4 ойга ёпилган «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатлари қачондан очилиши аниқ эмас
Юнусобод йўналишининг икки метро бекати профилактик ишлар сабаб август ойида 4 ойга ёпилганди. Бу йўналишдаги поездлар ҳаракати 26 декабрда йўлга қўйилиши керак. Бироқ Kun.uz’га маълум қилинишича, ҳозирда текшириш ишларининг сўнгги босқичи кетмоқда, бекатларнинг айтилган санада очилиши номаълум.
Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатлари 26 август куни 4 ой муддатга режали профилактик ишлар учун ёпилганди. Бунга сабаб қилиб ер ости метро туннеллари ва бекатлари маълум муддат эксплуатация қилинганидан сўнг режали профилактика ишлари учун ёпилиши лозимлиги кўрсатилганди.
Тўрт ойлик муддат тугашига 4 кун қолганда Kun.uz мухбири ҳозирда бу бекатлардаги ишлар қайси босқичдалиги ва қачондан тугатилиб, йўналишда поездлар ҳаракатланиши юзасидан «Тошкент метрополитени» матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев билан боғланди.
Унинг айтишича, режали профилактик ишлар сўнгги босқичга етган.
«Ҳозирда бу ишлар сўнгги босқичга етган, ҳар битта йўналиши бўйича ишлар якунланиши билан бекатлар йўлга қўйилади.
Бу ерда асосий кўзланган мақсад ишларни шошмашошарлик билан бажариш эмас. Ишлар[профилактик] хизмат кўрсатишда белгиланган нормалар бўйича хавфсиз бўлиши[муҳим].
Шунинг учун бунда[метро бекатларининг қачон очилиши бўйича] қайсидир аниқ вақтни айтиб бўлмайди, лекин ишларнинг сўнгги босқичи амалга ошириляпти»,– дейди Тўйчи Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, бекатлар ёпилгач, «Туркистон-Юнусобод–Шаҳристон» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилганди. Уларнинг кунлик иш вақти тонги 06:00 дан тунги 00:00 га қадар деб белгиланганди.
«Шаҳристон» ва «Минг Ўрик» бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати одатидагидек давом этган.
Мавзуга оид
20:09 / 07.01.2024
Тошкентда метро поезди техник носозлик сабабли тўхтаб қолди
19:24 / 05.01.2024
Сенатда ерусти метроси эскалаторлари ишдан чиққани танқид қилинди
10:47 / 02.01.2024
Мегатирбандлик, мингта автобус ва қулаб тушган йўл ўтказгич – 2023 йилда транспорт соҳасида нималар юз берди?
14:30 / 28.12.2023