1-ҳикоя: Метро ўриндиғи учун “бир қўлидан ажралган” талаба

Бу воқеа 16 йил олдин бўлган. Дўстим билан ўқиш учун Тошкент вилоятидан шаҳарга қатнардик. Cобир Раҳимов бекатигача (ҳозирги Олмазор) таксида келиб, ундан кейин метрода кетардик. Cобир Раҳимовдан чиқсак, ўриндиқлар бўш бўларди, Чилонзор бекатидан эса жуда кўп киши чиқарди. Табиийки, ёши катта, ногирон ва ёш болали аёлларга жой беришга тўғри келарди. Хуллас, бир кун метрога чиқаётиб, шум фикр хаёлимдан ўтди. Бир қўлимни енгимдан бўшатиб, белимга, куртканинг орқасига яширдим. Курткамнинг бир енги қўли йўқ инсонларники каби осилиб қолди. Дўстим билан ўриндиққа ўтирдик. Вагонга аёллар, қариялар ҳам чиқа бошлади. Ўртоғим жой берди, мен эса “бир қўлим бўлмагани учун” ўтириб кетавердим.

Шунда бир рус аёл менга қараб, тезроқ туришимни, қўлида чақалоғи бор аёлга жой беришим кераклигини айтиб, танбеҳ бера кетди. Тўғриси, ўша аёлни кўрсам ўзим ҳам жой берардим, лекин менга кўринмаётганди. Шундай бўлса ҳам жой бериш учун ўрнимдан турган эдим, битта енгим қўлсиз одамларникидек ҳилпираб қолди. Буни кўрган ҳалиги рус аёл хижолат бўлиб қолди. Бошқа йўловчилар ҳам унга норози нигоҳ билан қарашди.

Шу билан манзилимизга келиб, вагондан тушдик. Шеригим билан метро туннелидан кетиб борар эканмиз, дўстим кулар, мен эса ҳамон бир енгимни осилтириб, қўлимни белим устига қўйиб кетардим. Бир маҳал қарасам, боя менга дағдаға қилган аёл олдимизда кетиб борар эди. Мен эса ана энди жавоб қайтаришнинг вақти келди, дедим-да, аёлга ён томондан яқинлашиб, "Боя бекорга менга дўқ қилдингиз", дедим. Аёл русчалаб "Кечирасиз, кечирасиз, мен сизнинг ногиронлигингизни кўрмадим, Худо ҳаққи кечиринг", деди. Мен эса "Сизга бир фокус кўрсатайми?" деб, жавобини ҳам кутмасдан курткамнинг енгидан қўлимни чиқардимда "Мана менинг қўлим", дедим. Аёл ўша жойида қотиб қолиб, ранглари оқариб кетди. Биз эса югуриб, олдинга ўтиб кетдик.

Ҳозир бир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлайман. Дўстим билан онда-сонда шу воқеани эслаб, кулиб турамиз. Талабалик шунақа шўхликлар билан ҳам ёдда қоларкан.

2-ҳикоя: Тозаланмаган уй учун қайноқ сувли жазо

Катта ҳовлида ижарада ёлғиз турардим. Бир куни ўртоқларимиз билан университетда гаплашиб турсак, бир бола ёнимга келиб, ижара пулини тўлолмагани учун ижарачиси кўчага ҳайдаганини айтиб, бир муддат мен билан туришга рухсат сўради. Уйни тез-тез тозалаб туриши ва саришта сақлаш шарти билан бирга туришга рози бўлдим. Иккимиз худди ака-укадек яшай бошладик. Бошида жуда ақлли кўринган ҳалиги бола вақт ўтиб, турли ҳунарлар кўрсата бошлади. Уй тозалашдан бош тортар, тозаликка риоя қилмас эди. Унга бир дарс бериб қўйгим келди.