислар ўша қийин ва қидирувга тўла жараёнда нафақат касбий билимни, балки ҳаётий кўникмаларни (soft skills) ҳам ўрганишган. Маълумотни саралаш, турли манбаларни солиштириш ва ўз ечимини яратиш — буларнинг ҳаммаси таҳлилий ва танқидий фикрлашни шакллантирган. Ҳамкасблардан ёрдам сўраш эса мулоқот қилиш ва тўғри савол бера олиш қобилиятини ривожлантирган.
СИ билан ишлашда эса бу фундаментал босқичлар шунчаки сакраб ўтилади. Натижада мутахассисда ҳақиқий билим эмас, балки психологияда «билим иллюзияси» (Illusion of Knowledge) деб аталадиган ҳолат пайдо бўлади. Инсон сунъий интеллект берган тайёр ва чиройли жавобни ўзининг шахсий заковати маҳсули ўрнида қабул қила бошлайди. Ҳеч қандай меҳнат қилмасдан: «Мен буни бажара оламан», деб ўйлайди, лекин аслида ишни у эмас, компьютер бажарди.
Бу ҳодиса психологияда анча олдин ўрганилган «Google эффекти» ва «Рақамли амнезия» (Digital Amnesia) тушунчалари билан жуда ҳамоҳанг. Инсон мияси маълумотни қаердан осон топишини билса (масалан, Google ёки ChatGPT), ўша маълумотнинг ўзини хотирада сақлашга ҳаракат қилмай қўяди. Натижада маълумот қидириш ва эслаб қолиш қобилиятимиз «атрофияга» учрайди.
Оқибатда эса, бугунги ёшларда жиддий «когнитив қарз» (ақлий қарз) шаклланмоқда. Бу худди кредитга яшашдек гап: «Ҳозирча тайёрини топшириб қўяй, кейинроқ нега бундай бўлганини, бу ғоя қаердан келганини ўрганиб оларман». Бу когнитив қарзлар эса йиғилиб, бора-бора мутахассиснинг пойдеворини бўшатиб қўяди. Илк жиддий, ностандарт ва СИ жавоб бера олмайдиган реал муаммо чиққанда эса, бу пойдевор қулайди.
Эгалик ҳисси: «Етим» маҳсулотлар ва IKEA эффекти
Яна бир катта муаммо — бу «ownershipw», яъни яратган нарсасига нисбатан эгалик ва масъулият ҳисси. Бизнес ва психологияда «IKEA эффекти» деган тушунча бор: инсон ўз қўли билан, машаққат чекиб яратган, хатосини тўғрилаб йиғган нарсасини (у хоҳ стол бўлсин, хоҳ ёзилган мақола) анча кўпроқ қадрлайди ва унга қаттиқ боғланади.
Тасаввур қилинг, сиз бирор тақдимот ёки лойиҳани ўз қўлингиз билан, тунларни кунларга улаб нолдан яратдингиз. Уни турли босқичлардан ўтказиб, хатоларини тузатдингиз. Бу жараёнда сиз ўша лойиҳага меҳнат ва вақтингизни, ҳиссиётингизни бергансиз, у худди сизнинг «фарзандингиздек» бўлиб қолади. Эртага ўша лойиҳа бўйича раҳбарият ёки мижоз олдида савол-жавоб бўлса, уни жон куйдириб ҳимоя қиласиз, чунки ички тузилишини ҳаммадан яхши биласиз.
Энди иккинчи вазият: муаммони ёки мавзуни СИга беряпсиз, у сизга бир зумда тайёр ва мукаммал лойиҳани қайтаряпти. Сиз эса уни шунчаки юклаб олиб, раҳбарга топширяпсиз. Лекин сиз унинг чинакам муаллифи эмассиз. Сизда унга нисбатан қалбий боғлиқлик йўқ.
Вақт ўтган сари бундай маҳсулотлар худди меҳр берилмаган, ҳеч ким чин дилдан бизнес масъулиятини бўйнига олмайдиган «етим» ишлардек бўлиб қолади. Бу матн ёзишда ҳам, дизайнда ҳам, стратегия тузишда ҳам яққол сезилади. Сиз уни тубдан тушуниб, ҳис қилиб яратмагансиз, шунинг учун эртага унда хато чиқса ҳам сизга фарқи бўлмайди, жавобгарликни ҳис қилмайсиз.
Комфорт зонаси тузоғи: Ривожланиш қачон тўхтайди?
Инсон интеллекти ва маҳорати худди мускуллар каби фақат қаршилик, оғриқ ва қийинчиликни енгиш жараёнида ўсади. Ёш мутахассис ҳар гал қийин вазифага дуч келганда мия зўриқиши, ечим излаши ва хато қилиши шарт эди — чунки айнан мана шу «интеллектуал оғриқ» ҳақиқий ўсиш нуқтаси ҳисобланади. Сунъий интеллект ва унинг тайёр жавоблари эса ҳар қандай қийинчиликни бир зумда силлиқлаб, мутахассисни идеал комфорт зонасига жойлаштириб қўймоқда. Қаршилик бўлмаган жойда эса ҳеч қачон чинакам ўсиш бўлмайди.
Қизиғи шундаки, юқорида тилга олинган MIT тадқиқотларида бунга яққол далил топилган: сунъий интеллект тажрибаси камроқ (low-skilled) ходимларнинг самарадорлигини нақд 43 фоизга оширган. Ўз ишининг усталари бўлган юқори малакали профессионалларда бу ўсиш бор-йўғи 17 фоизни ташкил этган.
Бу рақамлар жуда муҳим бир ҳақиқатни очиб беради: сунъий интеллект ўртача даражадаги ишларни тезлаштиради ва барча учун осон бўлган умумий бир стандартни белгилайди. Лекин у юқори профессионалларга хос бўлган ўша ўзига хосликни (эксклюзивликни), чуқур таҳлилни ва кутилмаган ижодий ёндашувларни бера олмайди. Агар ёш мутахассис фақат тайёр шаблонларга таяниб қолса, унинг касбий ўсиши ўша ўртача (average) даражада турғунлашиб, қотиб қолади.
Тажрибали мутахассислар бу комфорт зонаси тузоғига осонликча тушишмайди, чунки уларнинг пойдевори аллақачон мустаҳкам шаклланиб бўлган. Улар СИдан фойдаланганда ҳам танқидий фикрлашни сақлаб қолишади. Берилган натижани шубҳа остига қўйишади, у билан баҳслашишади ва хатосини кўрсатиб беришади. Чунки уларнинг йиллар давомида шаклланган шахсий тажрибаси СИнинг универсал маълумотларидан кўра аниқроқ ва ҳаётийроқдир.
Ҳақиқий профессионал бўлиш учун эса юқорида айтилган ўша қийин, «ғилдиракни қайта кашф қилиш» ва хато қилиш босқичларидан ўтиш шарт. Менинг хавотирим шундаки, ҳозирги ёшлар энг муҳим босқич — фикрлаш ва изланишни бутунлай СИга ишониб топшириб қўймоқда. Навигациясиз (фақат GPS навигацияга қараб ҳайдаш туфайли) йўл эслаб қолиш қобилиятини йўқотган ҳайдовчилар каби, янги авлод ҳам СИсиз мустақил фикрлай олмайдиган бўлиб қолиш хавфи остида.
Ечим технологиядан воз кечишда эмас, ундан фойдаланиш услубини бугунданоқ ўзгартиришда. Агар ўсиш ва ўрганиш муносабатини ҳозирдан ўзгартирмасак, эртага кеч бўлади. Ёш мутахассис СИдан тайёр маҳсулотни кўр-кўрона кўчирадиган «бажарувчи» сифатида эмас, балки «Мана менинг фикрим, буни қандай яхшилаш мумкин? Бу ечимнинг қандай камчиликлари бор?» деб савол берадиган «шахсий ментор» сифатида фойдаланишни ўрганиши шарт. Самарадорлик ошиши яхши, лекин бу шахсий маҳорат ва касбий масъулиятнинг йўқолиши ҳисобига бўлмаслиги керак.
Анвар Нарзуллаев
Сунъий интеллект технологиялари мутахассиси,
"Mohirdev" компанияси раҳбари
Мавзуга оид
21:55 / 15.06.2026
Anthropic АҚШ ҳукумати талабига биноан ўзининг энг кучли сунъий интеллект моделларини ўчирди
11:06 / 14.06.2026
Сунъий интеллект энди шунчаки технология эмас, у стратегик қурол
08:47 / 13.06.2026
150 дан ортиқ математик сунъий интеллект атрофидаги шов-шувларга ишонмасликка чақирди
10:06 / 11.06.2026