Ўзбекистон | 21:13 / 28.12.2023
14119
5 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ўзбекистонлик экспертлар 2024 йилда қандай ўзгаришларни кутмоқда?

Фаол ўзбекистонликлардан 2023 йилда Ўзбекистонда содир бўлган ўзгаришлар, янги йил учун кутилмалари ҳақида сўралди. Асосий ўзгаришлар: янгиланган Конституция, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги. Асосий кутилма — коррупцияга қарши кураш.

Фото: Юксалиш ҳаракати

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти, бизнес, ОАВ вакиллари ва экспертларнинг 2023 йилда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳамда 2024 йилда яна нималар ўзгаришини кутаётгани ҳақидаги фикрини билиш мақсадида сўров ўтказди. Асосий кутилмалар – коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ.

Сўровда жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва академик ҳамжамиятнинг 260 нафар вакиллари иштирок этди. Улар орасида Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, ЎзА Бош директори биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев, сиёсатшунос-экспертлар Камолиддин Роббимов, Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, депутат Дониёр Ғаниев, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Қуролова, гендер масалалари бўйича эксперт Камола Алиева, журналист ва блогерлар Муҳрим Аъзамхўжаев, Қобил Хидиров, Ёрқин Содиқов, Азиз Қаршиев, ННТ раҳбарлари Ойбек Исоқов, Наталя Свиридова ва бошқалар бор.

Респондентларга ҳар бир тақдим этилган саволлар жавобларини 3 тагача танлаш, шунингдек, бошқа, яъни ўз таклифини киритиш имкони берилди.

Сўров натижаларига кўра, мамлакатда якунланаётган йилнинг асосий ўзгаришлари қуйидагилар:

  • Референдум ўтказилиб, Конституция янги таҳрирда қабул қилингани – 70,3 фоиз;
  • Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун кучга киргани – 59,7 фоиз;
  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани – 45,9 фоиз.

Шунингдек, экспертлар жорий йилда Ўзбекистонда энергетика тизимини яхшилаш, хусусан, йирик қувватдаги қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилгани (36,2 фоиз), уюшган жиноятчиликка қатъий курашиш, «кўча» жиноий гуруҳларидан тозаланаётгани (33,2 фоиз), Давлат байроғи мақоми оширилиши, байроқдан кенг фойдаланиш имконияти яратилгани (32,1 фоиз)ни эътироф этган. 

Айрим респондентлар қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиши, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси делимитацияси ва икки давлат фуқароларининг чегарадан ID-карта орқали ўтиш имконияти яратилгани ҳамда маъмурий ислоҳотлар – ҳукуматга бўйсунувчи давлат бошқарув органлари сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши аввалги йиллардаги таклифларнинг ижобий натижаси деб ҳисоблаган.

«2024 йилда қандай ислоҳотларни кутяпсиз?»

Бу саволга респондентларнинг 63,3 фоизи «Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча бўғинларда “тозаловлар” ўтказиш» деган жавобни танлаган.

Сўров иштирокчиларининг 61 фоизи электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга батамом барҳам бериш, 47,2 фоизи таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва замонавийлаштириш керак, деган фикрда.

Энг кўп танланган жавоблар орасида озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, инфляциянинг олдини олиш ҳам бор (45,3 фоиз).

Сўров иштирокчилари, шунингдек, бўлажак ислоҳотлар учун стратегик режалаштиришни йўлга қўйишни, сиёсий партиялар фаолияти учун рақобатбардош сиёсий муҳит шакллантиришни, коррупцияга барҳам бериш учун ҳокимлар, тиббиёт муассасаларининг бош шифокорлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари директорларини ҳар икки йилда бир ротация қилиш зарур, деган фикрларни қолдиришган.

Таъкидлаш ўринлики, аввалги сўровда ҳам экспертлар 2023 йилда энг аввал коррупцияга қарши аниқ ва амалий чоралар билан курашиш керак, деб ҳисоблаганди (респондентларнинг 49,7 фоизи шу жавобни танлаган). Йил давомида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди. Коррупциявий айбловлар билан бир нечта жиноий гуруҳлар, мансабдорлар жазога тортилмоқда.

Жорий йилда мамлакат Open Data Inventory рейтингида 30-ўринга кўтарилди. 2030 йилга қадар Transparency International индексида ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсади қўйилган.

Аксарият респондентлар 2024 йилда экологик муаммоларни бартараф этишда туб бурилиш ясаш, ошкора ва адолатли парламент сайловларини ўтказиш масалаларига эътибор қаратилишига урғу беришган.

«Таъкидлаш лозимки, экспертлар сўнгги пайтлардаги рус сиёсатчиларининг агрессив чиқишлари фонида “Армия қудратини ошириш”ни ҳам 2024 йил учун устувор вазифалардан бири сифатида белгилади», дейилади «Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид