Иқтисодиёт | 18:32 / 18.12.2023
22837
2 дақиқада ўқилади

Тошкентни вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан авиарейс қўйилади

Бундан ташқари, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилиши маълум қилинди. Транспорт вазирлиги яна камида 1200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариши керак. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари икки баробарга оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабр куни ўтказган йиғилишда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда транспорт хизматларининг ярми автотранспортга тўғри келади. Бу йил 1,5 мингга яқин автобус олиб келинган бўлса-да, ўсиш 5,5 фоиздан ошмаган. Транспорт вазирлигига яна камида 1 минг 200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариш топширилди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари 2 баробар оширилади.

Авиахизматлар бозорида 6 та хусусий компания иш бошлаб, рақобат пайдо бўлгани айтилди. Йил бошидан 25 та янги самолёт олиб келиниб, 17 та йўналиш очилган.

Шунга қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган, холос. Транспорт вазирлиги олдига келгуси йилда авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилади, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилади, камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очилади, дейилади расмий хабарда.

Йиғилишда, шунингдек, темирйўл тарифлари қайта кўриб чиқилгани, кераксиз имтиёзлар бекор қилингани айтилди. Шунингдек, 6 та тезюрар ҳамда шаҳарлараро қатнайдиган 30 та электр поезд олиб келинмоқда.

Бу соҳада келгуси йилда камида 20 фоиз ўсишни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Президент халқаро ташувларда маҳаллий транспорт-экспедитор корхоналар улуши камлигини қайд этди.

Маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хизматидан фойдаланилганда, импорт товарларига божхона божи ҳисоблашда транспорт харажатини чегириш, халқаро ташишларда маҳаллий экспедиторлар хизматига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз бериш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид