Ўзбекистон | 12:22 / 11.02.2024
21259
5 дақиқада ўқилади

Пора бермасликни сўраб талабалардан тилхат олган домла, бекатга ёзилган “очлик хати” – “Талаба кундалиги”

Таниш-билиш аралаштирмаслик, пора бермасликка қасам ичиб, тилхат ёзиб берган, ҳоким кортежини далага келишга мажбур қилган талабалар бошдан кечирганларини “Талаба кундалиги”га ҳикоя қилиб беришди.

Фото: Kun.uz

1-ҳикоя. Бекатга ёзилган “очлик хати”

– Нукус давлат педагогига институтида таҳсил олганман. 2007 йил учинчи курслигимизда пахтани ягана қилишга Шуманай туманига жўнатишди. Эрталаб 6:00 дан далага чиқаришди. Нонушта ҳам беришмади. Ана олиб келишади, мана олиб келишади, деб соат 13:00 гача кутамиз ҳамки, ҳалигача овқатдан дарак йўқ. Кутдик, кутдик, очлик жонимиздан ўтиб кетди. Шунда хаёлимга бир фикр келди. Биз ишлаётган дала катта йўлнинг бўйида эди. Йўлнинг қарама-қаршисида бекат бор эди. Шу бекатга катта қилиб “БИЗ ОЧМИЗ (БИЗЛЕР АШПЫЗ)” деб ёзиб, далага қаратиб стрелка чизиб қўйдим. Орадан озроқ вақт ўтиб, дала ёнида машиналар йиғилиб кетди. Билсак, ўша пайтдаги туман ҳокими Р.Раззоқов кортежи йўлдан ўтаётиб ёзувни ўқиб қолган. Кейин тўхтаб, ҳаммани йиғиб, танбеҳ берган. Воқеадан бироз ўтиб ҳамманинг қорнини тўйдиришган эди. Лекин бекатга ким ёзганини аниқлашолмаган. Хусусан, мендан умуман шубҳа қилишмаган. Чунки мен ўзбек гуруҳида ўқирдим. Ёзув эса қорақалпоқ тилида эди.

2-ҳикоя. Орзусини қурбон қилган талаба

– Андижон давлат тиббиёт институтининг тўртинчи курсида ўқирдим. Нейрохирургия фанини яхши ўқиганим, рус тилини яхши билганим учун домламиз менга илмий иш қилиб, шу кафедрада қолишни таклиф қилиб қолди. Рости, жуда қувондим. Ахир бу 30 йил олдин ҳам ҳазилакам таклиф эмас эди-да. Буни ота-онамга ҳам дарҳол айтдим. Улар ҳам қувонишди. Таклифни жон деб қабул қилдим. Фанга бўлган қизиқишим кундан кунга ортиб борар эди. Илмий иш қилиш, фанга янгилик киритиш, шу билан беморлар жонига оро киришга астойдил ҳаракат қилар эдим. Хуллас, орзуларим осмон қадар эди. Шу фан дарслари тугаш арафасида ҳалиги домла мени ёнига чақириб, гап бошлаб қолди. “Агар институтни тугатгунча ва ундан кейин ҳам кафедрада илм билан шуғулланишга қизиқишинг бўлса, кафедра мудири билан гаплашиб, сени олиб қолишга ҳаракат қиламан. Фақат мудирга шогирд тушишнинг тўлови бор”, деди. Буни эшитгач, тарвузим қўлтиғимдан тушиб кетди, илмий иш қилишга бўлган қизиқишим умуман сўнди. Шу воқеа сабаб илмий иш қилиш фикридан қайтдим, институтни тугатгандан сўнг фақат бошқарув тизимида ишладим. Кейин билсам кафедра мудири умуман моддий манфаатдорлик ҳақида ўйламайдиган, ҳалол-пок инсон бўлган-у, пул сўраш нейрохирургия фани домласининг шахсий ташаббуси бўлган экан.

Бу билан талабаларга орзуларингиз учун курашинг, ҳаётингизга адолатсизликлар кўп бўлади, лекин таслим бўлманг, демоқчиман. Мен ҳам ўшанда домлани яхшироқ суриштирганимда, орзуларимдан воз кечмаганимда бугун кўпларнинг соғайишига сабаб бўлишим мумкин эди.

3-ҳикоя. Таниш-билиш аралаштирмасликка қасам ичтирган домла

– 2006-2010 йилларда Фарғона давлат университети филология факултетида ўқиганман. Олий математикадан бир домла дарсга кирар эди. Бу фан биз филологлар учун жуда қийин бўлгани учун шу домланинг фанидан яхши баҳо олишга қийналар эдик. Устига-устак, домла бировдан бир сўм олмайдиган, таниш-билиш аралаштирганларни ўлгудай ёмон кўрар эди. Бахтга қарши, фаннинг ўзи жуда қийин, уни ўзлаштиришга жуда қийналганмиз. Домланинг пул олмаслигини билганлар, "танк" аралаштириш йўлига ўтган. Бу домлага жуда ёмон таъсир қилган, ўзини виждонига хиёнат қилгандек ҳис этган. Кейинги семестрда эса у биздан яхшигина ўчини олган. 110 талабанинг ҳаммасидан тахминан шундай мазмунда тилхат ёздириб олган. "Мен ... шу семестрда ... домланинг олдига ялиниб борсам, пул берсам ёки таниш-билишни ўртага қўйиб, семестрни ёпишга уринсам, Аллоҳ жазоимни берсин".

Лекин дунё тескари айланиб, семестр ёпиш вақти келганда домланинг мазаси қочиб ётиб қолди. Баҳоларимизни деканат тўғрилаб берган.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид