Ўзбекистон | 08:01 / 21.12.2023
7141
3 дақиқада ўқилади

БМТ Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюцияни қабул қилди

БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг экологик таҳдидлари тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.

«Дунё» хабарига кўра, резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Ню-Йоркдаги қароргоҳида жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Франция, Буюк Британия, Германия, Канада, Австралия, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Бразилия, Мексика каби юздан ортиқ давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этди. Улар, шунингдек, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритди.

Ҳужжат матнида Ўзбекистон президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган. Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини ҳам олқишлади.

Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилиб, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ташкил этилган  БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Шу боис, халқаро ҳамжамиятга ушбу жамғармани фаол қўллаб-қувватлашни давом эттириш тўғрисида мурожаат йўлланган.

Ҳужжатда чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашда инновацион усуллар ва янги технологияларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилган. 

Резолюцияда Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши курашиш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, «ақлли шаҳарлар» ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Бош ассамблея, шунингдек, БМТ тизими, халқаро ва молиявий институтлар, хусусий сектор, инвесторлар ва донорларга Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ресурсларни сафарбар этиш, салоҳиятни ошириш ва ёрдам кўрсатишни давом эттиришни тавсия қилди.

Резолюцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташаббуслари ҳам баён этилган.

Ҳужжат барча Марказий Осиё давлатлари номидан тақдим этилди.

Резолюция ҳаммуаллифлари қаторига Германия, Швейцария, Туркия, Хитой, Сингапур, Венгрия, Вьетнам, Озарбойжон, Арманистон, Малайзия, Индонезия, Миср, Иордания, Парагвай (БМТнинг барча минтақавий гуруҳлари вакилларини қамраб олган) каби давлатлар ҳам кирди.

Мавзуга оид