«Киссинжернинг дипломатик донишмандлиги»: АҚШнинг собиқ давлат котиби Пекинга нега борди?
АҚШнинг собиқ давлат котиби 100 ёшли Ҳенри Киссинжер Пекинга ташриф буюрди ва у ерда ХХР раиси Си Жинпинг ва мудофаа вазири Ли Шангфу билан учрашди.
Кейинги учрашув янада қизиқ, чунки яқиндагина Ли Шангфу ўзининг расман америкалик ҳамкасби, Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан учрашувни рад этган эди.
Май ойида ўзининг бир асрлик ёшини қарши олган Киссинжер АҚШ-Хитой муносабатларида қандайдир илгарилашга эришганини айтиш қийин, лекин Си Жинпинг уни жуда илиқ қарши олди: давлат телевидениеси кадрларида кўринишича, Хитой раиси унга жилмайиб, кўриб турганидан хурсандлигини айтган.
«Биз ҳеч қачон ўзимизнинг эски дўстларимизни, уларнинг АҚШ-Хитой муносабатларини, икки халқ ўртасидаги дўстликни ривожлантириш учун қўшган ҳиссасини унутмаймиз», — деди Си Жинпинг.
Жанубий-шарқий Осиёдаги барча давлатлар ҳам Киссенжерга Хитойдагидек илиқ муносабатда эмас. Бу айниқса унинг Виетнамда бўлиб ўтган урушдаги роли билан боғлиқ. Киссенжер аввал урушни қўллаб-қувватлаган, кейин эса имкон қадар тезроқ ва камроқ йўқотишлар билан Виетнамни тарк этиш керак, деб ҳисоблаган. Бу ҳолатда у 1975 йилгача, режим қулагунича Жанубий Виетнамни қўллаб-қувватлаган ва коммунистик шимол етакчилари собиқ давлат котибини ёқтиришмаган.
Бироқ расмий Хитой унинг ташқи дунё, хусусан АҚШ билан муносабатларини тиклашда ёрдам берган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Айнан унинг ҳаракатлари шарофати билан Хитойнинг ташқи сиёсий йўналиши ва иқтисодиёти Ғарб томон юз тутган.
1971 йилда, АҚШ ва Хитой ўртасида ҳеч қандай муносабатлар бўлмаган паллада, президент Ричард Никсоннинг ташрифини тайёрлаш учун Киссинжер Пекинга хуфиёна келади. Ташриф келгуси йили бўлиб ўтади ва АҚШ президенти мамлакатнинг олий етакчилари, жумладан «буюк боқувчи» Мао Жедонг билан ҳам учрашади. Бунга Киссенжернинг саъй-ҳаракатлари билан АҚШ Тайванни ХХРнинг бир бўлаги деб тан олгани ва у ердан ўз қўшинларини олиб чиқишга рози бўлгани туфайли эришилган.
Бу ташрифдан сўнг АҚШ-Хитой муносабатлари нормаллаша бошлади ва Хитой иқтисодиёти дунёга юз тутди. Бу дипломатик жадаллаш ўша пайтдаги СССРга мутлақо ёқмасди, бу ҳам АҚШ ташқи сиёсатининг бир ютуғи эди.
Истеъфодаги дипломат нима қилиши мумкин?
Бир томондан олиб қаралса — ҳеч нарса. Боз устига АҚШ Давлат департаменти Киссинжер Хитойга «АҚШ ҳукумати номидан эмас, ўз ихтиёри билан боргани» ҳақида баёнот берди.
Бошқа томондан, норасмий ташрифлар чоғида расмий дипломатияни ўзи кириб қолган боши берк кўчадан чиқариш бўйича келишувларга эришиш ва таклифлар илгари суриш мумкин.
Бугунги кунга келиб АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларни ишончга асосланган, деб атаб бўлмайди. Айниқса, ҳаво шарлари билан боғлиқ воқеалардан сўнг: Пекиннинг таъкидлашича, улар оддий метерологик кузатувлар билан шуғулланган, Вашингтон фикрича, разведка маълумотларини тўплаган.
Оддий инсон сифатида Генри Киссинжер расмий протоколга боғланмаган, очиқча ва қисқартмаларсиз гапириши мумкин, бу эса унга ҳам, унинг хитойлик ҳамсуҳбатларига ҳам катта эркинлик беради. У Вашингтон нимадан ташвишда эканлиги ва Хитойдан нима истаётганини айта олади.
Худди шунингдек, Хитой томони ҳам тўғридан тўғри гапириш имкониятига эга бўлди.
Норасмий меҳмон виждони қийналмасдан, келгусида дипломатик можаро келиб чиқишидан чўчимасдан, истаган одами билан учрашиши мумкин. Масалан, Россиядан қурол-яроғ харид қилгани учун 2018 йилдан буён АҚШ санкциялари остида бўлган ХХР мудофаа вазири Ли Шангфу билан ҳам. Айнан ўша санкциялар ўтган ойда Сингапурда ўтган форумда Пекин унинг америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан учрашувини тасдиқлашни рад этишига сабаб бўлганди.
