11:58 / 21.12.2023
2650

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мудофаа соҳасидаги алоқаларни ривожлантирмоқчи

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси Ҳиндистонда амалий сафар билан бўлди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси Ҳиндистон Қуруқликдаги қўшинларининг Мадҳья-Прадеш штатида жойлашган Пиёдалар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.

"Дунё" хабарига кўра, мазкур мактаб бошлиғи генерал-лейтенант Гажендра Жоши билан мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари, жумладан, Мудофаа вазирликларининг ўзаро ҳамкорлик даражаси юқори баҳоланди. Ҳар йили биргаликда ўтказилаётган "Дўстлик" ҳарбий машғулотлари, қўшма ишчи гуруҳлари учрашувлари ва бошқа тадбирлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Гажендра Жоши Ҳиндистон Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у Мудофаа вазирликлари ўртасидаги келишувга биноан мунтазам ўзаро ташрифлар, тренинг ва тажриба алмашиш машғулотларини амалга ошириш муҳимлигини урғулади.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давомида ўзаро манфаатли қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Top