Ўзбекистон | 17:46 / 06.12.2023
5154
3 дақиқада ўқилади

Дубайдаги «Ўзбекистон» павилонида БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби билан учрашув ўтказилди

БААда ўтказилаётган COP-28 — Халқаро иқлим форуми доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ижрочи котиби Татяна Молчан хоним билан учрашди.

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги

Молчан хоним йигирма йиллик тажрибага эга бўлиб, Молдованинг БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади. 2023 йил июл ойида амалдаги лавозимга тайинланган.

«Ўзбекистон» павилонида бўлиб ўтган учрашув аввалида Азиз Абдуҳакимов Татяна Молчанни БМТ ЕИК ижрочи котиби этиб тайинлангани билан табриклади. 

«Европа иқтисодий комиссияси билан узоқ муддатли, стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги кунда бизда бир қатор таклиф ва йўналишлар мавжуд бўлиб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни истаймиз», деди у. 

Учрашувда вазир Ўзбекистонда атроф-муҳит самарадорлигини баҳолаш тизими муваффақиятли йўлга қўйилганини таъкидлади. Шу билан бирга, экологик муаммоларнинг трансчегаравий хусусияти ва Марказий Осиё давлатлари ҳар бири миллий ҳисобот тайёрлаётганини ҳисобга олиб, минтақавий ҳисобот ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳисобот Марказий Осиёнинг 5 та давлатини қамраб олиб, атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилишда хабардорликни ошириш, биргаликда қарорлар қабул қилиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Орхус конвенциясига тез орада аъзо бўлишини таъкидлади.

«Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 49-моддасида аҳолининг экологик ахборот олиш ҳуқуқи ўз аксини топган. Бу эса Орхус конвенциясига тўлиқ мос келади», деди вазир.

Қолаверса, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ҳар йили 200 миллионта дарахт ва бута кўчатлари экилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ЕИКнинг «3-30-300» концепцияси тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.

Маълумот учун, «3-30-300» концепцияси шаҳарларни кўкаламзорлаштиришни кўзда тутади. Унга кўра, аҳоли ўз уйидан камида 3 дарахтни кўриш имкониятига эга бўлиши, ҳар бир маҳалланинг 30 фоизи дарахтлар билан қопланиши ва 300 метр яқинликда сифатли умумий яшил майдон кўриниб туриши кўзда тутилган.

Учрашувда Ўзбекистонда 2028 йилгача ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш ва атмосфера ҳавосига метан чиқиндиларини камайтириш режалаштирилгани, 1000 гектардан ортиқ майдондаги 167 та чиқинди полигонлари ёпилиши ва қайта ишланиши, халқаро санитария талабларига жавоб берадиган янги полигонлар ташкил этилиши таъкидланди. Шунингдек, учрашувда қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва экотуризмни бошқариш соҳасида давлат хусусий шериклик тизимини интеграция қилиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Учрашув якунида ЕИК билан табиатни асраш ва қайта тиклаш борасида давомли ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Азиз Абдуҳакимов Татяна Молчан хонимни 2024 йил 12–17 феврал кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS COP-28) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши доирасида расмий тақдимот тадбирини ўтказишни таклиф қилди.

Мавзуга оид