Жаҳон | 10:25 / 30.11.2023
17066
3 дақиқада ўқилади

Генри Киссинжер вафот этди

АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер оламдан ўтди. У роппа-роса 100 ёшда эди.

Киссинжернинг консултация фирма ҳисобланмиш Kissinger Associates маълумотига кўра, собиқ давлат котиби Коннектикут штатидаги уйида вафот этган.

Генри Киссинжер 1923 йил 27 май куни Германияда яҳудийлар оиласида туғилган. 1938 йилда оила таъқиблардан қочиб АҚШга кўчиб кетади. Киссинжернинг сиёсий фаолияти 1960-йилларда бошланган.

Генри Киссинжер 1969–1977 йилларда АҚШ президентлари Ричард Никсон ва Жералд Фордга миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи ва кейин Давлат котиби сифатида СССР ва Хитой билан билан муносабатлардаги кескинликни юмшатиш сиёсати архитекторларидан бири бўлганди.

«Челнок дипломатияси» тушунчаси (учинчи давлат иштирокида можароларни ҳал қилиш) Киссинжер номи билан боғлиқ бўлиб, у «Америка ташқи сиёсатининг патриархи» деб ҳам аталади.

Киссинжернинг ташқи сиёсатга бўлган қарашлари икки қудратли давлат, АҚШ ва СССР ўртасидаги қарама-қаршилик йилларида шаклланган, realpolitik сиёсат тарафдори бўлган – бу тўсиқларга чап бериб, принципларга зарар етказиш ҳисобига бўлса ҳам имкониятларни қидириш сиёсатидир.

Дипломат Фаластин-Исроил можаросини барқарорлаштиришда қатнашган ва Исроил ҳамда араб мамлакатлари алоқаларини кенгайтиришга ёрдам берган, шунингдек 1973 йилда Виетнам уруши якунлангани ҳақидаги Париж тинчлик келишувини имзолаган. Мазкур урушни тўхтатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Киссинжер ўша йили тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланган.

Генри Киссинжер (чапда олдинги планда), АҚШ президенти Жералд Форд (Киссинжернинг ортида) ва Америка делегациясининг бошқа вакиллари КПСС ЦК бош котиби Леонид Брежнев, СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико ва АҚШдаги элчи Анатолий Добринин билан советлар иттифоқи бўйлаб ҳаракатланган поездда суҳбатлашмоқда, 1974 йил.

Истеъфога чиққанидан кейин ҳам у сиёсий аренада қолишда давом этди. Хусусан, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини юзасидан чиқишлар қилиб, Киевни ҳудудларини топшириш эвазига бўлса ҳам тинчлик сулҳи тузишга чақирди. Бир неча ой ўтиб у бундай ён бериш таклифидан воз кечди ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади. 2023 йил июлида, 100 ёшлик юбилейидан кейин у Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашганди.

Мавзуга оид