Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олмаотадаги ёнғин: икки ўзбекистонлик ҳалок бўлган ҳостел қурол омбори ўрнида қурилгани айтилмоқда
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида содир бўлган ёнғин оқибатида 13 киши, жумладан, икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг яна икки нафари россиялик, қолган 9 нафари қозоғистонлик бўлган. Ёнғин Олмаотанинг эски шаҳар қисмида жойлашган ҳостелда содир бўлган.
Уч қаватли тураржой биносининг биринчи қавати ва ертўласида ташкил қилинган ҳостел 1,5 ой аввал очилган. Ёнғин оқибатида бинода ташқи ёниш кузатилмаган. Қурбонлар пайдо бўлган тутун ва ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган.
Ёнғин ҳақида тонг соат 05:33 да хабар бориб тушган. Бу вақтда ҳостел ичида 72 киши бўлган ва 59 киши мустақил тарзда ташқарига чиққан. 30 метр квадрат ҳудуддаги ёнғин бир соатда ўчирилган. Офатни бартараф этиш учун 13 та техника ва 46 нафар қутқарувчи иштирок етган.

Тергов ёнғин содир бўлишининг учта вариантини ўрганиб чиқмоқда. Булар электр ўтказгичлардаги туташув, чекиш ортидан матрасда юзага келган аланга, ҳостел ичида турган электросамокатлардан биридаги туташув.
Қозоғистон ФВВ вазири Сирим Шарипхановнинг айтишича, ҳостелда жуда кўп ортопедик матраслар бўлгани сабаб одамларни қутқариш учун имконият кам бўлган. Бундан ташқари, заҳарли тутун қутқарувчилар ишини қийинлаштирган. Вазир бундай бинодан ҳостел сифатида фойдаланиш мутлақо мумкин эмаслиги, маҳаллий ҳокимлик ҳам, вафот этган талабалар ўқийдиган олийгоҳлар ҳам бундай ҳостел бўлганидан бехабар бўлганини айтган. Қозоғистон Олий таълим вазирлиги Олмаотадаги ҳеч бир олийгоҳ бу ҳостелда талабаларни жойлаштириш бўйича шартнома имзоламаганини маълум қилган.
Маҳаллий қонунчиликка кўра, давлат ташкилотлари кичик бизнес объектларини текшириш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳостел ноқонуний фаолият олиб борганининг сабабларидан бири сифатида қаралмоқда.
ФВВ вазири барча қурбонларнинг шахси аниқланиб, уларнинг оила аъзолари вазиятдан хабардор қилинганини айтган. Маҳаллий ҳокимлик қурбонларнинг оила аъзоларига 1 миллион тенге (2200 долларга яқин) компенсация тўлаб бериши маълум бўлди. Қозоғистон фуқароси бўлмаган, жумладан, икки нафар ўзбекистонлик оиласига бу пул берилмайди, аммо Қозоғистон томони уларнинг жасади оиласига етказиб берилишига ёрдам беради.
Аввал қурол омбори бўлган
Ёнғин содир бўлган уй яқинида яшайдиган олмаоталиклардан бири ҳодиса ҳақида видео эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда аввал нон дўкони бўлган ва дўкондор вафот этган. Кейин бинони қурол дўконига айлантиришган. Кўп ўтмай бу дўкондор ҳам вафот этган. «Қандайдир бебарака жой», деган видео муаллифи 13 кишининг жасади чиққан ҳостел ҳақида. Унинг айтишича, кўпчилик бу ерда ҳостел очилганини билмай ҳам қолган.
Ёнғин содир бўлган уйда икки йил яшаган яна бир олмаоталик Геннадий Захаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёниб кетган жой ўрнида ўз вақтида қурол дўкони бўлганини тасдиқлаган: «Аввал бу ерда қурол дўкони бўларди. Шаҳардаги машҳур қўриқлаш ташкилотларидан бирига тегишли. Ҳозир ҳостелга айлантирилган ертўла аввал қурол омбори бўлган», деб ёзган у.
Тармоқ фойдаланувчисининг қўшимча қилишича, ҳостел афтидан сентябрда талабалар келиши учун фавқулодда шошқалоқлик билан қурилган: «Ҳостелни шошмашошарлик билан қуришаётгани сезилганди. Ўтган йил кузда Олмаотада талабалар учун жой муаммо бўлганди. Афтидан, сентябрда талабалар келишига қурилишни тугатиб улгурмоқчи бўлишган. Талабалар турадиган барча жойлар обдон текширилади деб ўйлаган эдим, афсуски бундай эмас экан, одамлар ўлди», деб ёзади Фейсбук фойдаланувчиси.
Гувоҳларга кўра, ёнғин бошлангач, ичкаридагилар имкон қадар барча хонадагиларни уйғотишга ҳаракат қилган, лекин маст уйқудаги ёшлар уйғонолмай ичкарида қолиб кетган. Гувоҳлар айнан уйғониб ташқарига чиқмаганлар қурбон бўлганини тахмин қилган. Бошқа бир гувоҳ бинонинг авария чиқиш эшиги ёпиқ бўлгани, ичкаридагилар биринчи қаватдаги деразалардан бирини синдириб ташқарига чиққанини айтган.
Ёнғиндан қурбон бўлганлар оила аъзоларига Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва мамлакат бош вазири Алихан Смаилов ҳамдардлик билдирган.
Қозоқ нашрлари ҳостел ичкарисидаги ёнғиндан аввал олинган суратларни эълон қилди. Улардан кўринадики, жуда тор жойда ташкил қилинган ҳостелда каравотлар зич ва устма-уст жойлаштирилган. Бинонинг санитар ҳолати ҳам талаб даражасида бўлмаган. Бинони «Куса Халик» МЧЖдан «ALA HOSTEL» МЧЖ ижарага олган. 21 сентябрда имзоланган ижара шартномасида ер майдони савдо дўконига хизмат кўрсатиш учун олингани кўрсатилган.
Аммо 457 квадрат метр ҳудудда ҳостел ташкил қилинган. Ваҳоланки, дўконни ҳостелга айлантириш учун санитар, қурилиш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича талабларни бажариб, махсус рухсатнома олиш талаб қилинади. Олмаота ҳокимлиги ҳостел ноқонуний фаолият юритганини маълум қилган.
Ёнғин бўйича Қозоғистон жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши очилган. Ҳостел эгаси полиция томонидан қидирилмоқда.
Мавзуга оид
10:59
Яккасаройда кўп қаватли уй фасадида ёнғин содир бўлди
20:56 / 12.06.2026
Қозоғистондаги икки президентпараст партия сайлов олдидан бирлашди
18:28 / 12.06.2026
Қозоғистонда пора бериш нияти жиноятга тенглаштирилди
20:25 / 10.06.2026