Ўзбекистон | 19:46 / 08.12.2023
13760
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида қор ёғмоқда

Довон йўлидан ўтувчи ҳайдовчилардан ҳушёр ва эҳтиёткор бўлиш сўралмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Қамчиқ довонида куннинг иккинчи ярмида бошланган қор давом этмоқда. 

«Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ахборот хизмати хабарида маълум қилинишича, А373 М39 автомобил йўлининг Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон ва Андижон орқали Ўш автомобил йўлининг Қамчиқ довонида ҳаво булутли бўлиб, баъзи ҳудудларида ёмғир, баъзи жойларида эса қор ёғмоқда.

«Йўлларда кўриш даражаси 900 метрни, шамол 3—7 метр/секундни, ҳаво ҳарорати –1 даражани ташкил этмоқда. Қор ёғиб турган пайтда довонда автотранспорт воситаларининг тўхтовсиз икки томонлама ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК томонидан йўл қопламасида сирпанчиқ бўлмаслиги учун  қум-туз аралашмаси сепиш ишлари амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айни пайтда довонда автотранспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланмоқда. 

«Қамчиқавтойўл» ИЙФУК барча ҳайдовчиларга об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда тезликни меъёрдан оширмасдан, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини ва барча хавфсизлик чораларини кўришларини тавсия қилади», дея қўшимча қилинган хабарда.

Мавзуга оид