COP28'да Ўзбекистоннинг экологик сиёсати ҳақида тақдимот ўтказилди
Ўзбекистон Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан ҳамкорликда Дубайда давом этаётган БМТнинг иқлим ўзгариши буйича конференциясида тақдимот ўтказиб, мамлакатнинг Париж келишуви бўйича мажбуриятини бажариши ва экологияни асраш бўйича кўрилаётган бошқа чоралар ҳақида ахборот берди.
8 декабр куни Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бош прокуратура вакиллари билан ҳамкорликда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши буйича конференцияси доирасида “Қонунчилик ва норматив-хуқуқий базани шакллантиришда яшил ўсиш тамойилларини тадбиқ этиш” мавзусида тақдимот ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тақдимот доирасида адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев томонидан Ўзбекистоннинг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси, ушбу конвенциянинг Париж битими ҳамда бошқа халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларини амалга оширилиши юзасидан маълумот берилди.
Қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини қабул қилишда уларни атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисида норматив-хуқуқий хужжатлар ҳамда яшил иқтисодиёт, яшил ўсиш, Оролбўйи минтақаси, экологик таълим каби йўналишларда 10 дан ортиқ концепция ва стратегияларнинг мазмун-моҳияти тадбир иштирокчилари эътиборига етказилди.
Маълумот ўрнида, сўнгги 4 йилликда қабул қилинган ҳужжатлар сони 6400 дан ошди, экология ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасида жами 397 та ҳужжат қабул қилиниб, умумий ҳужжатларга нисбатан улуш 6,25 фоизни ташкил этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган бўлиб, унда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва яшил трансформация жараёнларининг норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўналишларини белгилаш, иқтисодий чоралар ва воситалар ишлаб чиқиш, хусусан, иссиқхона газлари ташламаларини қисқартирганлик учун рағбатлантириш, энергия самарадорлигига қўйиладиган мажбурий талабларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш назарда тутилган.
Шунингдек, миллий қонунчилигимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга берилаётган имтиёзлар шу жумладан қуёш фотоэлектрик станциялари сотиб олиш харажатларига компенсациялар бериш, кредит бўйича олинган ускуналарнинг фоиз харажатларини давлат бюджетидан қоплаш, мол-мулк солиғи ва ер солиғи солишдан озод қилиш тартиблари очиб берилди.
Х.Мелиев ўз сўзида Ўзбекистонда бугун Конституция куни нишонланаётгани ва янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг экологияга оид бир қатор ҳуқуқлари акс эттирилганини таъкидлади.
Тадбир давомида Бош прокуратура томонидан экологик ҳуқуқ бузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширалаётган ишлар юзасидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
Шу билан бирга, тадбирда Корея Республикаси, Жанубий Африка, БАА ва бошка хорижий давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги вакиллари билан интерактив суҳбатлар ўтказилди.
Вазирлик делегацияси конференция доирасида Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Абдулазиз Аккулов билан ҳамкорликда бошқа бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
09:43 / 24.07.2024
Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда
18:02 / 11.07.2024