Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори доктор Гретел Агуилар билан учрашди.

Учрашув «Ўзбекистон» павилёнида бўлиб ўтди. Вазир доктор Г. Агиларни бош директор лавозимига тайинлангани билан табриклади ва IUCN билан яқин ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма экологик лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирди.

Учрашувда бугунги кунда умумий қиймати 22 млн доллардан ортиқ бўлган қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш бошлангани, шундан 2 таси миллий ва биттаси ҳудудий лойиҳа экани таъкидланди. Лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерларни тиклаш, Ўзбекистоннинг қимматли ландшафтлари экотизимларини яхшилаш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, инсоний ва институционал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматига Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон бой биохилма-хиллик ва маданий меросга эга бўлгани сабабли дунёнинг жуда муҳим қисмидир. Шундай экан, бундай давлат билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф, - деди доктор Гретел Агилар. - Шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияда (CМС COP14) иштирок этишни интиқлик билан кутамиз. IUCN бутун дунё бўйлаб ҳайвонларни ҳимоя қилиш, хусусан, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларнинг Қизил рўйхати ва муҳофаза қилинадиган ҳудудларни сақлаш борасида жуда кўп ишларни амалга оширади. Энг муҳими, биз IUCN’нинг Ўзбекистондаги Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси очилиш кунини бу қувончли лаҳзаларни ўзбек халқи билан баҳам кўриш учун интиқлик билан кутмоқдамиз. Шу боис, ушбу тадбир биз учун жуда муҳим ва Ўзбекистон ҳукуматига бизни қўллаб-қувватлаб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорга айлангани учун чуқур миннатдорлик билдирамиз».

Бундан ташқари, учрашувда табиатни муҳофаза қилиш ва бошқариш режаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш, IUCN методологиясига мувофиқ янгиланган Ўзбекистоннинг янги Қизил китобини нашр этиш, ташкилот мутахассислари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, Бонндаги Атроф-муҳит ҳуқуқи маркази, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бошқарувни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Қолаверса, Марказий Осиёда биринчи IUCN ваколатхонасини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.