Алоқаларни тиклаш
Ўтган йилнинг декабрида берган интервюсида Генри Киссинжер Жо Байден ва ундан аввалги президент Доналд Трампни Хитойга нисбатан сиёсати учун танқид остига олган. Киссенжер АҚШнинг ҳозирги ҳокимияти Хитойни турли қонунсизликларда айбловчи мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, шунинг учун ҳар икки давлат ўртасидаги алоқалар боши берк кўчага кириб қолган.
АҚШ билан савдо ҳамкорлиги Хитой учун шак-шубҳасиз муҳим эканига қарамасдан, у ўзининг сиёсий ва ҳудудий амбицияларидан воз кечмоқчи эмас.
Бу муносабатни Киссенжер билан учрашувда ХХР Компартияси Марказий қўмитаси ташқи ишлар бўйича комиссияси девонхонаси мудири Ванг И ҳаммадан ҳам яхшироқ ифодалаб берди. У бир неча ҳафтадан буён омма олдида кўриниш бермаётган ташқи ишлар вазири Чин Ганг эмас, лекин унинг раҳбари ҳисобланади. Ванг И Хитойни ўзгартириш имконсиз, айниқса уни қуршаб олиб, тийишга ҳаракат қилмаслик керак, деди.
АҚШ ва Хитой сайёрадаги иккита барқудрат давлат бўлиб қолгани ҳисобга олинса, ўзаро қарама-қаршиликда улар принциплар ва очиқ эълон қилинган манфаатларнинг баҳридан ўта олишмайди.
Пекин АҚШнинг икки давлат қуролли кучлари ўртасидаги алоқаларни тиклаш сўровини рад этди. Вашингтоннинг фикрича, бу Ҳинд-Тинч океани минтақасида тинчликни сақлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Тайван атрофидаги халқаро сувларда кучини намоён этаётган хитойлик ҳарбийларнинг қандайдир хатоси тасодифий, бироқ ўта хавфли ҳарбий можарони провокация қилиш хавфи ҳам бор.
Гарчи АҚШ Давлат департаменти Киссенжернинг Хитойга ташрифи норасмий кўринишда эканини таъкидлаган бўлса-да, унинг вакили Киссенжер уйга қайтгач ўз кузатувлари билан бўлишиши мумкинлиги, улар эса дипломатни эшитишга тайёр эканликларини билдирган.
Истеъфодаги дипломатнинг Пекинга ташрифи АҚШнинг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керрининг ташрифига тўғри келди, АҚШ молия вазири Жаннет Йеллен ва Давлат котиби Энтони Блинкеннинг ташрифидан сўнг рўй берди.
Бу эса энг камида ҳар икки давлат муносабатларда илиқлик рўй беришини истаётгани билдиради, гарчи Си Жинпинг Йеллен билан ҳам, Керри билан ҳам учрашмаган бўлса-да.
Айланиб ўтувчи йўл
Киссинжер ўзининг сўнгги сиёсий лавозимини 1977 йилда тарк этган, шундан сўнг ҳам бир неча бор Хитойда бўлган, АҚШ ҳокимиятини бу давлатга нисбатан душманона муносабатда бўлишдан бир неча бор қайтарган.
Пекиннинг яқиндан бошлаб оша бошлаган жанговарлиги АҚШнинг Осиёдаги ҳарбий иштирокининг кенгайишига олиб келди. Бу билан АҚШ Хитойга қарши ҳаракатни кучайтирибгина қолмасдан, Ҳинд-Тинч океани минтақасида ХХР ва КХДР томонидан нодўстона ҳаракатлар амалга оширилгудек бўлса, Америка ўз иттифоқчиларини ташлаб қўймаслигига ишонтирмоқчи.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ўтказилаётган ҳарбий манёврлар, АҚШ вакиллар палатаси собиқ раҳбари Нэнси Пелосининг Тайванга кутилмаганда ташриф буюриши Пекиннинг ғазабли риторикасини провокация қилди.
Ҳар икки давлат раҳбарлари бир-бирининг манзилига айбловчи баёнотлар ёғдираётган бир вазиятда Киссенжернинг Хитой бўйича улкан тажрибаси, ХХР раҳбариятининг унга нисбатан илиқ муносабати ундан эҳтимолли АҚШ-ХХР музокараларини ўтказиш учун «айланиб ўтиладиган йўл» сифатида фойдаланиш учун қулай йўл бўлди.
Си Жинпинг, масалан, Киссинжерни хорижий дипломатлар билан расмий учрашувлар ўтказиладиган Пекиндаги Катта йиғинлар залида эмас, Даоюйтай давлат қароргоҳида — дўстона суҳбат олиб бориш мумкин бўлган сокин жойда қабул қилди.
Хитойликлар расмий протоколга оғишмай амал қилишини ҳам унутмаслик керак, демак расмий қабуллар зали хос шахс учун ярамайди.
Бу ҳолда Си Жинпинг ярим аср муқаддам Киссенжер хитойлик расмий шахслар билан музокара олиб борган, АҚШ-ХХР муносабатлари нормаллашуви бошланган жойда уни қабул қилаётганига урғу берди.
