Жаҳон | 08:40 / 27.12.2023
3439
2 дақиқада ўқилади

Туркияда парламент комиссияси Швециянинг НАТОга қабул қилинишини маъқуллади

Туркиянинг Швециянинг НАТОга аъзолик аризасини маъқуллаши йўлидаги навбатдаги қадам бу масала бўйича Туркия парламенти Бош ассамблеяси томонидан овоз бериш бўлади.

Фото: Gabriel Bouys/AFP

Туркия парламентининг ташқи ишлар комиссияси 26 декабр, сешанба куни Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини маъқуллади.

Кейинги қадам Туркия парламенти Бош ассамблеяси томонидан ушбу масала бўйича овоз бериш бўлиши керак. Reuters хабарига кўра, тегишли қонун лойиҳаси аллақачон унга кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Айни пайтда, Туркия парламенти ташқи ишлар комиссияси раҳбари Фуат Ўқтой, Туркия парламенти Бош ассамблеяси томонидан Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси бўйича тезкор овоз беришини кутмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Бу овоз бериш санасини Бош ассамблея раиси белгилаши керак, деди у журналистлар билан суҳбатда. 

Швеция ва Финландиянинг НАТОга йўли 

Швеция ва Финландия 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Финландия расман 2023 йил 4 апрелда Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлди. Швециянинг НАТОга қабул қилиниши ҳали Туркия ва Венгрия томонидан тасдиқланмаган. 

Аввалига Анқара Швецияни «террорчиларни қўллаб-қувватлашда» айблаб, Стокҳолм аризасини маъқуллашдан бош тортди. Туркия, хусусан, Швецияда яшовчи курд фаолларини «террорчи» деб билади ва Стокҳолмдан уларга нисбатан қатъийроқ сиёсатда бўлишни талаб қилмоқда.

Октябр ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швеция аризасини Буюк миллат мажлисига (Туркия парламенти) кўриб чиқиш учун тақдим этиб, ушбу ҳужжатни имзолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид