Жамият | 10:00
765
2 дақиқада ўқилади

Далаларда ёнғинлар космосдан кузатилмоқда

Ўзбекистонда буғдойдан бўшаган ер майдонларини ноқонуний ёқиш ҳолатлари энди аэрокосмик кузатувлар орқали аниқланмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, жорий йил бошидан буён 172 нафар ҳуқуқбузарга 212,5 миллион сўм маъмурий жарима қўлланган.

Фото: Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasi

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда буғдойдан бўшаган ерларни ёқиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши кучайтирилган назорат олиб бормоқда.
Маълум қилинишича, ҳуқуқбузарликлар аэрокосмик маълумотлар асосида аниқланиб, улар юзасидан тезкор чоралар кўрилмоқда.

Буғдой ўриб олинган далаларда ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий бошқармалар томонидан 7 760 та фермер хўжалигига огоҳлантириш хатлари тарқатилган.

Назорат тадбирлари давомида «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан космик суратларни таҳлил қилиш орқали буғдойдан бўшаган 744 та ер майдонида ёнғин ҳолати қайд этилган. Ҳар бир ҳолат давлат экологик инспекторлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Натижада 172 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жами 212,5 миллион сўм маъмурий жарима қўлланган. Шунингдек, атроф-муҳитга етказилган зарар 652,3 миллион сўм миқдорида баҳоланган.

Бундан ташқари, анғиз, хазон, шох-шабба ва бошқа ўсимлик қолдиқлари ҳамда қурилиш чиқиндиларини ёқиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ўтказилган назоратлар давомида жорий йил бошидан буён 9 821 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фермер хўжаликлари ва аҳолидан буғдойдан бўшаган ер майдонларида сомонпояларни ёқмаслик, атроф-муҳитга зарар етказувчи бундай ҳолатларга йўл қўймасликни сўради.

Қўмита ҳар қандай экологик ҳуқуқбузарлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланишини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид