Ўзбекистон | 17:10 / 11.12.2023
9226
2 дақиқада ўқилади

“Чўлпон ишоралар тилида эмас, очиқ-ошкора ижод қилган” — Кристофер Форт

Жадидчилик мавзусидаги халқаро конференцияда Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига ўгирган америкалик таржимон Кристофер Форт ҳам қатнашяпти. Совет адабиётидан диссертация ёқлаган тадқиқотчи Ўзбекистонда бир неча йил яшаб, ўзбек тилини ўрганган. Kun.uz ундан айнан ўзбек тилида қисқача интервю олди.

“Совет даври ўзбек, умуман, иттифоқ таркибидаги бошқа халқлар адабиётида, хусусан жадидларда Эзоп тилидан фойдаланиш бўлган, деган фикрлар бор. Менимча, бундай эмас. Бир ёзувчи билан суҳбат-мақолада ҳам буни ўқидим, Эзоп тилидан фойдаланса ҳам, цензура қилувчи ҳукумат буни билиб қолишади, улар ҳам ақлли, дейилган. Менимча ҳам, улар Эзоп тилидан фойдаланмаган.

Масалан, Чўлпон етарлича очиқлик билан шўроларга қарши ёзган ва буни ҳамма билган. Айниқса, унинг “Бузилган ўлкага” шеъри бунга яққол мисол бўла олади. Унга қарши масхараомуз жавоб шеърлар ёзган шоирлар ҳам бўлган.

20-йиллар охиридаги репрессия даврида Чўлпон Москвага кетади. Лекин қайтиб келгач, барибир социализм қоидалари бўйича ёзмади, у очиқ-ойдин ёзар эди. Баъзи ёзганлари социализмга тўғри келарди, баъзилари йўқ.

Масалан, Қодирий ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. 1934 йилда нашр қилинган “Обид кетмон” асарида совет тизимини хушлаш ҳам бор. Лекин умуман, жадидларда миллий ғоя кучли эди. Кейинги давр жадидлари ҳам шу йўлдан боришди, уларнинг ғоялари ҳам жадидчиликни бошлаб берган маърифатпарварларникидан фарқ қилмас эди. Лекин репрессия даврида Айнийдан бошқа барча жадидлар қатағон қилинган”, – дейди америкалик тадқиқотчи.

Мавзуга оид