Вақтинчалик жимлик
Таъкидлаш жоизки, Киссенжерни нафақат Хитой етакчиси дўстона қабул қилди. У Пенкинга учиб келганидан сўнг учрашган барча олий мартабали амалдорлар Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларда икки барқудрат давлат ўзаро ҳурматга, ҳамкорлик ва тинчликка интилиши кераклигини айтишди.
Хитой ОАВларининг репортажларида Киссенжер ўзини «Хитойнинг дўсти» деб атагани, АҚШ ҳам, Хитой ҳам бир бирига душманона муносабатда бўлишни ўзига эп кўрмаслиги, ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатлар бутун жаҳонда тинчлик ҳукм суриши ва икки давлат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги маълум қилинди.
Ҳокимиятнинг юқори эшелонлари кайфиятини доимо акс эттирувчи Хитой давлат ОАВлари собиқ давлат котиби ташрифини маъқуллов тонларида ёритди, ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари унинг қатъиятидан ҳайратга тушишди, бу ёшда дунёнинг ярмисини босиб ўтиб, хизмат сафарига келиш чиндан ҳам ҳурматга лойиқ ҳаракат, деб баҳолашди.
Уларнинг айримлари эса донишманд сиёсатчилар тобора камайиб бораётгани, шу сабабли АҚШ аср билан юзлашган одамни жўнатишга мажбур бўлганини писанда қилишди; бошқалари эса Америка дипломатик донишмандликка муҳтож бўлгани сабабли Киссенжер ташаббусни ўз қўлига олганидан хурсандлигини изҳор қилишди.
Шангҳайдаги Фудан университети халқаро тадқиқотлар факултети декани У Синбо Хитойнинг Киссенжерга нисбатан илиқ муносабати ХХРнинг «эски дўстлар»га қандай аҳамият беришидан далолат эканлигини таъкидлаган.
«Бу рамзийлик жуда муҳим. Фикримча, Киссенжернинг Хитойга ташрифи АҚШ ва ХХР ўртасидаги муносабатлар узоқ муддатли истиқболни ўйлаб қурилиши лозимлиги ҳақида белги бериши керак. Оний лаҳзали сиёсий эҳтиёжларга урғу берилмаслиги лозим», — деган У Синбо
Киссинжер, табиийки, Хитой билан боғлиқ ишларда янги одам эмас, у бу давлатга юзлаб марта келган. Унинг Си Жинпинг билан аввалги учрашуви 2019 йилда бўлиб ўтган.
Афтидан, ҳаво шарлари билан боғлиқ воқеалари туфайли чуқурлашган бир неча ойлик адоватдан сўнг дипломатик алоқалар секин-аста тиклана бошлаган.
Киссенжерга кўрсатилган очиқ ва илиқ ҳурмат-эҳтиромдан сўнг Пекин Вашингтон билан янада кенгроқ ҳамкорлик қилишни истаётганини билдирган. Масалан, Ван И АҚШнинг Хитойга нисбатан муносабати Киссенжернинг дипломатик донишмандлиги, Никсоннинг сиёсий жасоратига муҳтож эканини таъкидлаган.
Турлича устуворликлар
Собиқ давлат котибига кўрсатилган илиқ қабул ҳам, АҚШ амалдорларининг расмий ташрифлари ҳам Хитой ҳар қандай ҳолатда ўз устувор мақсадларини ўзгартирмаслиги фактига таъсир ўтказа олмайди.
Австралиядаги миллий университети сиёсатчиси Венти Суннинг айтишича, Пекин Киссенжернинг ташрифидан сўнг ўз дўстига миннатдорлик сифатида ҳам, унинг обрўйини кўтариб қўйиш учун ҳам қандайдир эзгу ният қадамларини ташлаши мумкин.
«Лекин АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар асосини ўзгартиришини кутманглар. Улар хусусий симпатиялар билан эмас, Пекиннинг нималарни ўз миллий манфаатлари деб ҳисобласа, ўшалар асосида аниқланади», — деган Сун BBC’га берган интервюсида.
Киссенжер ўтган йили Киев айрим ҳудудларини Москвага топшириши кераклиги ва Украина нейтрал давлат бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлаб, танқидлар ёмғири остида қолиб кетган эди.
Пекин ҳам тинчлик эвазига Украина айрим ҳудудларидан воз кечишини тақозо этувчи тинчлик режасини илгари суриб келади.
Бироқ, шу йилнинг январида Киссенжер ўз фикрини ўзгартирганини, энди келажакда Украина НАТОга аъзо қилиниши лозим, деб ҳисоблашини таъкидлаган.
Давосдаги форумда чиқиш қилар экан у «Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши тўғри якун бўлиши, жорий вазиятда Украинанинг нейтраллиги маънога эга эмаслиги»ни айтган.
Бир вақтнинг ўзида Америка дипломатияси фахрийси Москва билан мулоқотларга чорлаган, Ғарб давлатлари ва Россия ўртасида тўғридан тўғри урушнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлаган, келажакда бу кризислар енгиб ўтилгач, Москвага халқаро муносабатлар тизимига қайтиш учун имконият қолдирилиши лозимлигини ёқлаб чиқиш қилган.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024