1-ҳикоя: “Сохта сертификат”ни қабул қилган Yale университети
2023 йил университетни битирдим. Ўқиш давомида баҳоларимнинг 90 фоизга яқини аъло бўлгани учун турли хил халқаро танловларда қатнашиб юрардим. Учинчи босқични тугатаётганимда номдор стипендиялардан бирига ҳужжат топширмоқчи бўлдим. Илмий раҳбарим керакли ҳужжатлар рўйхатини берди. Уларни тайёрлаб топширдим. Шу орада проректор ёнига чақириб, стипендия олишни истасам, маълум бир тўловни қилишим кераклигини айтди. Табиийки, мен рози бўлмадим. Чунки ютуқларим, муваффақиятларим бошқа номзодлар билан беллаша олишига ишонгандим.
Қолаверса, менда IELTS сертификати ҳам бор, қатнашаётганларнинг кўпида эса бу йўқ эди. Бир куни мени чақириб, тил сертификатим сохта бўлиб чиққанини айтишди. Тўғриси, жуда ҳайратга тушдим. Ахир уни неча йиллаб тайёрланиб қўлга киритганман, қандай сохта бўлсин?! Ташкилотчилар билан тортишмадим, жим кетдим. Фақат илмий раҳбаримнинг менга бўлган ишончи йўқолди, диплом ишимни ҳам жуда узоқ вақт кўриб беришни истамай, ортга суриб юрди. Шундан кейин бир нечта хорижий давлатларга магистратура учун ҳужжат топширдим. 4 та университет грант ажратадиган бўлди. Ҳеч бири менга сертификатинг сохта демади. Ҳозир ўша “сохта” сертификат билан АҚШнинг Yale университетида ўқияпман, бу ердаги расмларимдан менга ишонмаган илмий раҳбаримга ҳам орада жўнатиб тураман.
2-ҳикоя. Чекишга мажбурланган талабалар
Мен ҳарбий хизматдан кейин ўқишга 5-6 йил кечроқ кирдим ва худди мен каби ҳарбий хизматни ўтаган йигит билан курсдош бўлдим. 2-курсдан дўстим ётоқхонада назоратчи бўлди, мен эса унга унга ёрдамчи бўлдим. У пайтларда ётоқхона коридорларида камералар йўқ эди. Барча масалалар Талабалар кенгаши раислигида ҳал қилинарди. Ётоқхонада худди казармадагидек тизим йўлга қўйилганди. Тартиб жуда қаттиқ. Бир куни дарс пайти ётоқхонада назоратчи бўлган дўстим хонага шошилиб кирди-да, кимда 1 дона сигарет топилади, деб сўраб қолди. Бутун хона жимиб қолди. Лекин курсдошларимизнинг кўпи чекарди. Сигаретни дўстимдан бир домла сўраган экан. Чунки дўстим чекмасди.
Кечқурун сигарет сўралганда жим қолган болалар жами 15 киши Маънавият хонасида тўпланди. Ўртага 6 қути сигарет қўйилиб, шу чекиб тугатилмаса, хонадан чиқиш тақиқланди ва ҳатто кириш эшикларига одам қўйилди. Чекувчи болаларга бу гап ёқиб тушди. Чекиш бошланди. Хона тутунга тўлган, чекмайдиганлар кийимини ечиб, бурнини ёпиб олганди. Шунча чекилса ҳам сигаретнинг охири кўринавермагач, баъзилар 2-3 тадан чекишни бошлади. Хуллас, қутилар тугатилгач, болаларга хонадан чиқишига рухсат берилди. Эшиклар очилганда коридор бўйлаб қайт қилишга югураётган болалар кўзга ташланарди. Ўшандан кейин кўп курсдошларимиз чекмайдиган, лекин шундай бўлса ҳам ёнида бузилмаган 1 қути сигарет билан олиб юрадиган бўлганди.
















